Асанов Эльдар,

ЎзМУ тадқиқотчиси

Ушбу сатрлар муаллифи томонидан ярим йилдан буён янги ўзбек тили лойиҳаси устида бош қотирилмоқда. Гарчи у ҳали тугал ёзма қиёфа касб этмай, хаёлдаги ишланмалар босқичида қолиб келаётган бўлса-да, тўпланаётган материал лойиҳага реал чизгилар беришга замин ҳозирламоқда. Тан олиш керак, бугунги кунда унинг ҳатто бирламчи скелетини тиклашга етарли даражада иш олиб борилмади. Шунга қарамай, янги ўзбек тилининг ёлғиз киши ташаббуси бўлиб қолмаслиги, муайян ижтимоий моҳият ва илмий миқёс касб этиши мақсадида соҳага қизиқувчиларни қўлда мавжуд қилинмалар билан таништириш, бефарқ бўлмаган инсонларнинг фикрини йиғиш ва ўрганиш, шунинг асосида қарашларга зарурий ўзгариш ва қўшимчалар киритиш истиқболини ақлга тукканча ихчам назарий тавсиф яратишга жазм қилинди. Мазкур мақола шу ниятда ёзилмоқда.

Пастда тизимли равишда лойиҳага таъриф бериб, ўқувчиларда бир қадар тасаввур уйғотишга ҳаракат қилинади.

Назарий кириш. Тиллар уларни ташувчи халқларнинг бош бойлиги эканлиги ва маълум маънода маънавият дунёсига туйнук бўлиб хизмат қилиши “теша теккан” ҳақиқатдир. У аниқ ижтимоий ва маиший вазифаларни бажариши ҳам барчага яхши маълум.

Тил бир нечта сатҳларда мавжуд бўладиган борлиқ. Аввало оғзаки тил кишилар ҳаётида бирламчи аҳамият касб этади. Ёзма тил эса конкрет маданий-маънавий, маиший, ижтимоий-сиёсий ва ҳатто иқтисодий масалалар ечимига хизмат қилувчи қурилма сифатида юзага келади. Ахборотни лисоний канал орқали узатиш учун юзма-юз бўлиш талаб этилади. Хабар алмашувчилар узоқдалигида эса лингвистик кодга ёзма тус берилиши ва шу тариқа зарурий дарак тегишли манзилга етказилиши мумкин. Бундан ташқари, ёзма тил маънавий меросни авлоддан авлодга ўтказишнинг қулай воситасидир.

Шундай экан, ёзма тил кишилик маданиятида муҳим ўрин тутувчи кашфиётлиги шубҳасиз. У ўз вазифасини адо эта билиши учун мукаммал структурага эга бўлиши, доимий ривожлантириб борилиши зарур.

Бир нарсани унутмаслик керак, ёзма тил моҳиятан сунъий тилдир. Яъни, унинг яратилиш принциплари биз “сунъий” деб ҳисоблайдиган эсперантонинг қурилиш принципларидан амалда фарқланмайди. Адабий тиллар ва конланглар (“лойиҳавий” тиллар) бошқа-бошқа мақсадга йўналтирилганлигига кўрагина фарқланиб туради. Айрим ҳолларда сунъий равишда ўнғайланган ёки, ўзгача ёндашувда айтганда, “қайта тикланган” тилларга “жон кириб”, кўп миллионли сўзлашувчиларига соҳиб бўлгани ўтмиш ўрнакларида кўринади. Замонавий чех ва яҳудий тиллари шулар жумласидандир.

Констатациядан кўзланган ният нима? Баъзан “она тили”га бўлган муҳаббат мудҳиш даражадаги онгсизликка етиб боради. Ёзувдаги ҳар қандай ўзгаришларга қаттиқ қаршилик кўрсатиш, унинг имловий қоидалари бузилишидан норозилик, лаҳжа ва шевалардаги сўзшакллар ва оборотларни “нотўғри” деб, соф адабий тилда сўзлашишни талаб қилиш сингари.

Ёзма тил моҳиятан сунъий конструкт экан, нега уни мунтазам равишда ўзгартириб, замона талабига мослаштириб бориш керак эмас? Бир замонлар тушунарсиз шароитларда киритилган қоидаларни, агар улар тилнинг ривожланишига тўсқинлик қилаётган бўлса, сақлаб қолиш-чи? Мисол келтирайлик.

Ўтган асрнинг 30-йилларида замонавий ўзбек тили яратилиши жараёнида русизмлар ва европеизмларни русча фонетика доирасида талаффуз қилиш ҳақида тор доирада қарор қабул қилинди. Энг ғалати талаблардан бири урғу категориясига қўйилди. Сўз охирига тушадиган урғудан ортиғини билмайдиган бечора ўзбек тили шунга қараб ўзлашма сўзларнинг туркумини аниқлашга маҳкум қилинди. Эмишки, академик сўзи акадЕмик деб айтилса, от, академИк дея талаффуз қилинганда эса сифат туркумига мансуб. Бу радио ва даврий матбуот орқали зўр бериб тарғиб қилинди[1]. Энди ўзбек тиллилар талаффуз аппаратини қийнаб, ўзлашмаларни русча фонетика доирасида айтиш зўрида қолган. Буни эплолмаганларга “маданиятсиз”, “тил билмайдиган” таъналари ёғдирилади. Энг қизиғи, қоидаларни ўзгартиришга ҳаракат қилувчилардан кўра уларни “тўғри” деб бонг ураётган, ушбуларга риоя этишни ульматив оҳангда таклиф қилаётганларнинг овози баландроқ эшитилмоқда. Ваҳоланки, ўзлашма сўзлар урғу тизими ва фонетикани синдириши тил учун жорий шубҳали “тўғри” қоидалардан кўра долзарброқ йўқотишдир.

Биз бундай бир ёқламаликдан, муросасизликдан воз кечиб, ёзма тилни халқчил, тушунарли, қулай алоқа қуролига айлантиришда собитликка чақирамиз. Тил меъёрлари аниқ бир замонда аниқ шахслар томонидан ишлаб чиқилгани ва бу жараёнда маълум хатоликларга йўл қўйилганини тан олишга чақирамиз.

Тарихча. Ўтган юз йилликнинг биринчи чорагида, замонавий ўзбек тилини ишлаб чиқиш борасида баҳслар олиб борилаётган паллада тилшунослар олдида турган асосий масалалар қуйидагилар эди:

– қайси алифбо тизими асосида ёзув яратиш;

– уч лаҳжадан қай бирини таянч диалектга айлантириш.

Одатда олиб борилган мубоҳасаларнинг бош иштирокчилари таркибида Фитрат ва Садриддин Айний тилга олинади. Бироқ жараёнда рус тилшунослари Юдахин, Боровков, Поливанов фаол қатнашгани ишлаб чиқилган меъёрларга ўз таъсирини ўтказмай қолмаган.

1929 йили Самарқанд тил ва имло Конференциясида қипчоқ лаҳжасига таянган адабий тил ишлаб чиқиш ҳақида қарор қилинди. Анжуман якунида, хусусан, чет тиллардан кирган сўзларнинг ҳаммаси “ўзбек тилининг темир қонунига” (сингармонизмга) бўйсунганча ёзилиши қайд этиб ўтилди[2].

Кейинчалик бу конференция хулосалари “нотўғри” бўлгани ва “ўзини оқламагани” иддао қилинди. Шундан сўнг адабий нормалар йирик шаҳарлар шеваси асосида қайта кўриб чиқилгани, фонетик негиз бўлиб Тошкент диалекти, лексик негиз бўлиб эса Фарғона шевалари хизмат қилгани айтилса-да, аслида чиғатой тилига таянилганини, яъни тилни архаиклаштиришга ҳаракат қилинганини пайқаш қийин эмас.

“Замонавий ўзбек тили” деб аталган бу яратиқнинг алибфо тизими ва орфография қоидалари ишлаб чиқилишининг ўзига хос тарихи бор. 1921 йил январида Тошкентда тўпланган I чақириқ ўлка съездида Фитрат, Ашурали Зоҳирий ва Боту томонидан араб хатини ўзбек сўзлашув тилига мослаштириш, ўзбек тилида учрамайдиган товушларни ифодаловчи ҳарфларни истеъмолдан чиқариш, араб ҳарфларининг тўрт ёзилиш вариантларидан биринчисини қолдириш ташаббуси илгари сурилди. 1923 йил 3-9 октябрь кунлари кечган Бухоро Орфография конференциясида бу таклифлар маълум қўшимчалар билан қабул қилинди. Араб хатидан лотин тизимига ўтилиши туфайли бу ўзгаришлар долзарблигини йўқотди.

Янги алифбонинг шубҳасиз ютуқли томонларидан бири у сингармонизмни акс эттиришга мослаштирилгани бўлди. Бироқ ўзбек тилшунослари араб хатининг таъсиридан тамомила халос бўла олмади. Буни қуйидагиларда кўрамиз:

– ўзбек тилида талаффуз қилинмайдиган, фақат арабча ўзлашмаларда тарихий ёзув тартибида учрайдиган тутуқ белгиси (апостроф) сақлаб қолинди;

– арабча ва форсча сўзларда сақланиб, ёзувдагина акс этадиган, сўзлашувда фарқланмайдиган h ва x ҳарфлари бирдай истеъмолга киритилди.

Бу ҳарфлар ва апостроф 1940 йилнинг 8 майида Ўзбекистон ССР Олий Кенгаши сессиясида қабул қилинган кирилл алифбоси асосидаги ёзувга ҳам ўзгаришларсиз кўчирилди[3]. Ёзувда сингармонизмдан воз кечилиши эса олдинроқ – 1934 йил январида Самарқандда ўтказилган тил ва орфография масалалари бўйича Республика съездида содир бўлди.

Тил ишланмалари 40-50-йилларда давом этди. Хусусан, 1956 йили апостроф ўрнига ъ ҳарфи киритилди. 70-йилларда ёзувдаги камчиликларга эътибор қилинди (j спиранти ва ĵ аффрикатасининг битта ҳарф, ŋ аппроксимантининг нг диграфида ифодаланиши, ўзбек тилида ўрни бўлмаган йоталашган ё, ю, я ҳарфларининг қўлланилиши ва ҳ.к.), аммо уларни бартараф қилиш йўлида ҳеч қандай чоралар кўрилмади.

90-йилларда жорий қилинган лотин графикасига асосланган алифбо эса бу камчиликларни четлаб ўтишга йўналтирилмай, амалда кирилл алифбосининг тўғридан-тўғри транслитерацияси бўлди.

Амалий қиймат. Биз таклиф қилаётган лойиҳа нафақат алфавитга, имлога, балки талаффуз қоидаларига ҳам жиддий янгиликлар киритишни кўзда тутади. Янги ўзбек тилини тузишда қуйидаги икки принципдан бирига таянилиши мақсадга мувофиқ:

– сўзларнинг ҳарфий ифодасини жонли тил талаффузига максимал даражада яқинлаштириш;

– сўзларининг аниқ ёзилиш тартибини белгилаб, талаффузини эркинлаштириш.

Ўзбек тилининг барча жонли шевалари адабий тилга замин бўлиб хизмат қилиши даркор. Лаҳжа ва шевалар тилнинг асл бойлиги бўлиб, ривожланиш тарихини ва халқ закосини акс эттиради. Оммавий ахборот воситаларининг кундалик турмушимизга шиддат-ла кириб келиши ҳамда умумий ўрта таълим тизимининг мавжудлиги бу бойликнинг секин-аста йўқолиб боришига, шеваларнинг унутилишига ва истеъмолдан чиқишига олиб келади. Адабий анъана тилни бетонлаш, уни ўзгаришлардан четда сақлаш, диалектларни унификация қилиш ва сиқиб чиқариш табиатини намоён этади. Бу бойликни асраб қолишнинг ягона йўли диалектология материалларидан адабий тилда кенг фойдаланишдир. Диалектология кучсизлик қилган чоғда эса ёрдамга ўрта аср ёзма ёдгорликлари, байналмилал анъана ва ички сўз ясаш имкониятлари келади.

Мана шундагина адабий тил сўзлашув талаффузи ва лексикасига максимал даражада яқин, етарли даражада оптиммалаштирилган (қулайлаштирилган ва ихчамлаштирилган), барча шеваларга бирдай яқин, консерватизмдан ҳоли, мунтазам ўзгариш ва ривожланишга мойил пластик структурага айланади. Бундан ташқари, тилни ислоҳ қилишнинг амалий аҳамиятини қуйидагилар ташкил қилади:

– адабий норма сўзлашув тилига яқин бўлиб, унинг бор имкониятларини кўрсатиб беради, сўзлашув тилидан озуқа олиб туради, уни ўзлаштириш осон бўлади;

– тил сунъий архаиклаштирилгани боис чиғатой тилига алоҳида ёзма идиом деб қаралмайди. Ўрта асрлар адабий тили билан замонавий меъёрларнинг аниқ чегараси белгилаб берилса, унинг замонавий ўзбекчадан ташқарида, махсус ўрганилишига замин ҳозирланади;

– ўзбек адабий тили минтақада истиқомат қилувчи халқлар ва ҳатто йироқ минтақаларнинг турк халқларига янада тушунарлироқ бўлади. Ёзувда халқ тилининг кўп жиҳатлари акс этмаслиги бунга тўсқинлик қилиб турибди;

– маълумки, замонавий ўзбек ва уйғур тиллари чиғатойчанинг тўғридан-тўғри давоми ҳисобланади. Уларнинг бир-бирига яқинлаштирилиши ёзма мерос умумийлигини янада мустаҳкамлайди;

– янги ёзув тартибини кирилл алифбосига кўчириш имкониятининг қолмаслиги лотин алибфосига бутунлай ўтилишини, бунинг натижаси ўлароқ ўзбекчанинг Ғарб давлатларида рус тили ёрдамисиз ўқилишини таъминлайди;

– ниҳоят, талаффуз ва луғат рус таъсиридан қутулиб, ўзбек тилининг ўз йўлидан ривожланишига имкон яратилади.

Ёзув ва фонетика. Лотин алфавитига асосланган ёзув тизимнинг энг характерли жиҳати сингармонизм ҳодисасининг акс этишидир.

Илмий адабиётларда ўзбек тилида сингармонизм ҳодисаси йўқолиб кетгани кўп бора такрорланган. Аммо бу таъкид ҳақиқатга мос келмайди. Қипчоқ ва ўғуз лаҳжаларига мансуб барча шеваларда унли товушларнинг сифат оппозицияси бугунги кунгача сақланиб келмоқда. Қарлуқ лаҳжасига келсак, шарқий, марказий ва жануби-ғарбий Фарғона водийси, шунингдек, Жанубий Қозоғистон шеваларида сингармонизм ҳали-ҳануз эсон-омондир. Тошкент-Наманган гуруҳи диалектлари, Марказий ва Жанубий Ўзбекистон, қисман Жанубий Тожикистон ва Шимолий Афғонистонда сақланган идиомлар (Бухоро амирлиги тили) форс тили таъсирида ушбу хусусиятни қисман йўқотганлигига қарамай, бу гуруҳ сўзлашикларда ҳам юмшоқ ва қаттиқ унлилар мавжуд. Уларнинг ёзувда акс этмаслиги боис, айтайлик, ı ва i, u ва ü унлилари ўзбек тиллилар томонидан бир товушнинг аллафонлари ўлароқ қабул қилинади. Юмшоқ унлилар қаттиқлашиб бораётганини ҳам эсга олиш жоиз.

Вазиятни рус тили таъсири мураккаблаштиради: кириллча и ҳарфи қилдим сўзида ı, илҳом сўзида i тахлит ўқилишини барча англайди, лекин негадир ы ҳарфининг йўқлиги боис русча новый сўзи новий шаклида ёзилса, бу ўқувчиларнинг эътирозига сабаб бўлади; русча сўзлардаги и ҳарфини ҳам қаттиқлаштириб, ı тарзида ўқиш мумкинлиги негадир ўйлаб кўрилмайди. Русча ва у орқали ўтган байналмилал сўзларни рус қоидалари бўйича ўқиш кўникмаси жамиятда шу қадар ўрнашиб қолганки, бундан ташқарига чиқиб кетишга қарши онгий тўсиқлар шаклланган.

Шундай қилиб, алифбодан унли фонемаларнинг сифат оппозициясини акс эттирувчи дуплетлар ўрин олади. Орқа қатор унлилари: a, ı, o, u; олд қатор унлилари: ä, i, ö, ü.

Юмшоқ ä унлиси сўз ўртасида e рефлексини берган; бу фонема бошқа тиллардан ўзлашган сўзларда ҳам учрайди, шу сабаб бу тил орқа жуфти йўқ унлини алифбога киритамиз.

Форсча ўзлашмалар, форс тили орқали ўтган арабизмларда ɔ фонемаси учрайди. Бу товуш асосан Тошкент-Наманган зонаси қарлуқ-чигил шевалари, шунингдек, “Бухоро амирлиги тили”га хос. Бугунги ёзувда ушбу фонема о билан ифодаланади; туркий тилларда о тил орқа ў товушини ифодалайди. Рус тилидаги о бу товушга монанд сифат ва артикуляцияга эга эмас, шу туфайли о орқали ёзиладиган сўзлар рус тилига ўтганда “алашади”: Бухоро>Бухара, Тошкент>Ташкент.

Ушбу товушни ёзувда ифодалашнинг икки усули мавжуд бўлиб, улар юқорида тилга олинган принциплардан келиб чиқади:

ā ҳарфида ифодалаш – ɔ форс тилидаги чўзиқ ā товушининг сифат ўзгариши натижасида юзага келган, тарихий ёзув тартибида бундай маркировкани жорий қилиш;

– шунчаки a – ёзиш жараёнини қулайлаштиради ва ҳар қандай шева вакили томонидан ўз талаффуз анъаналарига мувофиқ равишда талаффуз қилинади: bazar сўзини урганчликлар bazar, бухороликлар bɔzɔr, булунғурликлар bɔzar қабилида талаффуз қилаверади.

Ундош товушларни акс эттирувчи ҳарфлар: b, ç, d, f, g, j, k, l, m, n, p, r, s, ş, t, v, x, y, z, ŋ.

C ҳарфи бугунги лотин ёзувидан ҳам чиқариб ташланган, рус тилидан ўзлашган сўзлардаги ц товуши сўз бошида s, сўз ўртасида очиқ бўғиндан сўнг ts диграфида ифодаланади. Биз ҳарф билан биргаликда ўзбек тилига ёт бўлган, сўзлашув тилига ўзлашмаган товушни ҳам чиқариб ташлашни таклиф қиламиз: sırkцирк эмас, сирк ўқилади, sunamiцунами эмас, сунами ўқилади ва ҳ.к.

J спирантини ҳам жонли тилда учрамайдиган товуш бўлгани сабабли истеъмолдан чиқариш мақсадга мувофиқ, унинг ўрнига ĵ аффрикатаси қўлланади: jıraf ĵıraf. Бу юқорида эслаб ўтилган ж ҳарфи воситасида икки товушнинг ифодаланиши муаммосини ҳам ҳал қилади. Истисно тариқасида ajdar ва jɔla сўзларини қолдирилади – форсчага қардош эроний тиллардан ўтган бу товушларда j спиранти қўлланади.

H ва x, юқорида айтганимиздек, араб ёзувидан қолмадир. Бу товушлар форс ва араб тилларида фаол қўлланади, маъно фарқлаш вазифасини бажаради (тожикча ҳар “ҳар” – хар “эшак”). Бироқ ўзбек тилида улар фарқланмайди: ўзлашма сўзлардаги h ва x товушлари х тарзида талаффуз қилинади. Соф туркий сўзларда бу товушлар деярли учрамайди, айрим сўзлардагина q товуши x рефлексини берган: qan>xan “хон”, qağan>xaqan “хоқон”. Бу киритма ўзбек ўқувчиларини азалий бўлиб қолган “юмшоқ х ва қаттиқ х” муаммосидан халос этади.

ğ ва q увуляр (чуқур тил орқа) консонантларини ёзувда ифодалашга ҳожат йўқ – тил орқа вокализмли (қаттиқ унлилар қўлланган) сўзларда ҳар доим ğ ва q, тил олди вокализмли (юмшоқ унлилар қўлланган) сўзларда ҳар доим g ва k товушлари иштирок этади: kaldı “қолди”, ogıl “ўғил”, kız “қиз”, лекин: keldi “келди”, örgändi “ўрганди”. Бу алифбони бирмунча енгиллаштиради, шунингдек, q товушини йўқотган диалектлар ташувчиларига (Андижон, Жанубий Хоразм, Жанубий Қирғизистон) сўзларни ўз шеваларида талаффуз қилиш имкониятини беради.

Форсча ва европача ўзлашмаларда бу товушлар учрамайди, аммо уларнинг арабча сўзларда фаол қўлланилиши, умуман, ўзлашма сўзларда сингармонизмнинг йўқлиги муаммо туғдириши эҳтимоли бор.

Алифбодан диграфлар (қўш ҳарфлар) ўрин олмайди: sh>ş, ch>ç, ng>ŋ.

Сўзларнинг талаффузига доир. Ўзбек тилига хос яна уч фонетик ҳодиса эътиборга молик:

– ҳалқум тутуғи (glottal stop) фақатгина арабизмларда, араб графикаси рудименти ўлароқ ъ ҳарфи тимсолида сақланиб келмоқда. Бу товуш жонли тилда ҳам, адабияда ҳам талаффуз қилинмайди. Уни бутунлай олиб ташлаш адабий тилни сўзлашувга янада яқинлаштиради, тил ўзлаштиришни осонлашлаштиради: elan “эълон”, dafa “дафъа”, masum “маъсум”, maruf “маъруф”, mabud “маъбуд”, masud “масъуд”, lanat “лаънат” ва бошқалар;

– ўзбек тили ундош кластерларни (бир бўғинда ёнма-ён келадиган қўш ундошлар) хуш кўрмайди (агар кластернинг биринчи компоненти сонор ёки ş бўлмаса – байт, халқ, беҳишт, машқ). Биз satr, qabr, nazm деб ёзганимиз билан, инстинктив равишда икки ундош орасида редукцияга учраган (кучсизланган) ı товушини талаффуз қиламиз. Бу ҳодисани янги ёзув акс эттиради: satır “сатр”, kabır/qabır “қабр”, nazım “назм”. Бундай сўзлар унлидан бошланувчи қўшимча олганда кластер орасидаги унли тушиб қолади: satrı, kabrı/qabrı, nazmı;

– туб сўзларнинг анлаутидаги (сўз бошидаги) y сонори, баъзи ҳолатларда i унлиси қипчоқча ва факультатив (оралиқ) диалектларда мунтазам равишда j га ўтади: yoq>joq “йўқ”, yol>jol “йўқ”, yaman>jaman “йўқ”, yüräk>jüräk “юрак”; ip>jip “ип”, ilan>jilan “илон”, ilik>jillik “илик”. Бундай сўзларни икки хил вариантда ёзишни адабий норма ўлароқ мустаҳкамлаб қўйиш лозим. Бу, тил бойликларидан унумли фойдаланиш намунаси эканлигидан ташқари, долзарб социолингвистик муаммонинг ечими ҳам бўлади: “жловчи” шева ташувчиларига хос бу хусусият гоҳида масхара объектига айланади, уларга “ўзбак”, “жўқи”, “жанқаул” ёрлиқлари ёпиштирилади. “Жлаш”нинг ёзма тилга киритилиши барча лаҳжаларни адабий қонуниятлар олдида тенглаштириб, диалектлар ўртасидаги келишмовчиликларга барҳам беради.

Галдаги муҳим вазифалардан бири ўзлашма сўзларни ўзбек талаффузи қолипига сиғдиришдир. Мусулмон дунёсида кенг тарқалган арабча, форсча, туркча сўзлар, атама ва исмлар умумийлиги туфайли бу категориядаги ўзлашмаларни талаффузга мослаштириш қийинчилик туғдирмайди. Узоқ Шарқ, Жанубий Осиё ва Ғарб тилларидан кириб келаётган ёки байналмилал сўзларни ўзбек талаффузига мослаштириш учун эса қуйидаги вариантлар мавжуд:

– бундай сўзларнинг талаффузи ва ёзилишини тўлалигича ўзбек тилига мослаштириш: plakat>plakät, direktor>direktır, traktor>tıraktır;

– уларнинг асл ёзилишини сақлаб қолиб, талаффузини эркинлаштириш: Liechtenschtein, capital, director ёзилади, истаган direktor, истаган diriktir деб талаффуз қилсин. Бир томондан, бу ёзувда қўшимча мураккабликлар туғдиради, идеограммаларни юзага келтиради, бошқа томондан эса, инглиз тилини енгил ўзлаштиришда қўл келади.

Қўшимчалар. Ишланмаларнинг яна бир гуруҳи қўшимчаларга алоқадор. Биринчи навбатда нисбий келишик қўшимчаларини кўриб чиқсак.

– ўзбек ёзма тилида бешта нисбий келишик мавжуд. Қарлуқ лаҳжасида, кўпгина қипчоқ шеваларида эса генитив (қаратқич) кўрсаткичи +nIŋ қисқариб, аккузатив (тушум) келишигининг +nI кўрсаткичига тўғри келган: чойнинг шамаси>чойни шамаси, уйнинг олдида>уйни олдида. Шундай экан, икки келишикни ягона аккузатив-генитивга бирлаштириш мумкин.

Аблативнинг (чиқиш келишиги) адабий тилдаги кўрсаткичи – +dAn қипчоқ тилларидан ўзлашгандир, унинг қарлуқча варианти – +dIn – Жанубий Қозоғистон қарлуқ-чигил диалектларида, шунингдек, алоҳида Шимолий Хоразм шеваларида сақланиб қолган. Уни адабий тилга киритиш каммаҳсул шаклни сақлаб қолишга, ўрин-пайт кўрсаткичи билан адаштириб юборилмаслигига ёрдам беради.

Шу тариқа, тўртта нисбий келишик ажратилди:

генитив-аккузатив (қаратқич-тушум) – +nI, бугунги ўзбек тилидаги -нинг ва -ни кўрсаткичлари вазифаларини бажаради;

аблатив (чиқиш) – +dIn;

локатив (ўрин-пайт) – +dA;

датив (жўналиш) – +gA/+kA.

Тилни янада қулайлаштириш истиқболи локатив ва дативларни ягона локатив-аблатив келишигига жипслаштиришни тақозо этади – Марказий ва Жанубий Ўзбекистон қарлуқ ва қипчоқ шеваларида бу аллақачон меъёрга айланиб улгурган: бозорда тарвуз сотиляпти>бозорга тарвуз сотилопту. Шунда ўзбек тилида фақат учта нисбий келишик қолади;

– адабиядаги қўшимчалар тараққиётда жонли тилдаги эквивалентларидан сезиларли даражада ортда қолмоқда. -бди, -ди, -б/-иб каби қўшимчаларнинг консонантизми (ундош товуш таркиби) аллақачон веляризацияга учраганига (қаттиқлашганига) қарамай, адабий тил ўжарлик қилиб, бўлип, бўлипти ўрнига бўлиб, бўлибди деб ёзишда давом этмоқда. Бу ҳодисани ёзма тилда ҳам мустаҳкамлаб қўйиш лозим: bolıptı, kelipti;

– ортда қолишнинг яна бир белгиси – кўпгина қўшимчалар қисқариб, ихчамлашиб бўлган, ёлғиз адабий анъана буни ҳар доим ҳам қайд қилиб бормайди: деярли ҳеч бир шевада бўлибди, келибди сўзлари тўлиқ айтилмайди, бўпти, кепти шакллари аллақачонлардан бери истеъмолда; шахс-сон ва эгалик қўшимчаларида ҳам шу тавр: келдингизми>келдизми, бўлдингиз>бўлдиз, китобингиз>китобиз.

Бу ҳодисани адабий тилда жорий қилишда Европанинг, масалан, инглиз тилининг сўз қисқартириш тажрибасидан (I am>I’m, I shall>I’ll, will not>won’t, cannot>can’t, do not>don’t) фойдаланиш, шунга ўхшаш парадигмани ўзбек тилига киритиш жоиз. Сўзлар тўлиқ ва қисқартма шаклларда ёзилади ва айтилади: boldıngız>boldız, keldingiz>keldiz, qılıpsız>psız, bolıptı>boptı, kelipti>kepti, kitabingiz>kitabi’z, nıma üçün/ne üçün>neçün;

– сингармонизм қонуниятига мувофиқ, барча қўшимчалар юмшоқ ва қаттиқ инвариантларга эга бўлади: balalar, yigitlär, qızlar, güllär.

Хулоса. Янги ўзбек тили борасидаги ишлар мана шундай узуқ-юлуқ бўлаклардан иборат. Кейинги негиз сатҳлар бўлмиш лексика ва грамматика юзасидан ҳали бирор нарса дейиш мушкул – бу чуқур ва узоқ муддатли тадқиқотларни, барча шеваларни обдон ўрганиб чиқишни талаб қиладиган машғулотдир. Юқорида келтирилган мухтасар тавсифнинг ўзиёқ ўқувчиларда маълум тасаввур уйғотганидан умидвормиз.

[1] Абдуллаев Ф. А. Тил қандай ривожланади. – Тошкент: “Фан”, 1972. Б. 12.

[2] Боровков А. К. О некоторых очередных вопросах орфографии узб. лит. яз. ЗИВ, VII, 1935. С. 67

[3] Ибрагимов С. Орфография узбекского языка // Орфографии тюркских литературных языков СССР. – Москва: изд. «Наука», 1973. С. 220.

8 Izohlar

  1. Maqolada yangicha yondashular bor,ayrimlari juda zarur va foydli. Masaln O’zbek tilini rucha tovushlar talaffuzidan tamaom ila bo’shatish, Shunigdek, o’zbek tili yukini arabizimdan birqadar engillatish lozim…Gap shundaki, Suniy O’zbek tili mustahkam poydevor hosil qilib bo’lgan. Buncha katta inqilobiy o’zgarishlarni ko’tara omasa kerak…
    Hurmatli yozuvchi, shunday kanstuktiv fikrlani ilgariga surayotib, negadir” Chig’atoy tili?”terminini ishga solib yuboradi. Meningcha o’zbek tili va qalqiga bundan oshiqroq haqorat bo’lmasa kerak. Maqomada yangicha yondashu bor,ayrimlari juda zarur.Masaln O’zbek tilini rucha tovushlar talaffuzidan tamaom ila bo’shatish lozim. Shunigdek, o’zbek tilini yukini arabizimdan birqadar engillatish lozim.Gap shundaki, Suniy O’zbek tili mustahkam poydevor hosil qilib bo’lgan.Buncha katta inqilobiy o’zgarishlarni ko’tara omasa kerak…
    Hurmatli yozuvchi, shunday kanstuktiv fikrlani ilgariga surayotib, negadir” Chig’atoy tili”bu tarixiy xatoni endilikda bayroq qilish kerak emas. O’zbek tilining Chig’atoyxonga hech qanday aloqasi yo’aq. Tilni shaxs yaratmaydi.Tili ijtimoiy hodisa, uning egasi xalq hisoblanadi, Chg’atoy,Temur, Lenin ,Stalin,Garbachev, Shayboniyxon, amir Olimxonlar yaratmaydi…

  2. O`zbek tili va tarihiga, o`zbeklarning kelib chiqishiga yangi ashadiy hujum boshlandi Russiyani FSB (KGB) moddiy rahbarligida !
    O`zbek madaniyatini yo`q qilish uchun FSB boshchiligida O`zbek halqining dushmanlari – asanov, mingbaev, norboevlar har hil ma`qolalar chop etayptilar Internetnig saytlarida !

  3. Ҳурматли муаллифлар,

    Узр, айтганларингизга қўшилмайман. Ҳеч қандай ўзгариш керак эмас. Русча айтганда, “хватит издеваться над нашим языком”. Бир аср (100) йил ичида ёзув ва имлони 4-5 марта ўзгартириш бу “черезчур”. Инглизларга ёки хитойликларга “тилингизнинг имлоси жонли, замонавий тилингизга тўғри келмайди, ўзгартиринглар” деб айтиб кўрингчи – улар Сизларни кулги қилиб ташлайди.

    Инглиз тилининг имлоси 16-асрдан бери ўзгармаган, шу туфайли ҳар бир ўқимишли инглиз Шекспирнинг асарларини бемалол ўқий олади. Ҳар бир олий маълумотли хитойлик аждодлари 2 минг йил олдин ёзганларини (масалан, Конфуцийнинг асарларини) ўқий олади.

    Бизчи? Алишер Навоийнинг асарларини бемалол ўқий оламизми? У бу ёқда турсин, ото-боболаримиз атиги 100 йил олдин (1916 йилда), араб алифбесида ёзилган нарсаларни ўқий олмаймиз ҳозир. Бу яхши нарса эмас. Биз ўтган асрнинг 30-чи йилларигача яратилган бебаҳо маданий меросдан айрилдик.

    Шунинг ўзи етади. Бошқа ҳеч қанақа ўзгариш керак эмас. Ҳозирги лотин алифбеси ҳам керак эмас. Кирилчага қайтишимиз керак. Одамларимизга лотин алифбеси керак эмас. Ҳамма газеталар кирилчада чоп этилади. Буни билсангиз керак. Билмасангиз, любой киоскга бориб, лотин алифбесида чиқадиган газета борми деб сўраб кўринг. Бу дегани, халқ фақат кирилчада чоп этиладиган газеталарни ўқийди.

    Ҳар 20-30 йилда ёзув ёки имлони ўзгартираверсак, 20-30 йил олдин ёзилган нарсаларни ҳам тушунмай қоламиз. Манқурт бўлиб қоламиз (Чингиз Айтматовнинг асарларини ўқигансиз, “манқурт” сўзининг маъносини биласиз деб умид қиламан).

    Ҳурмат ила,
    Дилмурод.

    Шунинг уУндан кейин лотин алифбесига ўтиб, кейинчалик кирилчага ўтиб, кейин яна лотин алифбесида (бошқа)

    Имлони ўзгартириш керак эмас асло.

  4. 1.Alifboning virtual kengaytmasi zarur, lekin ommaviy qo’llash uchun emas, sun’iy intellekt uchun. 2.O’zbek tili ko’p shevali til. Unga hozirgi adabiy me’yorlar juda mos va zarur. 3. O’zbek tilida kelishiklar 6 ta emas, balki 8 ta (hozircha).

  5. Галдаги муҳим вазифалардан бири ўзлашма сўзларни ўзбек талаффузи қолипига сиғдиришдир. Мусулмон дунёсида кенг тарқалган арабча, форсча, туркча сўзлар, атама ва исмлар умумийлиги туфайли бу категориядаги ўзлашмаларни талаффузга мослаштириш қийинчилик туғдирмайди. Узоқ Шарқ, Жанубий Осиё ва Ғарб тилларидан кириб келаётган ёки байналмилал сўзларни ўзбек талаффузига мослаштириш учун бундай сўзларнинг асл ёзилишини сақлаб қолиб, талаффузини эркинлаштириш: Liechtenschtein, capital, director ёзилади, истаган direktor, истаган diriktir деб талаффуз қилсин. Бир томондан, бу ёзувда қўшимча мураккабликлар туғдиради, идеограммаларни юзага келтиради, бошқа томондан эса, инглиз тилини енгил ўзлаштиришда қўл келади.

  6. Alifboni isloh qilish muhim! Qõsh harflarni. Qõshimcha “ц” ni ifodalashga “c”ni ishlatish ham mumkin. Ammo u “sh” va “ch”dan kam ishlatiladi. Bularning õrniga qõyiladigan harfning yozilishi “c”dan qiyinroq bõlmasligi kerak. Ya’ni kõp islatiladigan harf kam ishlatiladiganidan osonroq bõlsa. Ammo bu ham lotin imlosi bõyicha jahon tajribasidan tashqariga chiqmasligi shart!
    Til õzgartirish yasash kerak emas. Ya’ni muallif ta’kidlaganidek. Arab imlosi ta’siridan qutulish degan gapni sira hazm qilib bõlmaydi!!! Õtmishsiz kelajak yõq! “h” harfi Toshkent shevasida uncha ishlatilmaydi xolos.

Leave a Reply to Dilmurad Izohni bekor qilish

Please enter your comment!
Please enter your name here