Владимир Анишчев

ШАРҚОНА НАҚШ

(Китобдан парча)

 Рус тилидан Асанов Эльдар таржимаси

Наврўз байрами Ўрта Осиёда камида минг йилдан буён нишонланиб келади. Совет даврида уни “диний байрам” деган баҳонада ман қилишга уринишлар амалга оширилган, аммо, ОАВда кенг акс этмаса-да, тор давраларда борган баҳс-мунозаралар натижасида партия халқ анъаналарига ён беришга мажбур бўлган.

Тақдир ҳазилини қаранг-ки, мустақиллик йилларида Наврўз қадриятлари тўла реабилитация қилиниб, расман нишонланаётган бир пайтда айрим давралар энди уни “исломга зид” деб ҳисобламоқда.

Бир исломий деб поймол этилган, энди эса ғайриисломий деб иддао этилаётган ушбу байрам аслида Марказий Осиё, Эрон, Кавказ ва Яқин Шарқ халқларининг турли-туман диний, фольклористик ва тарихий атрибутларини қамраб олган, жонли тарих бўлган бир феномендир. Уни қандай бўлса, шундай қабул қилиш ва ўтмиш авлодлар мероси ўлароқ асраш мақсадга мувофиқдир.

Қуйида кечки Совет даврида Ўзбекистонда ишлаб, мазкур масаладаги баҳс-мунозараларга бевосита гувоҳ бўлган шахснинг эсдалик китобидан Наврўзга бағишланган тақдим этилади. У орқали ўқувчи ўзи учун кўп қизиқарли ва янгича тафсилотларни очади, деб ишонамиз.

Лотин алифбосидаги матнни қўйидаги ҳавола орқали ўқишингиз мумкин.

 

Шарқ – бу ислом демак

Тушлик ҳақида бекорга гапирганим йўқ, негаки Анвар Солиҳович билан суҳбатимизни кириб келган Мачигин бузди. У мени тушликка таклиф қилишганидан бохабар этди. Барча котиблар аллақачон тушлик хонасида йиғилган эдилар. Суҳбатимиз ниҳоясига етганди, шу туфайли мен у билан хайрлашиб, тушликка йўл олдим. Соат 13.00 эди, тушликни анча эрта белгилашибди, деб ўйладим, аммо умумий қоидаларга бўйсуниш керак эди. Хонага кирганимда, стол атрофида Осётров, Шағазатов, Догонкин, Абдуллаева, Айтмуротов, КГБ генерали Головин ва Қодировлар ўтирардилар. Якшанба кунги тушликда Усмонхўжаев томонидан менга кўрсатилган жойга ўтирдим. Унинг ўзи ҳали йўқ эди. Суҳбат айни авжида эди, шу боисдан мен билан, якшанба кунгидан фарқли равишда, янги эканлигимга эътибор қаратмай, худди эски танишлари билан сўрашишгандай сўрашишди.

Абдуллаева Раъно Ҳабибовна куйиб-пишиб гапирарди. Унинг шижоати марказий қўмита ташкилий бўлим мудири Догонкинга қаратилган эди, у эса бироз хижолат бўлиб, мансаби катта ҳамкасби – МҚ котибасининг панд-насиҳатини эшитарди. Осётров бошини хам қилганича бир нарса чайнарди, бу билан бўлаётган воқеаларга тўла қўшилмаслигини билдираётганди гўё.

Абдуллаеванинг хуноби ошарди: “Тушунинг, Пётр Васильевич, яқинда март ойи кириб келади, бутун республика бўйлаб Наврўз байрамига тайёргарлик бошланиб кетди. Бунга йўл қўймаслик лозим. Бу диний байрам, у халқни жунбушга келтиради ва тартибсизликка сабаб бўлади. Бугун биз бу заҳарга чинакам баҳор байрамини, Навбаҳорни қарши қўйишни таклиф қилмоқчимиз. Биз бутун республика бўйлаб Хотира кунини ўтказиш маросимини деярли ишлаб чиқдик. Маҳаллий аҳоли бизнинг ғояларимизни қўллаб-қувватламоқда. Аммо расмий қарорлар талаб этилади, МҚда, Вазирлар Кенгашида, республика Олий Кенгашида бу масала бўйича ҳужжатлар қабул қилиниши лозим. Лекин барчаси ташкилий ишлар бўлимида аро йўлда қолиб кетди. Янгиланиш жараёни атайлаб орқага сурилаётгандай туюлмоқда. Барча нарса бизнинг маъмурий-буйруқбозлик иллатимизда ғарқ бўлмоқда. Ва бу ҳолат кўп такрорланмоқда. Сиз, Пётр Васильевич, биринчи навбатда масалаларни тезкор ва сифатли ҳал қилишнинг ташкилотчиси бўлишингиз лозим, талабчан бўлишингиз керакми-ей. Мен айнан сизни эмас, бутун бўлимингиз ва кўплаб хизматларингизни назарда тутяпман”. Раъно Ҳабибовнанинг юзидан асабийлашаётгани кўриниб турарди. Барча жимгина шошмасдан овқатланарди. Ҳеч ким баҳслашмасди. Стол атрофидаги кайфият жуда диққатга сазовор эди.

Бу менинг МҚдаги биринчи кунларим эди. Воқеалар қандай ривожланишига қизиқаётган эдим. Унчалик қорним оч эмасди, ва мен, овқатга эътибор бермасдан, воқеаларни кузатардим. Мавзу эса жуда нозик эди: бу Ўзбекистон ва бутун Ўрта Осиё учун энг долзарб бўлмиш диндорлик, ислом масаласи эди. Маҳаллий ҳаётнинг бу тарафи ҳақида деярли ҳеч қандай маълумотга эга эмасдим. Догонкин, бутун қиёфаси билан ўзининг бефарқлигини кўрсатмоқчидай шошмасдан овқатланаркан, эринчоқлик билан деди: “Кечирасиз, Раъно Ҳабибовна, лекин бундай муҳим қарорни чуқур ўйлаб, кейин қабул қилиш кераклигини эслатишим шарт эмасдир. Бунинг устида бюро аъзолари бош қотирмоқдалар. Яқинда натижа маълум бўлса керак. Сизнинг ҳужжат лойиҳаларингиз ҳамманинг қўлида бор, уларни ўрганмоқдалар”. – “Тимофей Николаевич, – мурожаат қилди Догонкин Осётровга, – сизда ҳужжатлар борми?” – “Албатта бор”, – жавоб берди Осётров бефарқ қиёфада.

Головин Владимир Александрович – генерал, республика Давлат хавфсизлик қўмитаси раиси – Абдуллаеванинг нутқини диққат билан эшитиб ўтирди ва ҳаттоки бир неча маротаба муҳокамага қўшилмоқчи бўлди. Ва, афтидан, сабри чидамай, гапирди: “Раъно Ҳабибовна, биз Қодиров билан тушликка тасодифан келиб қолдик. Адашмасам, жуда вақтида келибмиз. Биз Осётров билан Иномжон Бузруковичнинг топшириғи билан айрим нарсаларни муҳокама қилдик. Масалан, бизнинг халқ урф-одатларига нисбатан ҳатти-ҳаракатларимизнинг босиқлиги ва халқ анъаналарига ҳурмат масаласини муҳокама қилдик. Қаршида ва бошқа жойларда ер тақсимлаш деб ҳамма қирпичоқ бўлаётганидан хабардор бўлсангиз керак. Тушликдан кейин Ғайрат мана шундай “қайноқ нутқа”лардан бирига тинчлик ўрнатишга кетяпти. Айтмоқчи, бундай ишларда энг кўп ташвиш уники. Шунинг учун ҳам эртароқ тушлик қилишга қарор қилдик. Энди тушлик пайти ҳам шу масалалар бўйича суҳбат кетаётганини кўрдим. Барча иштирокчиларга шуни етказмоқчи эдимки, бутун республика Шарқнинг кўпчилик давлатларида, жумладан, Ўрта Осиёда ҳам, баҳорги тенглик – 22 март куни нишонланадиган Наврўз байрамининг кутилмаганда фитнакор деб эълон қилинганидан норози.

Бу акция байрам диний-мистик характерга эга экани ва гўёки халқнинг тўғри ахлоқий тарбиясига халақит бериши баҳонасида тайёрланган. Декабрда бизнинг қўмитачиларимиз МҚ ташвиқот бўлими ўтказган матбуот анжуманида иштирок этди. Ўшанда кўпчилик ҳайрон қолди: нега масалани чуқур ўрганмасдан туриб, бир қалам тортиб деганларидай, Наврўз байрами йўққа чиқарилмоқда, халққа буни қандай тушунтириб берамиз? Бу ҳаракатнинг ташаббускори ким? Бундан ташқари, одамлар барибир Наврўзни нишонлайверишади. Аниқ жавоблар эса ҳалигача олингани йўқ. Мен МҚдаги вазиятдан бехабарман, лекин бизнинг давлат хавфсизлик қўмитамизга республика партия органларининг бундай хатти-ҳаракатларига норозилик ифодаланган юзлаб хатлар келди, улар ичида обрўли шахсларнинг имзолари бор. Масалан, таниқли Ўзбекистон халқ ёзувчиси, оқсоқол Уйғун – Социалистик Меҳнат Қаҳрамони, Ўзбекистон ССР Олий Президиуми Кенгаши аъзоси – яқинда бизга жўнатган хатида Наврўзнинг халқ байрами эканлигини таъкидлаган. Унинг фикрича, бу борада бошқача фикр бўлиши мумкин эмас. Уйғуннинг ёзишича, бу байрам камида икки минг йилдан буён – шимолий ярим шарда баҳорнинг келишидан дарак берувчи тенглик аниқланганидан бери нишонланар экан. Баҳор эса биринчи Шарқда бошланади. Наврўз, афтидан, оташпарастлик ёки зардуштийлик динига бориб тақалади. У бу ерга қилич ва ислом билан кириб келган араблардан анча олдин ҳам байрам қилинган. Бундан ташқари, ҳурматли Раъно Абдуллаева, айтишим керак–ки, хурофотчи-мутаассиб Ҳумайний Эронда бу байрамни нишонлашни исломий бўлмагани учун ман килди. Мен бунга ишонаман. Лекин битта нарсани тушуна олмаяпман, нега биз ҳам худди шу ишни қиляпмиз, фақат бошқа нуқтаи назарда турибмиз?

Вазият шуни тақозо қилгани учун мен Наврўз тарихи билан батафсил танишиб чиқдим. Айтишим мумкинки, вазият жуда қизиқ. Совет ҳокимияти йилларида Наврўз катта тантаналар билан нишонланган, у ўз ичига ҳар бир давр аломатларини жамлаб борган. Масалан, 30-йилларда бутунхалқ ҳашари бошланган, ва байрам баҳона баҳорги ирригацион ва қишлоқ хўжалиги ишларининг мотивлари чуқурлашган. Ҳашарнинг Шарқда оммавий иш бўлганлиги ҳақида Карл Маркс ҳам ёзган эди. Йигирма йилча муқаддам, аниқ санаси эсимда йўқ, Наврўз қонунийлаштирилган, тақвимга киритилган, ва бу иш Ўзбекистон Фанлар Академиясининг биринчи академиги ва президенти, Социалистик Меҳнат Қаҳрамони, кўзга кўринган маърифатпарвар, биринчи ўзбек совет муаллими, марҳум Т. Н. Қориниёзийнинг ташаббуси билан омма фикрининг ўрганилишидан кейин амалга оширилган эди.

Дарвоқе, айтиб ўтмоғим жоизки, бу шарт-шароитлар Ўзбекистоннинг кўпгина жамоатчи ва сиёсий арбоблари, руҳоний гуруҳлар вакилларининг хатларида ўз аксини топган, ва уларнинг Наврўз байрамининг нишонланиши Ўзбекистонда ҳар доим газеталар орқали ёритиб борилгани, унга бағишлаб халқ сайллари уюштирилгани, радио ва телевидение орқали эшиттириш ва кўрсатувлар бериб борилгани ҳақидаги фикрлари айни ҳақиқатдир.

Ўзимдан эса шуни қўшишим мумкин: албатта, ушбу байрамга реакцион руҳонийларнинг маълум алоқаси бор, лекин байрам уларнинг таъсиридан ҳоли эканлиги муҳим. Ўша куни одамлар кўчага чиқади, бир-бири билан мулоқотга киришади, дарахтлар экилади, суғориш тизими тозаланади, янги ҳосилга тайёргарлик кўрилади. Наврўз чинакамига баҳор байрамига, дала ишларининг бошланишига айланган, ва у ўз руҳияти билан партиянинг хўжалик ва социалистик шиорларини қўллаб-қувватлайди – сиз бунда бирорта реакцион, зарарли нарса кўряпсизми? Нега шундай байрамни ман қилишдай муҳим қарорни чиқаришдан олдин одамлар билан маслаҳатлашиб кўришни маъқул деб топмаяпсизлар, ахир байрамни жорий қилишда маслаҳатлашишган-ку? Фикримча, қизишишга сабаб йўқ. Реакцион руҳонийларнинг таъсири олдида бош эгмаслик лозим, аксинча, бу таъсир қаерда намоён бўлса, ўша ерда уни бартараф этишга ҳаракат қилиш, демакки, Наврўз байрамининг халқ байрами сифатидаги соғлом асосларини мустаҳкамлаш ва янада бойитиш керак. Бизнинг нотўғри атеистик фаолиятимиз охирги вақтларда юзлаб “муқаддас қадамжо”ларнинг пайдо бўлишига олиб келди. Бирорта эшон халқ орасида маълум бир жойнинг нотабиийлиги ҳақида мишмиш тарқатса, бирорта табиий офатни тилга олса бўлди, шу заҳотиёқ шифобахш тошлар, чашмалар, ғорлар, муқаддас қабрлар пайдо бўлади-қолади. Бу ерларни зиёрат қилувчилар кўпайиб боради, дарахтларда минглаб матолар, боғичлар, тасмалар йиғилиб боради. Даҳрийлар ғазаб билан дарахтларни арралаб ташлашади ва диндорлар наздида табиатга зиён келтирувчилар деб баҳоланади. Партия ишчиларнинг ўзлари, юқори лавозимлардаги кўпчилик раҳбарлар эрталаб худосиз, ишдан кейин эса чопон, дўппи кийиб, мачитларда тиз чўкишади, азаларда намоз ўқишади, суннат тўйлари уюштиришади, тўй маросимларида иштирок этишади. Шуни ҳам эслатиб ўтмай иложим йўқ-ки, бизнинг кўпгина нотўғри хатти-ҳаракатларимиздан Ғарбнинг буржуа ташвиқотчилари маҳорат билан фойдаланадилар. Жумладан, яқинда Лондонда “Ал-Олам” ҳафтаномасининг навбатдаги, 57-сони чиқди. Бу журналнинг битта мақоласида ёзилишича, ҳозир СССРнинг мусулмон муҳитида тилсиз инқилоб бўлаётган эмиш, ҳукумат вакиллари бундан ваҳимада эмишлар. Совет Иттифоқида гўёки нақшбандия ва қодирия гуруҳларини ўз ичига олган “параллель ислом”нинг вужудга келгани қайд этилган. Яна айтилишича, мусулмон жамоатчилигининг босими остида СССРда Қуръон нашрдан чиқарилган эмиш. Буларнинг барчаси бўҳтон, албатта, аммо бу аҳолини, олимларни, зиёли қатламни тўлқинлантиради, бизнинг ташвиқотимиз эса жим, баъзан ҳатто айрим масалаларда саводсизлигини кўрсатиб қўяди. Жа чўзвордим, насиҳатгўйлигим учун кечирим сўрайман, аммо бу масала жуда ҳаяжонли, у ҳақда жим туриш мумкинмас, лекин шунчаки кун тартибидан олиб ташлаш ҳам мумкин эмас”.

Генерал гапиришдан тўхтади. Сукунат чўмди. Мен Раъно Ҳабибовнанинг юз ифодасини кузатиб турардим. Унинг қиёфасидан ғазаби қўзигани ва ўзидан мамнунлиги кўриниб турарди. Унинг ташқи кўринишидан фақат у Ўрта Осиё мафкураси асосларини билиши, ёлғиз у мазкур йўналишда бўлаётган жараёнларга жавобгарлиги, ва нима қилиш кераклигини фақат у яхши билиши – унинг орқасида фаоллар, халқ ва КПСС МҚ тургани кўриниб турарди. Унинг жаҳлдорлиги менинг салбий муносабатимга сабаб бўлмади, аксинча, ҳатто маълум даражада Раъно Ҳабибовнага ачинардим.

Дастурхон атрофидаги сукунат кўп маъно англатарди. Аниқ билардим-ки, маҳаллий расмий органлар фақатгина тилда ислом билан кураш олиб борарди, амалда эса мусулмон жамоатчилигининг ошкора ёки пинҳона фаолиятини сезмасликка ҳаракат қилишарди. Ўзбек раҳбариятининг деярли барча аъзолари уруғчилик, қабилавий ва оилавий-қариндошчилки алоқаларига эга. Уларнинг барчаси маҳаллалардан чиққан; ҳар бири ўз гуруҳи доирасидаги гап иштирокчиси; ишда улар ўзларини коммунист, ғоявий башоратчи сифатида тутар, бошқа шарт-шароитларда эса мусулмонлигича қолардилар.

Абдуллаева ҳам мусулмон аёли, лекин унинг жанговар руҳи бежизга эмас. Камтарин, муштипар мусулмон аёли бўлиб, ўз доирасида обрў-эътибор қозониш унинг учун камлик қиларди. У Москвада, Ўзбекистонда, бутун мамлакатда инқилобчи сифатида донг таратишни орзу қиларди ва МҚнинг XVI пленумида биринчи жиддий қадамни қўйганди, энди қўлга киритилган имкониятдан охиригача фойдаланмоқчи эди.

Комсомоллик йиллари ва Вазирлар Кенгашидаги фаолият Раъно Ҳабибовнанинг ички дунёсида ўз изини қолдирганди, албатта, у қатъий мафкурачига айланиб қолган эди. Аммо тажриба ва қўлга киритилган таъсир кучи унинг ўз олдига жиддий мақсадлар қўйишига олиб келди. Раъно Ҳабибовна тушликда ўтирганлар томонидан муносабат изҳор этилишини кутиб ўтирмади ва Головин томонидан билдирилган шубҳа-гумонларга нисбатан қатъий қаршилигини тушунтирди. “Ҳа, Владимир Александрович! – деди у пичинг билан. – Сиздай ўз қарорлари ва фикрларида қатъий одам оддий истеъмолчиларнинг томонини шунчалар осонлик билан қабул қиласиз деб ўйламагандим. Фикр-мулоҳазаларинингиз, айтиб ўтган огоҳлантиришларингиз ва вазиятни чуқур таҳлил қилиб берганингиз учун миннатдорман, лекин биз ташвиқотчиларни саводсизликда айблаб хафа қиляпсиз. Бундан ташқари, Лондоннинг ҳафталик журнали “Ал-Олам” ҳақидаги мисолингиз омадсиз. У бесаводлар ислом ҳақида ҳеч нарса билишмайди. Ислом масаласида ҳеч нарсани билмайдиган одамгина тариқатнинг нақшбандия ва қодириядай сулукларини ҳақиқий исломга нисбатан мухолифатдаги гуруҳлар сафига қўшиши мумкин. Ислом бўйича ҳар қандай мутахассис яхши билади-ки, бу сўфийлик тариқатлари мусулмончилик доирасига мос келади, улар ортодоксал исломнинг асосий қонуниятларига зид эмас. Бу мазҳабларнинг аъзолари шариат қонунларига амал қилишади, улар СССРнинг барча мусулмон бошқармаларидаги мачитларга фаол қатнаб борадилар, сиз тилга олиб ўтган бесавод журналда ёзилган фикрларга зид равишда, уларни бойкот қилишмайди. Шундай экан, бизда ҳеч қандай “параллель ислом” йўқ. Бундан ташқари, шу ерда жамланган барчага яхши маълум бўлсин-ки, биз – Ўзбекистоннинг мафкуравий ишчилари – ҳар доим ислом жамоатчилиги фаолиятининг барча соҳалари бўйича яхши хабардормиз. Ўзбекистон компартияси МҚда биз мунтазам равишда “МСВ” журнали бош муҳаррири, САДУМ (Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси) раиси ўринбосари шайх Абулғани Абдулладан холис ахборот оламиз.

Бугунги кунда амалда бўлган ислом ғоятлари ўз ичига кишини ўйлантирадиган кўп нарсани олади. Мен зиммамдаги бутун масъулиятни яхши англаган ҳолда шуни айтмоқчи эдим-ки, Владимир Александрович, Наврўз – зарарли байрам. Ҳаттоки мен жуда ҳурмат қиладиган оқсоқол Уйғуннинг фикри бошқача бўлса ҳам.

Авваламбор, ушбу байрам доирасида исломнинг ақлга сиғадиган ва сиғмайдиган барча анъаналарига амал қилинади. Бу байрамнинг асосий пойдевори юқори ахлоқли социалистик жамият яратиш, жамоатчиликни меҳнатга чақириш эмас, ғайритабиий кучларга бўлган ишонч, бўйсунишга даъват этиш, тинимсиз намоз, мачитдаги амаллар, бунинг натижаси ўлароқ одамларнинг ўз кучига бўлган ишончнинг йўқолишидир. Ўзбекистонда аёллар аллақачонлар паранжиларини ечиб ташлаганлар. Биз аёллар учун шармандали бўлган бу матоҳнинг гулханда ёқиб юборилган кунини байрам сифатида нишонлаймиз. Аммо энди руҳонийлар аёлларга оқ рўмол кийдиришди, бу эса жамиятда аёлларнинг ҳуқуқлари бузилишининг шармандали белгиси бўлиб қолди. Наврўз пайтида Наманганда, Андижонда, Фарғонада, Қашқадарёда аёллар дин томонидан оппоқ шармандалик рамзи билан ўранишга мажбур қилинади.

Ислом ва айнан Наврўзнинг конкрет зарарли оқибатлари мана шулардан иборат. Бизнинг республикамизда, ҳурматли Владимир Александрович, нафақат оддий одамлар, балки раҳбарлар, шу жумладан, партия органлари ҳам кўпинча халқ урф-одатларини ва диний анъаналарни чалкаштириб юборадилар. Бу иккови эса айнан битта нарса эмас. Биз ҳам хатлар ва аризаларни ўрганамиз-ку. Уларнинг кўпи диққатга сазовордир. Мана, масалан, кеча шахсан ўзим ноширлик, полиграфия ва китоб сотиш ишлари бўйича Тошкент вилоят ижроқўми раҳбари, тарих фанлари номзоди ўртоқ Миралимовнинг расмий хати билан танишиб чиқдим. Мактуб КПСС МҚ ташвиқот бўлими маърузачиси Л. А. Ониковга йўлланган. Хатнинг номи: “Наврўз мафкуравий ишлар учун керакми?”. Мафкура ишчиси шундай ёзади: “Бугун совет одамларини урф-одат ва анъаналарда, байрам ва бошқа нарсаларда яшаётган халқ руҳиятини сақлаш масъулиятини ҳис этиш йўналишида тарбиялаш ҳар қачонгиданам муҳимроқ масаладир. Энг биринчи ўринда Наврўз туради, у минг йиллик тарихга эга бўлса ҳам, диний маросим шакллари билан боғлиқ эмас”. Афтидан, ўртоқ Миралимов ҳозирги кунда дин бизнинг мамлакатимизда мавжуд бўлган мухолиф мафкура эканлигини унутиб қўйган кўринади. Партия ва совет раҳбарлари кўз олдида Наврўз байрами арафасидаги қайта тиклаш ишлари баҳонасида янгидан-янги мачитлар ва ибодатхоналар қурилади, болаларни Қуръонга ўргатиш учун ноқонуний мактаблар очилади. Давлат объектларининг фойдаланишга топширилишида худойи диний маросими ўтказилади. Диний ташкилотларга қилинадиган ҳар йиллик хайрия миқдори тўрт миллион сўмдан ошиб кетади. Бизнинг республикамизга ташриф буюрган АҚШ Давлат Қўмитаси ҳодими Н. Лубин шундай деганди: “Ўзбеклар кўпроқ анъанавий ҳаёт тарзи билан боғлиқ харажатларни маъқул кўрадилар, байрамлар, маросимлар, туғилган кунлар, тўйлар, суннат тўйлари ва ҳоказоларга катта миқдордаги пулларни сарфлайдилар”. Албатта, барчасида Наврўзни айбдор қилиб бўлмайди, аммо унинг диний моҳияти ва зарарли оқибатларини назардан қочириш ҳам тўғри бўлмайди.

Чуқур яширилган диний маросимчилик бизнинг раҳбарларимиз орасида феодал-бойлик хулқ-атворининг ривожланишига олиб келди. Айнан феодал-бойлик муносабатлари қўшиб ёзиш, омонатга хиёнат қилиш, тилёғламаликни келтириб чиқарди. Бу маълум даражада аёллар ва қизлар ўз устига керосин қуйиб, ўзларига ўт қўйишидек шармандали ҳолатларнинг келиб чиқишига сабаб бўлди. Охирги икки йил мобайнида икки юзтача атрофида шундай ҳолат кузатилди. Афтидан, мавзудан четлашиб, бироз қизишиб кетдим, лекин шу баҳона шу стол атрофида ўтирган барча МҚ бюроси аъзоларига мурожаат қилмоқчи эдим: илтимос, масаланинг моҳиятига чуқурроқ диққат қилинг ва келинг, республикадаги энг жиддий муаммони биргаликда ҳал қилайлик”.

Осётров овқатни тановул қилиб бўлди ва пиёладан ўзбекчасига, шошмасдан кўк чой ҳўплади. Чой буғлари орасидан ўзининг айёрона қисилган кўзлари билан Раъно Ҳабибовнага тикилди. Унинг юзи, олдинги кунлардан фарқли равишда, қувонч ва сукунатни акс эттирарди: “Оббо, ҳаммани қўрқитиб қўйдинг-ку! Тўғри айтдинг, ислом – жиддий миллий илдиз. Бу масалада осонгина қарор қабул қилиш мумкин эмас. Яқиндагина кўпчилик виждонли худосизлар деҳқонларга ер бўлиб берилса, ишчиларга заводлар топширилса, аҳолининг саводсизлигига қарши курашиб, маданий ўсиш таъминланса, тамом – одамларга Худо, руҳонийлар, муллалар керак бўлмайди, деб ўйлашарди. Шунда эшонлар ўзлари черков ва мачитларини ёпадилар, бу иморатларнинг энг қимматлилари эса меъморчилик ёдгорликлари ёки бўлмасам “одамларнинг хатолари музейи”га айланади, деб ҳисобланарди. Аммо кутилган натижалар ва саъй-ҳаракатлар ўзини оқламади. Сиз маросимлар ҳақида гапирдингиз. Кўп раҳбарларимиз маросимлар ҳақида гапиришади, лекин ўзларини ҳам, болаларини ҳам, набираларини ҳам суннат қилдиришади”. – Осётров, камарини бироз бўшатиб, давом эттирди: “Мана қаранг, стол атрофида ўтирганларнинг ҳаммаси тарбия кўрган, ўқиган…” лекин у фикрини тугатишга улгурмади – ўтирганлар ўзларини кулгидан тўхтатолмай қолишди. Кулавергандан кўзларим ёшланди, Тимофей Николаевичнинг охирги жумласи қандай фикр билан тугаши мумкинлигини тасаввур қилдим. У эса ҳазиломуз тарзда давом этарди: “Фақат Владимир Петрович маҳаллий маросимлардан ўтиб улгурмаган бўлиши мумкин”.

Кулгу авжга чиқди. Ережеп Айтмуротов, ғалати талаффузда кулгу аралаш деди: “Бўлди, бошқа кулолмайман! Раъно Ҳабибовнанинг гаплари тўғрига ўхшайди – унга ёрдам бериш керак, лекин халқ урф-одатларига бундай хуруж қилиш тўғри эмас, биз бундан фақат ютқизамиз”.

Раъно Ҳабибовна ҳижолатомуз жилмайганча хурсандчилик овозини ўтказиб баланд овозда: “Тимофей Николаевич, сизда халқ маросимларининг оқибатларини кўриш имконияти кўпроқ бўлса керак, лекин мен бу масалани хурсандчилик туфайли кўтарганим йўқ. Барчамизни Ўзбекистоннинг муаммолари хавотирлантириш лозим. Ўйлашимча, Владимир Петрович ҳам, тажрибали киши сифатида, республикадаги дин муаммоларини ўрганишга вақт топади”.

Менинг қиёфам жиддий тус олди ва бироз ўрнимдан қўзғалиб, Раъно Ҳабибовнага МҚнинг мафкуравий йўналтирилган ишида албатта ёрдам беришни ваъда бердим. Осётров чой ичишни тўхтатди, ишбилармон қиёфада барчага мурожаат қилди: “Демак, дўстлар, ҳадемай соат 3 бўлади, тугатинг – ҳамма ўз ўрнига”.

Йиғилганлар хонани тарк этиш мақсадида ўринларидан тура бошладилар, лекин Тимофей Николаевич гапиришда давом этарди: “Эртага Иномжон Бузрукович Фарғонада газ қувури қурувчилари билан йиғилиш ўтказади. Сиз, Шағазатов, бугун у ерга учиб боришингиз ва биринчи котибга керакли ҳужжатларни тайёрлашингиз лозим. Сиз, Раъно Ҳабибовна, қурувчилар йиғилишидан сўнг улар учун концерт ташкил этиб беришингиз керак, буни Иномжон Бузрукович илтимос қилди. У бугун Нукусдан қўнғироқ қилди ва сизга айтиб қўйишимни буюрди. Сизга эса, Владимир Петрович, Иномжон Бузрукович мана бу объектни олиб боришни топширса керак, лекин у ерга бориш ҳозирча талаб этилмайди, унинг ўзи сизга ҳаммасини батафсил тушунтиради. Дарвоқе, яқин кунларга нималарни режалаштиргансиз?”. Мен аппарат билан, ҳужжатлар билан, иш режалари билан танишаётганимни айтдим ва ўз хоҳишимча ишлашимга бир ҳафтагина имкон беришини сўрадим. Осётров рози бўлди.

Шу билан МҚдаги менинг учун иккинчи тушлик тугади, ва биз хайрлашиб, тезда тарқала бошладик.

Йўлакда Қодиров югуриб кетаётганди. Мен ўз кабинетимга шошилмасдан борардим. Тан олиш керак-ки, тушлик пайти эшитганларим мени ҳаяжонга солди. Ислом мавзуси менинг учун мутлақо нотаниш эди. Ўзбекистонга келишдан олдин нималардир ўқигандим, лекин бунинг ўзи камлик қилишини тушундим, шунинг учун бугуноқ масалани ўрганишга киришишга қарор қилдим. Бу соҳада фаолроқ бўлиш ниятида эдим. Аммо масалани яхшироқ ўрганганим сайин бу ишларга аралашмасликка қарор қилиб бордим ва ҳеч қачон аралашмадим ҳам.

Йўлакда мени Осётров чақирди: “Владимир Петрович, кечиринг, бугун эрталаб Иномжон Бузрукович қўнғироқ қилган эди, ва у билан суҳбатдан билдим-ки, сиз ўз ватандошингиз – Воротников Виталий Иванович билан яқин дўстлик муносабатида экансиз. Мен бу одам ҳақида кўп яхши гаплар эшитганман, сизнинг у билан муносабатларингиз яхшилиги ҳам ажойиб. Мен Усмонхўжаевнинг фикрини қўллаб-қувватлайман, сиз Виталий Ивановга қўнғироқ қилиб, ўзингизнинг янги юқори лавозимга тайинланганингизни айтишингиз даркор. Бундай катта одам билан яхши муносабатлар сиз учун ҳам, Ўзбекистон учун ҳам фойдали бўлади”. Мен Тимофей Николаевичга муваффақиятимга бўлган эътибори учун ўз миннатдорчилигимни билдирдим, ичимда эса Воротников билан дўстлигимга не қадар катта диққат қилинаётганини ўйлаб қолдим. Кўринишидан, бу одамлар орасидаги муносабатларни тушунишдаги яна бир шарқона ўзига хослик эди. Шу фикрлар билан мен Виталий Ивановичга қўнғироқ қилишга ваъда бердим.

Мен зинадан бир қават пастга тушиб, милициячи ёнидан ўз кабинетимга ўтдим. Стол устида қоғозлар кўпайиб қолганди. Ҳужжатлар орасида биринчи кўзимга ташлангани Ўзбекистон компартияси МҚ бюроси аъзоларига Наврўзни нишонлаш масаласида йўлланган хатлар ва бошқа ҳужжатлар эди. Ғалати, айнан шундай ҳужжатлардан иборат каттагина папка столнинг энг кўзга ташланадиган жойида турибди (наҳотки эрталаб уларни кўрмаган бўлсам?). Мен ўйланиб тургунимча Мачигин кириб келди ва мен йўқлигимда ташкилий бўлимдан Наврўз бўйича материал бериб юборишганини айтди. Ва тушкун оҳангда қўшиб қўйди: “Опамизам боплади-да, Худойим-ей!..”, ва чиқиб кетди. “Опа” деганда Абдуллаевани назарда тутганди. Ёрдамчимнинг сўзларидан англадим-ки, тушлик пайтидаги муҳокама мавзуси ҳеч кимни бефарқ қолдирмаган. Ҳужжатларнинг кўчирмаларига бир разм солиб чиқдим-да, МҚ бюроси аъзолари МҚнинг мафкура бўйича котибасининг киритмоқчи бўлган янгилигини унчалик қўллашмаслигини тушундим.

Ҳужжатлар чизиқлар, белгилар, қушчалар билан тўлиб-тошиб ётарди, демак-ки, улар устида узоқ ўй суришган, лекин, бошқа масалалардагидан фарқли равишда, бирорта ҳам ёзма таклиф ёки тавсия йўқ эди. Назаримда, ҳамма қарши фикр билдиришдан қўрқиб турибди, лекин қўллаб-қувватлашга ҳам шошилмаяпти. Бу ғирт ўзбекча дунёқараш. Лекин мен ҳам ҳужжатларни қўлимда ушлаб турибман ва ўз фикримни билдиришим керак. Мен янгиман, шунинг учун шахсий фикрларимни билдирмай тураман деб ёзиб қўя олмайман-ку ахир. МҚ котиби ва бюро аъзосига бундай нарсалар ярамайди, мен бу ерга аниқ топшириқ билан келганман, менинг шубҳаланишга ва ўйланиб ўтиришга ҳаққим йўқ. Догонкинга қўнғироқ қилиб, у менга аниқ қарор қилишим учун ислом, хусусан, Наврўз ҳақида маълумот беришини илтимос қилдим. Догонкин мамнуният билан рози бўлди ва масала дарҳақиқат жиддий бўлгани учун дарҳол ёнимга киришга тайёрлигини айтди.

Бир неча дақиқадан сўнг у кабинетим остонасида турарди. Мен ўрнимдан туриб уни қарши олдим ва биз илиқ сўрашдик. Катта стол атрофида бир-биримизга қарама-қарши ўтириб олдик. Яқинда Анисимкин шу стол теварагида менга Ўзбекистон ҳақида гапириб берганди. Пётр Васильевичнинг қўлтиғида папка бор эди, умуман олганда, у ҳар доим папка билан юрарди. Ҳар куни МҚ котибларини турли ташкилий масалалар бўйича йўллашига тўғри келарди, унинг яхшигина аппарати бўлса-да, айрим ишлар ўзи иштирок этишини талаб қиларди. Шу боис Догонкин йиллар мобайнида ўз фикрида қатъий туришни ва раҳбариятдан қўрқмасликни ўрганган эди.

У дарҳол бошлади: “Владимир Петрович, мен ўзбеклар орасида болалигимдан буён яшайман. Бу ерни беш қўлимдай биламан. Биламан-ки, дин ва урф-одатлар шунчалик бир-бирига боғланиб кетган-ки, улардан бутунлай ҳоли одамнинг ўзи бўлиши мумкин эмас. Дафн маросимини олайлик. Бу маросимнинг бир неча жиҳатларини санаб ўтаман. Биринчидан, жасадни кўмиш қуёш ботганидан сўнг амалга оширилади. Марҳум ҳеч қачон қариндошлари қуршовида тўрт-беш соатдан ортиқ бўлмайди. Дафн жараёни фақат эркаклардан иборат бўлади, марҳумни қабристонга тезликда, югуриб олиб боришади. Ҳаётдан кўз юмган одам устига тупроқ сочиш мумкин эмас, шунинг учун қабрда туйнук очилади, у ерга кафанга ўралган одам тобутсиз қўйилади; марҳумнинг боши тагига бирор нима қўйишади, қабрни тупроқ билан ёпишади. Европа урф-одатларидан фарқли равишда, тепаликлар ва қўралар қилинмайди. Фақатгина Қорақалпоғистонда ва сув ерга яқин жойлашган бошқа ҳудудларда пишиқ ғиштдан турбат қурилади. Ҳаттоки ўтган йили Рашидовни кўмишганда яқин қариндошлари дафн маросимининг кўпсонли иштирокчиларидан унинг кўмилишини яширишга ҳаракат қилишди. Дафн жойи брезент билан ўралганди, Шароф Рашидович мусулмончасига кўмилганига ишончим комил. Тўғри, унинг танаси тобутда эди, лекин тобутнинг қопқоғи ёпилмаганди. Кўмиш маросими тез ўтди, бунда бир нечта одам – фақат энг яқин қариндошлари иштирок этишди. Азанинг бошқа иштирокчилари чеккада кутиб туришди. Брезент олиб ташланганида дафн жойи мусулмонча шаклга эга эди.

МҚнинг қарори чиқиши билан ҳаммаси ўзгариб қолади, яъни дафн маросими ўзгариб қолади, суннат тўйи ўтказилмайди, тўйларга кам одам чақирилади, шу муносабатлар билан берилувчи кўплаб совға, тортиқ ва бошқа нарсалар илдизи билан ғойиб бўлади, деб ўйлаганлар адашади. Фақат аҳмоқ одамгина бундай деб ўйлаши мумкин.

Наврўзни ман этиш мумкин эмас – у умумхалқ байрами. Бошқа масала – одамларга умумоилавий, умумжамоавий муносабатларни тартибга солишда ёрдам бериш керак. Уларда ноқонуний нарсаларни камайтиришга, байрамларни яхши ташкил этиш, дам олиш ва хурсандчилик унсурларини кўпайтириш устида ишлаш лозим. Ўзбекистонда оилалар жуда катта, қариндош-уруғчилик бошқа барча мафкуравий қарашлардан устун туради. Барча ишларни оқсоқоллар – ҳурматли нуроний инсонлар назорат қилади, кекса аёлларнинг ҳам ўрни катта. Буларнинг барчаси билан курашиш мумкин эмас. Сизга, Владимир Петрович, Ўзбекистондаги дастлабки кунларингизданоқ исломга қарши курашчи сифатида танилишингизни маслаҳат бермайман. Эҳтиёткор бўлиш талаб этилади. Раъно Ҳабибовна киритган таклиф кўнманг – бизнинг ҳаммамиз унга шуни уқтиряпмиз. Ҳеч ким Наврўзни бекор қила олмайди. Шу сўзларимни эслаб қолинг.

Мен, Владимир Петрович, шахсан сиз учун КПСС МҚ ишчиларининг катта мактубидан нусха олиб келдим. У катта – бир неча ўн саҳифа – унда ислом нима эканлиги, унинг одамлар орасидаги машҳурлигига сабаб нималиги, унинг моҳияти нимадалиги батафсил баён қилинган; ислом омилини ҳисобга олган ҳолда сиёсий ишларни олиб бориш бўйича аниқ тавсиялар берилган. Фикримча, бу мактуб КПСС МҚ котибияти учун ёзилган”. Догонкин менга мактуб солинган папкани узатди. КПСС МҚ ишчилари ҳужжат тузишни яхши билишларини ва, агарда бирор нарса ҳақида ёзишса, масалани бошдан-оёқ ўрганиб чиқишларини билардим. Албатта, бундай ҳужжатни ўқиб чиқиш қизиқ эди. У ҳалигача ўзимда турибди.

Пётр Васильевич билан муҳокама қиладиган нарсамиз қолмаганди. Унга самимийлиги ва яхши тилаклари учун миннатдорчилик билдириб, шу заҳотиёқ, унинг кўз олдида, МҚ қарори лойиҳасига бюро аъзоларидан бири сифатида: “Ушбу масала бутун республикага тегишли бўлганлиги туфайли қарор қабул қилишга шошилмасликни тўғри деб бахолайман” деб ёздим, санани ёздим, имзо қўйдим. Бу МҚ котиби сифатидаги биринчи ишим эди. Ҳужжатларни Догонкинга топширдим. У, афтидан, мендан бундай қатъият кутмаганди, шекилли, тезда хайрлашиб кетворди. Мен шу заҳотиёқ мактубни ўқишга киришдим. Мундарижа сарлавҳада тўлалигича ўз аксини топганди: “Анъанавий ислом тарқалган ҳудудлардаги атеистик тарбия ва динга муносабатнинг айрим масалалари (ҳолати, муаммолари ва вазифалари)”. Фикримча, мактубни тўла келтириш шарт эмас, лекин унинг энг қизиқарли жойларига тўхталиб ўтиш лозим. Ислом ҳақида жуда кўп ёзилган, шу боис бу мактуб ушбу масалага ҳеч қандай янгилик киритмагани ва кашфиёт ҳам қилмаган аниқдай эди. Лекин партия марказий органининг исломга муносабати – бу бошқа масала. Менимча, жанговар атеизм исломни қандай тушуниши энг қизиқарли масаладир. Шу туфайли ўша пайти ҳеч ким дахл қила олмаган ушбу ҳужжатнинг мазмунини қисқача келтириб ўтишни маъқул кўрдим.

Москва, 2009

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here