(Ушбу мақола қисқартирилган шаклда “Оила даврасида” газетасининг 2016 йил 11 февралдаги 6-сонида “Қош қўяман деб кўз чиқармайлик ёхуд жой номлари нега хунук?” номи остида чоп этилган. Материалнинг лотин алифбосидаги версиясини қуйидаги ҳавола орқали топишингиз мумкин)

 

Академик Д. С. Лихачёв ўз вақтида таъкидлаган эди: “Топонимиянинг тарихий-маданий меросийлигини қайта тиклар эканмиз, биз бу билан халқимизнинг маданий қадриятларини қайтарамиз, бугундан ўтмишга ва ўтмишдан бугун орқали келажакка алоқа ришталарини ўтказамиз. Тарихий номларни қайтариш ва ҳимоя қилиш – олийжаноб ижтимоий ва маданий вазифа!”

Жой номларининг келиб чиқишини ўрганувчи топонимия фани ҳақида билдирилган бу фикр тўкис ҳақиқатни акс эттиради: шаҳарлар ва маданиятлар тупроқ остида қолиши, китоблар йўқолиши, тиллар унутилиши мумкин, бироқ жой номлари унча-мунчага унут бўлмайди.

Топонимияга бўлган қизиқишимни дастлабки босқичда илмий нашрлар билан қондирган бўлсам, кейинчалик бугунги куннинг даракларини ўрганиш учун даврий матбуотда мавзунинг ёритилишини кузатдим. Дуч келганим мақолалар асосан номларни ўзгартириш, эскиларини қайта тиклаш борасида олиб борилаётган ишларга бағишланган эди. Эришилган ютуқларни эътироф этган ҳолда, таъкидлаб ўтишим лозим, айрим камчиликларга, шунингдек, тилга олинган мақолаларда йўл қўйилган нохолисликка кўз юма олмадим ва уларга қисқача тўхталиб ўтишга қарор қилдим.

Кузатишларимга қараганда, журналистлар мазкур мавзу доирасида қуйидаги йўналишларга эътибор қаратадилар:

– совет давридан қолган жой номлари ўзгартирилмоқда ёхуд уларга тарихий номлар қайтарилмоқда;

– “хунук” номлар ўзгартирилмоқда.

Совет даври номларининг ўзгартирилиши ўзини оқлайдиган тадбир, деб айта оламиз. Чор Россияси маҳаллий халқларнинг ички ишларига имкон қадар аралашмасликка ҳаракат қилган бўлса, Совет ҳукумати ўтмиш билан алоқани узиб ташлаб, тамомила янги жамият яратишга уринди, шу боис тарихий хотиранинг муҳим қисми бўлмиш жой номларида янгича мафкурани акс эттиришга интилди: харита Бухарин, Киров, Оржоникидзе, Сталинобод, Фрунзе отларига бурканди. Шундай экан, ҳозирги кунда бундай мафкуравий илдизга эга номларнинг ўзгартирилиши табиий ҳолдир.

Аммо ушбу жараёнда маълум эътиборсизлик сабаб юқорида тилга олинган “хунук” топонимлар ҳам зарба остида қолмоқда.

Масалан, Бешкал, Яланғоч, Харкушт сингари отлар “ҳеч қандай маънога эга эмас” ва “маънавий қиёфамизга мос келмайди”, дея талқин қилинган пайтлар ҳам бўлди. Бундай таъкидлар топонимия илми билан ҳам, тарих билан ҳам яхши таниш бўлмаган кишидан чиқиши мумкин, холос.

 

Илдизи бақувват номлар

Ўзбекистон ҳудуди топонимиясини чуқур ўрганган этнографлардан Б. Қармишева (Сурхондарё), О. Сухарева (Бухоро, Қашқадарё), Х. Дониёров (Самарқанд), С. Губаеваларни (Фарғона водийси) алоҳида ажратиб кўрсатиш мумкин. Улар тўплаб, таҳлилдан ўтказган маълумотлар шуни кўрсатадики, бир-бир ярим аср муқаддам жойларнинг аталишига бошқача ёндашилган. Аввало, расмий номлар бўлмаган, фақат халқ тилида муайян жойнинг ўзига хос хусусиятларига (масжид-мадрасалар, чойхона ва зиёратгоҳлар), бино этилиш тарихига (тепалик устида, дашт ўртасида ташкил топиши) ва у ерда истиқомат қилувчи уруғ номига уйғунлаштирилган. С. Губаева фарғоналик бир нуронийнинг сўзларини келтиради: “Илгари тошлоқ-пошлоқ демасдик, уруғнинг номини айтардик”.

Шундай экан, маънисиз ва ғалати деб ҳисобланаётган жой номларининг кўп қисми моҳиятан чуқур тарихий мундарижага эга бўлиб, ўтмишнинг том даракчисидир: Бағанали, Боймоқли, Така, Яланғоч, Бешкал – буларнинг бари қабила, уруғ ва тўп-гала номларидир. Ўзбек халқи ўз таркибига олган 92 бовнинг ҳар бири уни мозий билан боғлайдиган бир риштадир, зотан, улардан воз кечиш тарихий хотирани тиклаш борасидаги ишларга зид келиши мумкин. Таассуфки, жойларда профессионал топонимчиларнинг деярли йўқлиги, шоша-пиша қабул қилаётган айрим қарорлар тарихий хотиранинг бутун бошли қатламлари янги, чиройли, аммо тарихий асосга эга бўлмаган номлар остида қолиб кетишига сабаб бўлмоқда.

Мутлақо маънодан мосуво жой номлари бўлмаганидек, ҳақоратли номлар ҳам бўлмайди, мутахассис этнографлар ва тилшунослар ёрдамига мурожаат этилмагани туфайли бу сингари янглиш хулосаларга келинади. Аввало, айрим уруғ номлари унутилиши оқибатида халқ жой номларини нотўғри талқин қила бошлаши мумкин. Қўқон тарафларда Жалаер деган қишлоқ бор. Маҳаллий аҳолининг ишонишича, бу ерларда кўп жала ёққанидан шу таъриф ўрнашиб қолган эмиш. Ваҳоланки, жой номининг туб шакли Жалойир бўлиб, бир пайтлар мазкур ҳудудда шу отдаги қабила истиқомат қилганидан дарак беради. Шунингдек, Ургутда Манғитобод Магнитободга айланиб кетган. Баъзан мутойиба қилинадиган Яккабоғдаги Қайрабсолди ҳам аслида Қайрасонли бўлиб, кенагас қавмининг бир шохини англатади.

Иккинчидан, бизга хунук туюлган сўзлар 100-200 йил муқаддам бошқа маънода ишлатилган бўлиши ва ҳақоратли юкка эга бўлмагани эҳтимоли баланд. “Галатентак” тарзидаги кенг тарқалган топонимни танқид остига оларкан, айрим муаллифлар XX аср бошига қадар “тентак” сифати руҳий хастани эмас, балки руҳи баланд, жанг қилишга қобил жасоратли инсонни англатганини ўйлаб қўришмайди. “Девона” сўзи ҳам салбий тусга эга бўлмай, фоний дунёдан воз кечган тақводор дарвешларга нисбатан қўлланган. Таниқли мумтоз шоир Машрабнинг ҳам девона деб аталиши бежиз эмас.

Ниҳоят, жой номи қадимда мазкур ҳудудда тарқалган бирор ўлик тилга бориб тақалиши мумкинки, бу унинг тилшунослик ва тарих олдидаги қадрини ўн чандон оширади. Айтайлик, юқорида эсга олинган Харкушт номи форсча “эшак ўлди” маъносини англатиши мумкин (Қорақалпоғистонда бунга монанд Қўйқирилган топоними машҳур, “Бобурнома”да эса Такасакраган тилга олинади), лекин бу ном сўғдча “чархушт”га ҳам бориб тақалиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас. Ушбу сўзнинг мазмуни “узум эзадиган ускуна”дир.

Хунук жой номларини чиройли муқобилларига алмаштириш олдидан ҳар бир ном остида беркинган тарихий асосга чуқур разм солиш керак, назаримда. Ўз кайфиятига қараб бирини “чиройли”, бирини “хунук” ва “маънавиятсиз” деб баҳолайдиган ҳаваскорлар эмас, ишнинг кўзини биладиган олимлар, топонимчи ва тарихчилар жойларни номлаш ишига жалб қилиниши зарур эмасми?

 

Қўқонни Гулобод атасак…

“Регистон” форсчада шунчаки “қум тўшалган жой” дегани. Лекин бу номнинг бирор-бир “чиройли” муқобилини топиб қўйсак, Самарқанднинг рамзига айланган машҳур тарихий ёдгорликнинг мавқеига қай даражада катта зарар келтирилишини тасаввур қилиб кўринг!

Албатта, кичик қишлоқлар, сойлар ва тепаликлар Регистончалик муҳим аҳамият касб этмаслиги мумкин, бироқ тарихан шаклланган номлар уларнинг ҳар бирига ўзгачалик, бетакрорлик, миллий руҳ бахш этади, тарихий хотиранинг тикланишига ва мустаҳкамланишига ёрдам беради. “Гулистон”, “Бахтобод”, “Баҳористон” каби ҳашаматли таърифлар ҳам ўз ўрнига эга, лекин улар бизнинг замонамизда, бизнинг қўлларимиз билан яратилган майдонлар, иншоотлар, боғлар, каналлар ва аҳолижойларга ярашади; тарихий номларнинг улар билан ўзгартирилиши эса туссиз, бир хилдаги “гулистон”ларнинг урчишига олиб келади.

Аслини олганда, ҳамма тарихий номлар ҳам биз кутганчалик баландпарвоз бўлиб чиқавермайди. Манбаларда Қўқон топоними “Ҳаво қанд” (ҳавоси яхши шаҳар), “Кўх канд” (Тоғ ёнбағридаги шаҳар) тарзида тушунтирилиши кўп шоирларни илҳомлантирган, илло бу таърифлар бадиий тўқимадан бошқа нарса эмас. Атаманинг туб мазмуни биз кутгандан анча жўн: сўғдча “ғуво кант” – “савдо шаҳри” (араб тили таъсирида “Хўқанд” шакли юзага келган). Тасаввур қилинг, шу мантиқдан келиб чиқиб, Қўқонни “Гулобод” деб атасак? Унда шаҳар қиёфасини, руҳиятини йўқотиб қўяди-ку!

“Жиззах” сўғдчада ва форсчада “кичкина қўрғон”, “Тошкент” эски туркчада “Тош шаҳар” деганидир, лекин аллақачон тарихий капиталга айланиб улгурган бу номлардан воз кечиш ҳеч кимнинг хаёлига келмайди. Нега унда кичик қишлоқларнинг тарихий аталишидан осонликча воз кечилиши керак?

Жойлардаги комиссиялар ва ишчи гуруҳларнинг шуларни эътиборга олиши, мутахассислар жалб қилиниши, ном алмаштиришда эҳтиёткор ва синчков бўлиши фойдадан ҳоли бўлмайди, назаримда.

 

Илова

Қуйида Ўзбекистон ҳудудида кенг тарқалган, тарихий негизи бақувват, аммо айримлар томонидан ножўя деб келинаётган баъзи жой номларини шарҳлаб ўтамиз.

Така – туркман уруғларидан бирининг номи. Тахмин қилинишича, така бу уруғнинг тотеми бўлган. Хоразм ўзбеклари ёстиқни “така ястиқ” деб атаркан, уни айнан шу қавмга нисбат беради. Ўз навбатида, айрим туркман бўйлари бу ашёни “ўзбек ястиқ” деб атайди;

Чандир – туркман уруғи, човдурларнинг бир бўлинмаси. “Чайир, эпчил” деган маънони англатади;

Яланғоч, ингичка (жингичка) – Фарғона қипчоқларининг тўплари;

Галаботир, галатентак, галадевона – Ўрта Осиё арабларининг тўплари (галалари). Қармишева Жанубий Ўзбекистон ва Тожикистон ҳудудида ўтказган изланишлари мобайнида Работакнинг Бой ва Сари қишлоқларида истиқомат қилувчи ўзбекзабон арабларнинг шу номдаги бўлинмаларини қайд қилади. Юқорида айтилганидек, “тентак” ва “девона” сўзлари бу ўринда салбий юк ташимайди;

Бешкал, каллар – турк иттифоқига кирувчи калтатой қабиласининг бир уруғи. У каттакаллар ва майдакаллар тўпларига бўлинади. Бундан ташқари, Работак арабларининг бир гуруҳи ўзларини бешкал уруғига мансуб деб ҳисоблаганлар, қўнғиротларда эса каллар деган тўп бўлган;

Қўштамғали – ниҳоятда кенг тарқалган бу топоним қўнғирот қабиласининг энг йирик уруғини ифодалайди. Ривоятга кўра, Қўнғирот отанинг катта хотинидан тўртта (Увоқтамғали, Қўштамғали, Хонжиғали, Ойинли), кичик хотинидан битта (Тортувли) ўғли бўлган. Улардан тарқалган авлодлар 18, 16, 14, 12 ва 6 гуруҳга бўлиниб, Олтмиш олти ота қўнғирот қабиласини ташкил қилган. Уларнинг кўпи тамғасига кўра номланган (жилонтамғали, қайчили, болғали, тароқли, қўлдовли, боймоқли, ачамайли ва ҳ.к.);

Уйшин, хитой, қорахитой, уйрот, лақай, қўнғирот, нукус, митан, ўнгут, қавчин, жалойир, тулкичи, қушчи, қарапчи, тақачи, пичоқчи, юз, қирқ, минг, уйғур, қирғиз, мўғул, қозоқ, қиёт, чиғатой, орлот (оллот), баҳрин, кенагас, арғин, сирғали, боймоқли, туркман, дўрмон, найман, сарой, қатағон, манғит, қалмоқ ва ҳ.к. – ўзбек бўйларининг номлари;

Дўнг қишлоқ – юқорида, тепаликда жойлашган қишлоқ. Одатда унинг яқинида Паст қишлоқ ҳам бўлади;

Моҳов қишлоқ – бирор уруғдан ажралиб чиқиб, яйдоқ далада оиласи билан ерлашган одам “моҳов” ёки “яккамоҳов” деб юритилган. Унинг жойлашган ерида ўсиб чиққан қишлоқ секин-аста “Моҳов қишлоқ” деб атала бошланган. Номнинг тарихий муқобили – Отабезор гузар.

 

Эльдар Асанов

1 izoh

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here