Bu maqola Taraqqiy’da chop etilgan “Inson qanday radikallashadi” nomli maqolaga raddiya sifatida o’quvchilar tomonidan yuborilgan. Taraqqiy tahririyati jamiyatimizda bo’lib o’tayotgan mavzularda muhokama bo’lishi kerak deb hisoblaydi. Shu maqsadda, tahririyat tomonlarga o’z qarashlarini bemalol ifodalash uchun platforma taqdim qilmoqda.     

Фалсафада “фосид доира” назарияси мавжуд. Бунинг маъноси бузуқ айлана ичига тушиб қолишдир. Яъни, аввалдан чиқиш йўли бўлмаган, лабиринт ичини ҳам фосид доира дейиш мумкин. Инсоннинг тафаккурда фосид халқа ичига кириб қолиши хатолар гирдобида  сарсон бўлишига сабаб бўлади. Ботил ғояни ҳақ қилиб кўрсатиш учун бошқа бир ботил ғояни далил қилиш, унинг ботил эканини айтилса яна бошқа ботил фикрни далил қилиб ботил атрофида айланавериш фосид доирага мисоллардан биридир.

Taraqqiy.uz сайтида эълон қилинган “Инсон қандай радикаллашади?”  сарлавҳали  мақолани ўқиб, мақоланинг аноним муаллифи фосид халқа ичида айланиб юрганини кўрдим. Мақоладаги туҳмат ва бўҳтонларга индамай қўявериш, менимча, тўғри эмас. Шунинг учун айрим зарурий ишларимни бир четга суриб қўйиб, ушбу мақолага раддия ёзишга киришдим. Зотан, қадимдан шу каби аноним иғволардан миллат қаҳрамонларини ёмон отлиқ қилиш мақсадида фойдаланиб келинган. 37 йиллардаги қатағонларнинг (репрессияларнинг) бошланишида ҳам шу каби иғволарнинг роли катта эди. Кейин айблар эълон қилинган, айбдорлар рўйхати тузулган ва бу рўйхатга кўра “айбдорлар” топилган, қатл ва қулоқ қилинган! Яъни, иғволар репрессиянинг тегирмонига қуйиладиган лойқа сувдир! Жумлаларга бирма бир жавоб ёзган бўлсамда, аслида бу жавоблар мухтасар шаклда бўлди. Батафсил тўхталишга эса вақт етмаслиги аниқ. Шунинг учун бу каби иғволарнинг бўҳтон ва туҳматлигини очиб бера оладиган миқдорда раддияни лўнда қилишга уриндим. Шунда ҳам мавзу бир оз узайди ва бунинг учун муҳтарам ўқувчидан узр сўрайман. Мавзунинг жиддияти борлиги учун ҳам бундан ортиқ қисқа қилишга имкон топа олмадим. Услубни ҳам мақоладан иқтибос шаклда келтириб, унга мантиқий фикрлар ва мўътадил исломий таълимотлар асосида жавоблар ёздим…Муаллифнинг гапларини ажралиб туриши учун лотин алифбосида қолдирдим.

Келинг, энди мавзуга киришайлик! Аллоҳ Ўзи ёр ва ёрдамчимиз бўлсин!

Muallif: Аброр Мухтор Алий…

 

taraqqiy.uz сайтида эълон қилинган “Инсон қандай радикаллашади?”  сарлавҳали  мақолага РАДДИЯ

               … Сарлавҳанинг (“Inson qanday radikallashadi?”) ўзиданоқ муаллиф кимдандир қаттиқ дакки эшитгану  нима қилиб бўлса ҳам аламдан чиқиш мақсадида қўлига қалам олгандай туюлади. Сўнг ўзини  гўёки “фалсафа қурувчиси” сифатида тасаввур  қилган муаллиф радикаллик ҳақида “оламшумул” таърифлар беришни бошлайди: “Inson radikal bo‘lib tug‘ilmaydi, u radikallashadi/radikallashtiriladi. Radikallashuv esa bir zumda bo‘lmaydi, balki bosqichma-bosqich amalga oshadi.”

Муаллифнинг талқинича,  «радикал» атамаси  “ўғрилик”, “қаллоблик”,  “муттаҳамлик” каби сўзлар билан маънодошдек… Бир жиҳатдан бунга қўшилиш мумкиндир. Аммо бу маънонинг бошқа жиҳатларига ҳам айнан шу услубда қараш мумкин:

  1. Инсон еб-ичадиган, бемалол юрадиган бўлиб туғилмайди, балки у туғилгач, аста-секин еб-ичишни ва юришни ўрганади.
  2. “Инсон бирдан “Худо йўқ!” деб туғилмайди, балки у “худосизлаштирилади”.
  3. Инсон олим бўлиб туғилмайди, балки илм таълим билан эгалланади…

… ва ҳоказо…

Тўғри, радикаллик одатда салбий сифат дея қаралади. Аммо “Радикал ким?” деган саволга муаллифнинг жавобини кўрсангиз бу “зоти мубораклари” радикал деганда ўзларига қарши ҳар қандай тушунчадаги диндорни, ҳа, фақат мусулмон эмас, умуман бирор эътиқодга эга бўлган одамларни назарда тутгани яққол намоён бўлади:  “Radikallik muayyan g‘oya, fikrning mutlaq haqiqatligi, o‘zgarmasligiga beshak ishonishdir.” Яъни, муаллифнинг тушунишича, янаям тўғрироғи, тушунтиришга уринишича,  радикаллик – муайян ғоя, фикрнинг мутлақ ҳақиқати ва унинг ўзгармаслигидир, дегани экан.

Бунга қўшилиш мумкинми? Радикалнинг таърифи шуми? Йўқ, албатта. Бу таъриф жуда саёз фикрдан ўсиб чиққан тиканакка ўхшайди. Мақола муаллифининг фикрида бузуқлик бор. Ўша бузуқ тушунчалардан келиб чиққан муаммони бу шахс яна шу бузуқ тушунчалари билан ечишга “уринган”. Натижада ўзини ҳам, бошқаларни ҳам алдаган.

Агар инсонда муайян ғоялар, маълум ақидаларда мутлақ ва ўзгармас фикр, қатъий ишонч бўлмаса, демак, у ҳек ким эмас. Унинг кўпик устидаги хашакдан фарқи қолмайди. У шамол қаёққа эсса, ўша ёққа қараб учадиган пат каби бўлиб қолади. Аслида радикал бўлиш учун асосий объект  умуман фикрламайдиган, қатъиятисиз, субутсиз инсонлар  эмасми? Муаллиф ўқувчини аҳмоқ қилишга уриняпти!  Агар ўзининг муайян  йўналишда қатъий ишончи бор ҳар қандай шахс “радикал” дейилаверса, ватанпарварлик, фидокорлик ғоялари тамоман чиппакка чиқарилиши, патсифат бесубутлардан бошқа ҳаммага “радикал” тамғаси босилиб,  “радикализм” луғатда нима маъно билдиришидан қатъий назар, ижобий сифат касб этиб қолади.

Чамаси, муаллиф  “догма”  атамасини  ишлатмоқчи бўлган. Бироқ “радикал” билан “догма”нинг фарқига бормаслиги панд бериб, бу икки атамани келса-келмаса қўллайверган кўринади. Натижада радикализмнинг салбий  нисбат сифатида талқин қилиб, ортидан ақидавий асосларни ҳам “ўз қолипига”  тушурмоқчи бўлади ва догмани очиқчасига диний ақида, дейишгача боради: “Beshak ishonch uni qabul qilmaganlarga nisbatan nafrat hissini ergashtirib keladi. Diniy ekstremizm haqida gapirganda, bunda muhim rol o‘ynovchi ikki omilga diqqat qaratish lozim: Diniy tuyg‘u va diniy aqida (dogma).(?!)

Шу ерда муаллиф ўзи билмаган мавзуда гап очгани янада яққол кўриниб қолган. Балки муаллиф олдига аниқ бир ҳадафни қоралаш вазифасини қўйиб олиб, шу  мақсад йўлида  мантиқсиз мулоҳазалар айтишга тушади:  “Beshak ishonch uni qabul qilmaganlarga nisbatan nafrat hissini ergashtirib keladi”. Бу нима дегани?  Нима, инсон ҳеч бир нарсага қатъий ишонмай ўлиб кетиши керакми?  Бу ғирт аҳмоқона гап, муаллифнинг фарази, холос. Ушбудан келиб чиқиб айтиш мумкинки, муаллиф  айтаётган гапларининг бирортасига ўзи қатъий ишонмайди, ҳаммасида шак­шубҳа қилади, чунки у одамларга нафрат қилмаслик учун шундай қилишга мажбур.

Аслида эса нафрат бирор нарсага қатъий ишонишнинг эмас, балки Аллоҳ яратган турлиликни қабул қила олмасликнинг оқибатидир. Аллоҳ таоло айтади: «Агар Роббинг хоҳласа, ер юзидаги кишиларнинг ҳаммаси иймонга келар эдилар. Ёки сен одамларни мўмин бўлишга мажбурлайсанми? Аллоҳнинг изнисиз ҳеч бир жон мўмин бўла олмас. У ақл юритмайдиганларга кирликни ўрнаштирур» (Юнус сураси, 99-100­оятлар).

Демак, инсонлар ўртасида нафратни йўқотиш учун ишончдан воз кечиш шарт эмас, ушбу оят маъносини яхши уқиб олиш керак, холос.

Инсон  ишончсиз яша олмайди.  Демакки, инсондан ҳамма нарсага шак билан ишонишни талаб қилиш соғлом фикр эмас. Бу гапни ақли  жойида бўлган одам қабул қилмаслиги аниқ.

Ишонч – иймон, демакдир.  Иймондан бундай қўрқиш, ваҳимага тушиш худосизларга теккан касалликдир. «Бешак ишонч нафратга сабаб бўлади» деган ақида ҳам, шиор ҳам ўшаларнинг фалсафасидир. Ўйлашмайдики, уларнинг шу худосизликлари ҳам бир ишончнинг ўзгинаси! Бироқ, инсоният ўзининг узоқ тарихи давомида мана шу қабиҳ ишонч эгалари – худосизларчалик қалби нафратга тўлган қавмни кўрмаган ва кўрмайди ҳам. Худосизлардек инсонларнинг қонини оқизган, қатағон қилган, азоблаган кимсаларни тарих билмайди. Бу ҳақиқатни тушуниш учун узоққа боришга ҳожат йўқ.

Гап радикаллик, умуман, радикализмга бориб тақалар экан,  бу атаманинг моҳиятини англаб олиш лозим бўлади. “Радикализм” аслида сиёсий атама бўлиб, якка шахс ёки бир жамоанинг сиёсий қарашларини жамиятдаги оқимга қарши  куч билан ўрнатиш ҳаракатига айтилади. Бу атама замон ва маконга қараб турли маъноларни касб қилади. Ғарбда радикализм тушунчаси дастлаб 18 аср охирларида юзага чиққан. Ва бу атама ўша даврдаги сиёсий ҳолатни ўзгартиришга уринган гуруҳларга нисбатан қўлланган. Арабларда бу сўз “татарруф” деб юритилади. “Татарруф” ҳам сиёсий атама сифатида сўлчиларга нисбатан ишлатилиб, “меъёрни билмаслик”, “ҳаддан ошиш” маъносида қўлланади. Кўриниб турибдики, муаллиф  айни атама таърифида ҳам адашган.

У “диний ақида” тушунчасини ҳам “догма” дея изоҳлайди. “Догма” –  бир ерда қотиб қолиш, ривожланмаслик, тараққиётни тан олмаслик,  қисқаси, “фосид доира”га кириб қолишни англатади. Бу атама салбий маънода қўлланилиши ҳам маълум. Муаллиф  айни шундан келиб чиқиб, ақида масаласига  ҳам салбий  “либос” кийдирмоқчи бўлади. Бу билан   ўзини “фосид доира” ичидаги кимса  эканини кўрсатиб қўяди.

Аслида мустаҳкам ақидавий асосда туриш “догма” атамаси билан эмас, собитлик, содиқлик, барқарорлик, мустаҳкам ишонч, қўзғалмас иймон каби ижобий сифатлар билан изоҳланади. Чунки ақида – тараққий этиши керак бўлган масала эмас. У собит ва ўзгармасдир. Акс ҳолда, юқорида айтилганидек, инсон субутсиз, пуфак бир нарсага айланиб қолади.

Ақидани “догма” дейиш сўзга хиёнатдир! Ҳар қандай дин ёки таълимот каби Исломда ҳам қатъий ақида мавжуд. Ислом ақидасига кўра, Аллоҳни якка деб билиш, Унинг Фаришталарига,  Китобларига, Пайғамбарларига, охират кунига, яхшилик ва ёмонлик Аллоҳнинг қадари эканига, ўлгандан кейин тирилишга, қиёмат куни ҳисоб қилинишга, жаннат ва дўзахнинг мавжуд эканига қатъий ишониш  мусулмон шахснинг иймони тақозоси ҳисобланади. Буни “догма” дейиш эса,  алдоқчилик, ҳийлакорликдир.  Ҳар қандай ақида, ҳатто “худосизлик ақидаси” ҳам ўзи айтган тушунчада собит турмаса, у сафсатага айланади. “Худо бор” деган одам атеист бўла олмаганидек, “Худо йўқ” деган одам мусулмон бўла олмайди. Бу мантиқий қонуният! Яъни икки зид жамланмайди!

Инсон кўринишидаги бир мавжудот “отам маймун бўлган”, яъни “маймунзодаман”,  дея “илмий жасорат” кўрсатса, фикр эркинлиги бўладию, биров “мен одамзодман, инсон фарзандиман” деб қатъий ишонса, “догма” бўладими?!  Мантиқ қани?

Исломий ақида ҳам, табиийки, собит ва ўзгармас бўлиши ҳамда Қуръони Карим ва ҳадиси шарифлар асосида белгиланиши шарт! Ақида масаласида янгилик чиқарганларга  “адашган фирқа” деб қаралади. 1400 йиллик Ислом тарихида Аҳли Сунна ва Жамоа мазҳабидан ажралиб чиққанлар, асосан , ақида масаласига ўзларича  янгилик олиб кирганлардир.  Уларнинг деярли барчаси сиёсий ўйинлар ҳосиласидир.  Бу ҳақиқатни англаш учун хаворижийлик, мўътазилийлик, жаҳмийлик, қадарийлик, жабрийлик… ва ҳоказоларга мусулмон уламолар тарафидан битилган раддияларни ўрганиш кифоя.

Аслида “догма”  атамаси қатъий ақидага эмас, балки ривожлантириш имкони бор нарсаларга нисбатан ишлатилади. Яъни фан, техника ёки  санъатда янги тушунчаларни тан олмай туриб олиш  муболағасиз “догма”ликдир. Буни Ислом ҳам қоралайди. Ғарбнинг тарихида католик черковининг таъсири аччиқ асоратлар қолдирган. Уларнинг фан ва тараққиётга қаршилиги “догма” дея аталган ва атама айнан шу ўринда тўғри қўлланган. Бугунги кунда Исломни танқид қилмоқчи бўлганлар эса Ғарбдаги католик черковига нисбатан айтилган атамаларни Исломга нисбатан қўллашни урфга киритиб олишди.  Бу ўта хатарли ва ботил ҳийладир.  Агар ақидани “догма” дея талқин этилса, татарруф, яъни ҳаддан ошиш эшигини ланг очган бўламиз! Зотан, татарруфчилар – радикаллар ўз ақидаларига содиқ қолгани учун эмас, аксинча, сиёсий ўйинларга қурбон бўлишига олиб келган саводсизликлари учун радикал бўлишган. Буни исботлаш у қадар қийин  эмас. Кувайт вақф ишлари вазири Одил Фалоҳ айтади: “Дунёда энг фаол 3000 та террористнинг рўйхати тузилган. Ўша рўйхатдаги террорчиларнинг бирортаси олий маълумотга эга эмас”.

“Инсон қандай радикаллашади?” мақоласидан ўқиймиз: “Diniy tuyg‘u inson evolyutsiyasi asnosida adaptiv afzallik bergani bois rivojlanib, inson ruhiyatining muhim hususiyatiga aylangan. Diniy tuyg‘usiz inson deyarli yo‘q. Biroq u turli sharoitda turlicha namoyon bo‘ladi. Inson bepoyon koinot va abadiylik qarshisida o‘zini ojiz sezadi va ayni vaqtda undagi o‘rnini anglashga intiladi. Bu intilish bizda turlicha hislarni paydo qiladi. Ular bizga taskin va ilhom beradi. Hayotimizni ma’nan mazmunli qiladi, irodamizni mustahkamlaydi. Buyuk shoirlar, kompozitorlar, olimlar ayni shu tuyg‘udan ilhom olgan”.

Кўринадики, муаллиф  мусулмон ақидасини догма, дейиш билан бирга, эволюция назарияси борасидаги асоссиз гапларини “аниқ илм”,  дейишга интилади. Натижада бошқани айблаш учун қазиган чуқурига ўзи тушади. Унинг бу ботил назарияни ҳар мақоласига тиқиштиришга уриниши ва унга раддия берганларни “радикаллар, догмалар, фанга қарши муллалар”, дея айблаши айнан ўзининг “догма”лигини кўрсатади.

Инсондаги диний туйғу эволюция натижаси эмас. Бу туйғуни Аллоҳ таоло инсонга қўшиб яратган. Бунга ишониш мусулмон бўлмаган шахслар учун мажбурий эмас. Лекин эволюция назарияси орқали бу туйғу шаклланган, деб, ушбу асоси пуч теорияни бошқа бузуқ тушунчалари учун далил сифатида қўллаш, такрор айтамиз –  “фосид доира”да саргардон юрганларнинг ишидир.

Маълум бўляптики, мақола соҳиби бу ўринда ҳам фикрларини хиёнат чуқуридан туриб ўртага отмоқда ва атрофдагиларнинг устидан кулишга уринмоқда. Шу сатрларгача айтилган фикрларни ўқиркансиз, эътибор қилган бўлсангиз, муаллиф мақоласини ботил асослар устига қуриб бормоқда! Ботил асослар устига қурилган фикрлардан фақатгина  ботил иншоат юзага келади, холос!

Мақоладан яна иқтибос келтирамиз: “Diniy tuyg‘u sof holatda ijobiy hodisa. Biroq bu tuyg‘u ba’zi nopok shaxslar tomonidan турганингиздек, manipulyatsiya qilinadi. Bu manipulyatsiya vositasi esa diniy dogmadir”. Кўриб турганингиздек,  муаллиф диний туйғуни ижобий ҲОДИСА дея ўзи тасаввур қилган сафсатани оқлашга уриниб, бу туйғунинг нопок шахслар томонидан йўналтирилишини танқид қилар экан, унинг асосий воситасини ДИНИЙ ДОГМА,  яъни АҚИДА деб номламоқда.

Тўғри, нопок шахсларнинг нопок эътиқодлари ёмон оқибатларга олиб келади.  Шунинг учун ҳам Исломда бузуқ ақидаларни тарқатиш, уларга эргашиш  ҳаромдир ва бузуқ ақидаларни тарғиб қилувчилар жазога тортилиш билан огоҳлантирилади. Аммо шахснинг нопоклигини ёки ақиданинг бузуқлигини ким белгилайди, у нима асосда аниқланади? Бу саволга кимдир “мен” деб жавоб бериши мумкин, лекин исбот керак. Агар муаллиф “ҳар қандай диний ақида ишонилиши қатъий талаб қилинаркан, “догма”  бўлади”, демоқчи бўлса, бу фикрдан “ақл яхши қобилияту, илм ёмон нарса” деган хулоса чиқади. Чунки илм ақлни  шакллантирганидек, диний туйғуни диний ақида ва амаллар ривожлантиради, шакллантиради. Тўғри маълумотлар билан таъминланмаган ақл бузилгани ёки сўнгани каби соф диний илм бўлмаса, диний туйғу ҳам бузилади ёки сўнади.

Муаллифнинг юқоридаги гапидан миллатимизни етмиш йилдан ортиқ  вақт мобайнида эзиб келган нопокларнинг сассиқ ҳиди келмоқда. Мақола муаллифи, ўйлашимча,  ҳали  ёш, атеистларнинг даврини ўз кўзи билан кўрмаган, улар орасида фаол иштирокда бўлмаган шахсга ўхшайди. Лекин уни бу фикрлар билан заҳарлаётганлар ўша даҳрийликнинг сувини ичган шахслар бўлиши эҳтимоли анча юқори. Инсонларнинг нопок йўлга киришидаги сабабни бу йигитча қўрқмай ДИНИЙ ДОГМА, ўзининг таърифи бўйича “ДИНИЙ АҚИДА” деб айтмоқда.  Қатағон даврида ҳам дастлаб айнан мана шундай машъум ғаразли протоколлар ёзилар, бу айбловга тушиши керак бўлган шахслар рўйхати тузилар, уларни репрессия қилиш шу каби ғаразли идеологиялар асосида  амалга ошириларди. Тарихда бунга мисол кўп… Муаллиф эса билиб-билмай гўё диний ақида догма бўлиб, радикализмнинг замирида ҳам ўша “догма”да ётибди, демоқда. Унинг даъвосича,  диний ақида таг-томири билан қуритилса, радикализм ҳам юзага чиқмайди, гўё.  Бу билан у ўзбек халқининг минг йиллик тарихи юзига оёқ қўяётганини кўрсатмоқда…

Давом этамиз:

               “Diniy dogma qurquv va umid asosida toblangan, mutlaq haqiqatligiga ishonish shart qilib qo‘yilgan g‘oyadir. Diniy dogma diniy tuyg‘uning har bir insonda o‘ziga xos bo‘lishini tan olmaydi, balki uni ramkaga solib cheklov qo‘yadi. Muayyan shaxsning diniy tuyg‘usi mahsuli bo‘lgan g‘oyalar barcha insonlarga majburiy qilib qo‘yiladi. Diniy dogma diniy tuyg‘u bilan aralashtirilmasa, hech qanday kuchga ega emas. Ozgina mulohaza qilish bilan bunaqa dogmalarning mantiqsizligini ochib tashlash mumkin. Dogma tuyg‘u bilan birlashsagina insonni harakatga keltira boshlaydi. Bunday vaziyatda mantiq ish bermaydi.”

               Бекор гап, сафсата!  Янаям очиқроқ айтсак, “Диний догма, яъни ақида қўрқув ва умид асосида тобланган, мутлақ ишониш шарт қилиб қўйилган ғоядир”, деган гап даҳрийча талқиндир. Аслида ақида қўрқув ва умид асосида эмас, қўрқув ва умид ақида асосида тобланади. Муаллиф ушбу фикрларни фақат ибтидоий онг эгаларига тақдим қилиб, бошқаларга кўрсатмаса ҳам бир нав эди. Мусулмонлар даҳрий доҳийлар айтгандай чақмоқ ёки момогулдиракдан чўчиб ёхуд қуёш ва ёмғирдан умид қилиб Аллоҳга ишонишмайди, балки Аллоҳга ишонишгани учун Ундан қўрқишади ва умид қилишади. Улар Аллоҳни табиат ҳодислари асосида эмас, Аллоҳнинг оятлари асосида танишади. Буни калом илмида ВОЖИБУЛ ВУЖУД дейилади. Яъни бўлиши вожиб бўлган Зот!

Энди иккинчи гапни қаранг:

“Диний догма диний туйғунинг ҳар бир инсонда ўзига хос бўлишини тан олмайди”.

“Хўп, қани ҳужжат?” десангиз, ҳеч вақо йўқ. Ҳолбуки, Қуръони Каримда Аллоҳ таоло:     “Агар Роббинг истаса, ер юзидагиларнинг ҳаммаси ёппасига иймон келтирар эди. Сен одамларни мўмин бўлгунча мажбурлар экансанми?!” (Юнус сураси, 99-оят) дейди.

Демак, муаллиф “диний догма” деганда Исломдан бошқа ақидалар ҳақида гапирган, агар бунда  Ислом ақидасини ҳам назарда тутган бўлса, ўзи билмаган, ўрганмаган нарса ҳақида фикр юритибди. Ҳа, Исломда инсонлар турли ақидаларга ишониши воқеалик эканини, уларнинг ҳаммасини бир ҳил қилиш имконсиз ҳодисалиги айтиб қўйилган. Шу билан бирга, битта диндаги кишиларнинг-да ҳис-туйғулари турлича бўлиши ҳам таъкидланган. Ҳуд сурасида:

“Агар Роббинг истаса, сизларни бир уммат қилиб қўярди. Улар турлиликларича давом этадилар” (118-оят), дейилади.

Муаллифнинг: “… Diniy dogma diniy tuyg‘uning har bir insonda o‘ziga xos bo‘lishini tan olmaydi, balki uni ramkaga solib cheklov qo‘yadi “, деган гапига келсак, такрор айтамиз, бирор ақидани қабул қилиш унинг ўзгармас, барқарор тушунча бўлиши кераклигини тақозо этади. Бу эса табиийки, унинг муайян чегараси борлигини  кўрсатади. Масалан, “Аллоҳ ягонадир, Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳнинг Расулидир” дейилади Ислом ақидасида. Фаразан шу ақидани муаллиф айтгандек “рамка”дан чиқариш керак бўлса,  “Аллоҳ ягона ёки ягона эмас, Муҳаммад алайҳиссалом пайғамбару, пайғамбар бўлмаслиги ҳам мумкин”, дейиш керакми? Шунда ақида “догма”ликдан қутилган бўладими?  Бу нимаси?!

Исломда ақида қатъий илм асосида қабул қилинади. Яъни ақиданинг собит бўлиши учун яқиний илм мутавотир матн лозим. Демак ақида Исломда аниқ илм сифатида баён қилинади, ким Исломни қабул қилса, унга эътиқодий ва амалий мажбуриятлар юкланади. Бироқ, Исломни қабул қилиш-қилмаслик инсоннинг ўз ихтиёрига топширилади. Мана шу йўл мантиқий ва адолатли эмасми? Аммо, муаллиф айтгандай, ақида шаккокликдан иборат бўлса,  ҳалол-ҳаром ва ўзаро муомала масалалари нима бўлади? Масалан, Исломда инсон ўз онасига яқинлик қилиши ҳаром, дейилади. Албатта, “ким ҳаром қилган, тақиқлаган?” деган савол туғилиши табиий. Шунда “Аллоҳ”, деб жавоб берилади. “У ким?” дейилса, “Оламларнинг ва сенинг Роббинг”, дейилади. “Бу ишни қилсам нима қилади?” дейди кимдир. “Дўзах билан жазолайди”, дейилади. “Нафсимни у рухсат берган ҳалол йўл билан қондирсам-чи?” деса, “Абадий жаннатида мукофотлайди”, дейилади. Агар шундай аниқ ишонч бўлмаса, у ақида дейилмайди.

Muayyan shaxsning diniy tuyg‘usi mahsuli bo‘lgan g‘oyalar barcha insonlarga majburiy qilib qo‘yiladi”  дейилади давомида. “Муайян шахс” деганда гап эгаси кимни айтяпти? Агар пайғамбарлардан бошқани айтаётган бўлса, бу гап Исломга тегишли эмас.

Агар пайғамбарларни айтаётган бўлса, гап эгаси Ислом тарихидан фақат даҳрийлар томонидан ёзилган манбалар орқалигина хабардор кўринади. Даҳрий тушунчага кўра,  ваҳийлар пайғамбарларнинг шахсий туйғулари маҳусули сифатида қаралади.  Ислом ақидасида бирор пайғамбарнинг диний туйғуси маҳсули ақида қилиб олинган эмас, балки пайғамбарнинг Аллоҳ таолодан олиб келган хабарлари ақида сифатида қабул қилинади. Бу хабарларга пайғамбарнинг на туйғуси, на фикри аралаша олмайди. Албатта, бу ерда ҳақ пайғамбар экани, ҳақиқатда Аллоҳ таоло томонидан сайланган Расул экани инкор қилиб бўлмас даражадаги аниқ ҳужжат-далиллари билан исботланган пайғамбарлар назарда тутилади. Хусусан, ҳозирги Ислом ақидасини баён қилиб берган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзининг ҳақ пайғамбар эканини кўз кўриб, қулоқ эшитадиган далиллар билан исботлаган ва Аллоҳ томонидан қўйилган ақидани инсонларга баён қилиб берган. Шу билан бирга, юқоридаги оятларда баён қилинганидек, Ислом ҳеч кимни мусулмон бўлиб, мазкур ақидаларни тутишга мажбурламайди. “Динга мажбурлаш йўқ!” дейилади Қуръони каримда ва бу Исломнинг бош қоидаларидандир.

Муаллиф эса гапида давқом этиб:

Ozgina mulohaza qilish bilan bunaqa dogmalarning mantiqsizligini ochib tashlash mumkin. Dogma tuyg‘u bilan birlashsagina insonni harakatga keltira boshlaydi. Bunday vaziyatda mantiq ish bermaydi”, дейди катта ҳақиқатни очиб бергандек, гўё…

Айтмоқчики, ақида инсондаги диний туйғу билан кучга киради. Бу кўрга ҳасса-ку.  Ҳар қанча бақириб-чақирманг, гунг одам сизга қиё боқмаслиги турган гап.  Чақириғингизга жавоб бериши  учун унда эшитиш қобилияти бўлиши керак. Албатта, илм ақлга узатилгандагина инсонни ҳаракатга келтиради, ақида ҳам ақл ва туйғуга узатилгандагина инсонни йўналтирадиган кучга айланади. Ақлга ишлов керак экан, тадқиқотларга кўра 80 фоиз ҳолатда ақлдан устун келадиган туйғуларга ишлов бермаслик керакми? “Бундай вазиятда мантиқ иш бермайди” деганда юқорида “ижобий” баҳоланган диний туйғу ақида билан тобланса, инсонни мантиқсиз ҳаракатланувчи қилиб қўядиган хосса сифатида таърифламоқда қаҳрамонимиз!. Ҳолбуки, диний туйғу соф ақида билан тобланмаса, шаклланмаса, у мантиқсизликка олиб келиши мумкин. Масалан, инсондек азиз мавжудот молга, ўзи ясаб олган тош-ёғочларга, ҳатто жинсий аъзога сиғиниши мумкин. Буни бутун инсоният тарихи ва бугуни кўрсатиб турибди. Ана энди муаллиф қандай мантиқсизликни очиб ташлаганини, кимни “кашф” қилганини тушунгандирсиз?

Бу гаплар аслида муаллифнинг ўз ғаразли мақсадига замин хозирлаш учун муқаддима қилинган “мантиқий” қараши эди. Муаллиф мусулмонларнинг ақидада бир бўлишини, жамиятнинг якдил яшашини қоралайди ёки буни кўролмайди. Ахир ҳар қандай жамиятда ўзига қарашли халқларнинг жамият бирдамлиги борасида асослари мавжуд бўлади. Буни инкор қилиш адолатдан эмас. Бунга ҳатто ақидадан ташқари мисоллар келтириш ҳам мумкин. Масалан, ватан туйғуси, байроқ, гимн, герб, миллат, қадрият каби нишоналар  жамият аъзоларининг ҳар бири ҳурмат қилиши лозим бўлган рамзлардир. Агар жамиятларнинг ўзига хос рамзлари бўлмаса, ўз қиёфасини йўқотиши аниқ. Шундай экан, ақидада ҳам асослар бўлиши табиий. Бу ақидани догма ва радикаллик учун восита дейиш ғаразли мақсадни кўзлашдан бошқа уриниш эмас. Етмиш йил биз мана шу ғаразнинг қурбони бўлдик. Диний ақидани догма ғоялар, деган тузум аллақачон қулаб бўлди. Уни такрорлаётганлар ёки ёш болачаларга орқасидан туриб пуфлаётганлар “ётиб қолгунча, отиб қол” чилар, холос.

Муаллиф яна бир ўринда шундай дейди:

Demak, pok diniy tuyg‘uni buzib, uni noinsoniy maqsad sari eltuvchi lokomativga aylantirayotgan omil diniy dogmadir. Diniy tuyg‘u inson irodasini mustahkamlaydi dedik, uning ana shu xususiyati dogmatiklar tomonidan “o‘g‘irlanadi”.”

               Агар бу ўринда “диний догма” деб, юқорида айтилгандек, бузуқ ақидалар назарда тутилган бўлса, гап тўғри. Аммо ҳар қандай диний ақида кўзда тутилган бўлса, у ҳолда, соф ақлни илм билан “бузмаслик”, инсоннинг жисмини онасидан туғилгандай парваришсиз қолдириш керак, деган мантиқсиз фикрни ҳам бу шахс қўллаётган бўлади. Инсонларга илм бераётган олимлар уларнинг салоҳиятини “ўғирлаётган” ёвуз “догматиклар” дейиш ҳам шуларнинг сафсатаси бўлиб чиқади.

Мақолани ўқишда давом этамиз:

“Radikallashuv kishi bilmas o‘zgarishlar bilan boshlanishini alohida ta’kidlash kerak. Diniy dogmalarni dinning birlamchi sharti deb targ‘ib qilayotgan “mo‘’tadil” ulamolar, garchi o‘zlari diniy ekstremizm va terrorizmga qarshi bo‘lsalar-da, radikallashuvga yo‘l ochadilar”.

Мана шу ерга келганда муаллиф ўз олдига қўйган мақсадини оча бошлаган. Унинг фикрича, Исломдаги ортодоксал мусулмонлар ҳам аслида радикалликнинг асосчиларидир, гўё!  Ҳой банда, радикализм догманинг натижаси эмас, балки радикализм жаҳолатнинг мевасидир. Муаллиф догма деганда ақидани кўзда тутар экан, радикализм деганда айнан ақидани восита қилиб кўрсатишга уринмоқда. Бу эса  иғвонинг айни услуби ва ёлғон устига қурилган фитнадан бошқа нарса эмас.

Иқтибос: “Ular har bir musulmon ko‘r-ko‘rona, so‘zsiz qabul qilishi kerak bo‘lgan dogmalar tizimini ishlab chiqadilar, kimki bundan og‘sa dindan chiqib ketishi mumkinligi bilan ogohlantiradilar. Bu kabi “mutlaq haqiqatlar” kishilarning diniy tuyg‘ularidagi individuallikni mensimaydi, majburan bir yo‘nalishga soladi. Kishilar o‘rtasida tafriqani paydo qiladi.”

               Гапнинг юқори қисмига юқорида жавоб ўтди.  Давом этадиган бўлсак, ақиданинг бирлиги ҳеч қачон тафриқага сабаб бўлмайди. Балки ақидада ҳур бўлиш, ҳар ким ўзи хоҳлаганича ақида шакллантириши тафриқага, уруш ва жиноятларга асос бўлиб хизмат қилади. Таърифларни бузуқ тарзда қўйиб олган муаллиф энди ўша яроқсиз пойдевор устига ўз мақсадларини бино қилмоқда. Икки ёлғон битта ростни келтиради, демоқда. Мақсади эса радикалларга қўшиб мўътадил, васатий мусулмонларни ҳам шубҳа соясига олишдир. Бу билан у кимгадир ишора қилиб: “Ҳой, бу мусулмонларнинг ҳаммаси бир гўр, дарҳол уларни ақидаларини догма дея тушуниб, уларга барҳам беринглар!” дейишга уринмоқда.

Энди қуйидаги жумлаларга эътибор қаратамиз:

               “Diniy tuyg‘uning diniy dogma bilan qorishtirilishining salbiy oqibatlaridan bir misol keltiray. Insonlarni ushbu dogmalarni qabul qilish darajasiga ko‘ra guruhlarga ajratilishi bugun islom olamida jiddiy muammolarga sabab bo‘layotgan muammo – takfirbozlikni, musulmonlarni kofirga chiqarish tendensiyasini paydo qildi”.

               Такфирчиларнинг юзага келиши ҳам сиёсий жараённинг меваси, холос. Бугун буни билмаган инсон деярли қолмаган. ИШИД, БОКОҲАРАМ каби такфирий гуруҳлар ўзларига эргашмаганларни кофирга чиқаришиб, ўлдиришмоқда. Улар бу жиноятларини ҳеч қандай исломий ҳукм билан оқлай олмайдилар.  Уларнинг жиноятлари аслида сиёсий радикалликдир! Бу радикаллик эса ақида асосида эмас, ақиқададан, чин исломий илмдан бехабарлик асосида сиёсий “қўл”нинг манипуляциясига ишлаяпти, холос. Манипуляциянинг объекти эса ҳар қачон субутсиз, ғўр, ақидаси бўш жоҳиллардир!

Тоқатингизга тўзим тилаб  мақоладан иқтибос келтиришни давом этамиз:

Biroq o‘zini mo‘’tadil hisoblayotgan va go‘yoki takfirbozlikka qarshimiz deyotgan dogmatik diniy ulamolarning o‘zlari muammoning boshida turadi. Ular aqida masalasida o‘zlaridan o‘zgacharoq o‘ylaydiganlarni avvaliga aqidada “xato” ketishdan ogohlantiradilar, keyinchalik aqidasi “buzuq”likda ayblay boshlaydilar. Bunda ularning o‘z aqidalarini mutlaq haqiqat deb bilishlari hal qiluvchi rol o‘ynaydi”.

               Бу жумлаларни ўқиб, рости, васатийлик тарафдори бўлган уламоларга яна бўҳтон ёғдириш учун хозирлик кўрилмоқдами, деган хаёлга борасан, киши. Ахир, ақиданинг асослари бор экани бу ҳақиқат. Ҳамжинсбозликка қаршиларни “инсон ҳуқуқининг душманлари”, дея ҳукм ўқиганлар қолиб, нотўғри эътиқод қилган одамни “хато қилди” дейиш радикаллик бўлса, мақола соҳиби наздида ҳар ялтираган нарса тилла ҳисобланаверар эканда?! Ақиданинг асоси бўлган тушунчаларни кимдир инкор қилса, уни ақидада адашган, дейиш радикаллик эмас, айнан мўътадилликдир. Зеро, ҳар ким ҳам ўзи ҳақ деб билган ҳақиқатнинг аксини ноҳақ деб билиши табиий.

Энди мана бу жумлага қаранг:

Endi ular o‘zlarini o‘zgalar ustidan hukm chiqarishga haqlidek his eta boshlaydilar”.

Бу гап тамоман бўҳтон! Мўътадил мусулмонлар ҳукм чиқариш иши маҳкамага оид эканини ҳар доим такрорлашади. Кимнингдир ақидада адашганини тасбит этилса-да, унга жазо қўллашга шахсларнинг ҳаққи йўқлиги исломий таълимот асосларидандир. Исломда ўзбошимчалик билан жазо қўллаш йўқ! Бу қоида айнан мўътадил мусулмонлар қабул қилган тамойилдир. Радикаллар эса сиёсий фикрларини амалга ошириш учун ўзларини жазони ижро қилишга ҳақли деб билдилар. Бу катта хатодир! Бир ҳовуч ёнланма сиёсий мардикорнинг ишини бутун мусулмонларга ёки уламоларга тақаш бориб турган адолатсизлик!

Яна: “Biroq muammo shu bilan tugamaydi. Narigi tomon ham bu tomonni aqidasi buzuqlikda ayblaydi. “Mo’tadil”lar boshlab bergan bu bahsni g‘azabi burnining uchida turadiganlar davom ettiradi. Estafeta tayoqchasini “ijrochi”lar oladi. Shar’iy nuqtai nazardan aqida masalasida jiddiy xatoga yo‘l qo‘yish kishini dindan chiqaradi”.

Бу гаплар ахборот урушининг қурбонига айланган бечоранинг гапидан бошқа нарса эмас! “Dindan chiqish – murtadlik esa haligacha ulamolar bir ovozdan bekor qilmagan shar’iy hukm – murtadni o‘ldirishni taqozo qiladi”, деган гапга келсак,      муртаднинг жазоси ўлим  экани шариат жазо қонунларида мавжуд, уни бекор қилинмаслиги ҳам тўғри! Одатда муртадни қатл қилиш масаласини ўзини муртад ҳис қилгани ёки ўтмишда ҳамфикрлари жазоланганидан аламзада бўлган кимсалар кўтаради. Табиийки, улар муртад масаласини соф исломий манбалардан ёки мустамлакачи бўлмаган тарихшунослардан ўрганмаган бўлади. Шунинг учун Ислом деганда сўраб суриштирмасда қатл қиладиган, қўл кесадиган, тошбўрон қиладиган жиноятчи гуруҳларни тушунишга, бошқаларга ҳам айнан шуни тушунтиришга уринади. ИШИД каби жиноят тўдалари айрим сиёсатчилар учун нимага керак эканини айнан шу маънодан излаш керак! Исломни қонхўрлар дини қилиб кўрсатиш учун  ИШИД каби газандаларга имконият бериш энг қулай услубдир. Жоҳиллардан жиноят тўдаси ясаб олингач, Исломни шу нуқтадан танқид қилишга, ҳурфикрликка, эътиқод эркинлигига қарши дея талқин қилишга уринилади.

Аслида эса гап бошқача.

Аввало, билиш керакки, муртадни қатл қилиш ақида масаласи эмас! У ижтимоий қонунчиликка киради. Яъни жамият хавфсизлиги нуқтаи назаридан келиб чиқиб, хоинларга шундай жазони белгилнган. Бу кучли ижтимоий ҳимоя, демакдир. Исломга мажбурлаш йўқлиги эълон қилинар экан, уни ихтиёрий равишда қабул қилган шахслардан хиёнат қилмаслик талаб этилади. Бу қонуний талаб ҳар қандай ривожланган жамиятларда мавжуд. Лекин жазо турлари ҳар хил, холос. Аммо шуни таъкидлаш керакки, хоинга нисбатан ҳозирги кунда ҳам ривожланган давлатларда ўлим жазоси бор. Баъзиларида умрбод қамоқ жазоси белгиланган. Муртаднинг қатли ижтимоий масала бўлиши билан бирга бу жараён жуда қаттиқ талабларни ўз ичига олади. Буни қурол қилиб олган радикаллар нақадар адашган бўлишса, айнан шуни асос сифатида кўрсатиб, Исломни қоралашга, мўътадил мусулмонларни ёмон отлиқ қилишга уринаётганлар ҳам айнан ўша радикаллардан адашишда кам эмаслар!

Қадимдан мусулмон юртларда бошқа дин вакиллари ўз эътиқодларида бемалол юраверишган, ибодатларини эмин-эркин қилверишган, ҳатто ибодатхоналарига ҳам тегилмаган. Ҳаттоки бир киши тилида мусулмонман деса, ўзи кофир бўлса ҳам, тилидаги тасдиқ қилинган. Муртадликда гумон қилинганни эса ушлаган жойда ўлдириш мумкин эмас. У маҳакамага тортилади. У ерда унга насиҳат ва даъват ишлари олиб борилади. Фикран қайтариб бўлмагач, бир қанча муддатга қамаб, таъзир берилади. Қамоқ муддати бир неча йилларни ташкил қилиши мумкин. Мансур Халлож ўзини “Аллоҳман!” деганида дарҳол ушлаб, ўлдириб юборишмаган. Уни қамашган ва қамоқ муддатида тавбага чақиришган… Шу аснода тавбага чақириш муддати тўққиз йилга(!) чўзилган. Бу каби ҳодисалар яхшилаб ўрганилса, Исломда ўлим жазосини ижро қилиш асл мақсад эмас, балки жамиятдаги кишиларнинг жиноят кўчасига киришини олдини олиш учун жиддий огоҳлантирувчи омил эканини кўради. Яъни мақсад жазони ижро қилишга эмас, балки жиноятчини жиддий жазодан огоҳлантиришга қаратилган. Бу маъно ушбу ояти каримада ҳам кўриниб туради:

«Сизлар учун қасосда ҳаёт бор, эй аҳли донишлар, шояд (жиноятлардан) сақлансангиз» (Бақара сураси, 179-оят).

Яъни мақсад қатл эмас, жиноятнинг олдини олиш.

Киши жазонинг муқаррарлигини билса, жиноятга қўл урмайди. Агар бирламчи мақсад жазони ижро қилиш бўлганида эди, маҳкамаларнинг тафтиши муҳим бўлмасди. Ҳудди бугунги кунда террор гуруҳлари тушунганидек, Ислом фақат жазоловчи дин бўлиб қоларди. Бу жуда хатарли адашувдир.

Расулуллоҳ соллоҳу алайҳи васалламга Жаброил алайҳиссалом келиб, мусулмонларнинг ичида фақат фитна учун ўзини мусулмон кўрсатиб юрган мунофиқларни номма-ном санаб берганда ҳам бирортаси жазога тортилмаган, ҳатто фош қилинмаган.

Қолаверса, масалага глобал тарзда қаралса ўлим ҳукми ҳанузгача бир қанча давлатларнинг қонунчилигида мавжуд. Аксар ўлкаларда хоинга ўлим жазоси қўлланилади. Бу жазони қўллаш керакми ёки йўқми, юқорида айтилганидек,  алоҳида мавзу. Бунга ҳар бир давлат ўз ижтимоий муҳитидан келиб чиқиб ёндошади.  Муаллиф эса ҳамма нарсани ўзининг калта қаричи билан ўлчаб, шундай изтеҳзо қилишни унутмайди:

(“Mo‘tadil” ulamolar islomdan chiqqanlarning jazosi shar’an o‘lim ekaniga fatvo ham chiqarib qo‘yishgan. O‘zbekiston musulmonlari diniy idorasi bu borada jim turganini nima bilan izohlash mumkin? Ular ham shuni to‘g‘ri hisoblaydimi?)”.

               Мусулмонлар идораси уламолари айнан мўътадил Ислом тарафдорлари бўлгани учун ҳам бу мавзуни кўтаришмайди. Чунки, биринчида бу масала ақида масаласи эмас. Бундан ташқари юқорида айтилганидек, Исломда жазолар бирламчи эмас, балки таълим бирламчидир. Таълим-тарбиясиз жазо қўллаш чора эмас. Умар розияллоҳу анҳу даврида  Мадинада очарчилик юзага келганида ўз эҳтиёжи учун ўғрилик қилганларни қўлини кесмаганлар ва: “Халқнинг қорнини тўйғиза олмаяпмиз, энди қорни учун ўғрилик қилганнинг қўлини кессак, унга зулм қилган бўламиз!” деганлар. Шу билан бирга, Ўзбекистон мусулмонлари идораси  нодавлат ташкилот ҳисобланади, қолаверса,  таъкишлаш шарт: юртимизда  дин давлатдан ажратилган. Шунинг учун мусулмонларнинг диний идораси уламоларига нима иш қилиши лозимлигини фитначи-чаласаводлар  ўргатмасин.

Шунга қармай муаллиф давом этади:

O‘zlarini islomiy adolat “askarlari” sanovchi turli diniy guruhlar esa bu hukmni amalga oshirishga urinadi”.

Такрор айтамиз, юқорида айтилган босқичлардан бирортаси ўтмагани ҳамда мусулмонлар томонидан сайланган маҳкамада иш кўтарилмагани ҳолда якка шахсларнинг бундай ҳукмларни ижро қилиши мақола эгаси каби Исломни хунук кўрсатишни мақсад қилиб олганларнинг фитна саҳналаридан бошқа нарса эмас! Бу саҳнадаги радикаллар эса сиёсий ўйин қурбонлари, холос.

Муаллифнинг:

Bir-ikki kishi uyoqda tursin butun boshli jamoalar murtad deb e’lon qilinsa nima bo‘ladi?” (Saudiya ulamolarining shialarni murtad deb bilishlari sunniy-shia mojarosida katalizatorlik vazifasini o‘tamoqda.)”, деган гапига эса жавобмиз қуйидагича:

Саудия уламолари шиаларни муртад деб билмайди. Муаллиф ёлғонни ёзмоқда. Агар шиаларни муртад деб билганида уларни ҳаж зиёратига қўймаган бўларди. Яқинда Саудия ва Эрон ўртасида бўлган вазият эса тамоман сиёсий омилларга бориб тақалади. Демак, тирноқ остидан кир қидиришга  ҳожат йўқ. Муҳими, муаллиф ёлғончи бир инсон эканини, вазиятга қараб ёлғонни тўқиб юбораверишини кўриб турибмиз.

Энди бутун бошли жамоаларнинг муртад бўлиши эса ҳудди бутун бошли тўдаларнинг жиноят кўчасига киришига ўхшайди. Уларга қонун томонидан жазо таҳдиди қилинмаса жамият пораканда бўлади. Ахир ИШИД каби гуруҳлар жамоавий тарзда жиноят кўчасига кирмадиларми?! Муаллифнинг бузуқ мантиғига кўра оммавий муртадларга жазо қўллаш хавфли бўлса, ИШИД каби инсонийликка муртад бўлган тўдаларга қарши жазо қўллашни ҳам хавфли жараён дейдими бу файласуф!?

Иқтибос:

Ko‘rinib turibdiki, diniy ekstremizm va terrorizmning ibtidosida dogmatik ishonch turadi. Bu aynan estafetaning o‘zi. Bunda ishni ideologlar boshlab beradi so‘ng amaliyotga o‘ta boradi”.

Ушбу фикрларнинг ҳам нақадар саёз ва асоссиз эканини бир неча бор юқорида таъкидланди. Шу ўринда, келинг, яна қисқача тўхталиб ўтайлик:

Ақиданинг софлиги радикаллашувга йўл қўймайди. Радикаллашувнинг остида жоҳиллик ётади. Жоҳилларни РАДИКАЛЛИККА йўналтириш эса сиёсий амалиётдир! Буни Ислом ақидасидан кўриш мутлақо мумкин эмас. Чунки минг йиллар давомида мусулмонлар бошқа дин вакиллари билан бирга яшаб, иноқ ҳаёт кечириб келишган. Миср аҳолисининг маълум фоизи насроний бўлиб, тиллари араблашиб кетганига, Ислом давлати остида неча асрлар яшаганига қарамай, динларини ўзгартирмаганлар, улардан бу нарса талаб ҳам қилинмаган. Мисрнинг бошқарувини қўлга олган соф мусулмонлар уларнинг черковлари бузишмади, ибодатлари ман қилишмади. Ҳатто аҳли китоблар билан қудачилик алоқаларига ҳам Ислом рухсат берди. Бу ерда мусулмонларнинг орасидан ажралиб чиққан уч-тўртта жоҳилни мисол қилиб, барча мусулмонларни қора рўйхатга тиқишга уринишнинг ўзи  радикализмдир! Бу радикализмнинг қиёфаси кейинги гапда янада яққол кўзга ташланади:

“Antiterror amaliyotlari, chora-tadbirlari asosan estafetaning keyingi a’zolariga qaratilmoqda. “Start”ni boshlab berayotganlar esa “mo‘tadil”lar niqobida o‘z ishlarini davom ettirishmoqda”.

Мана бу фикр мақоланинг асл мақсади кульминацион нуқтасидир. Муаллиф Исломни билган, тўғри англаган васатий мусулмонларни репрессия қилиниши тарафдори. Бунинг учун у бўҳтон ва туҳматлар билан суғорилган фикрларини ўртага қўйиб, ботилни асослаш учун ботилдан далил истамоқда.  Мўътадил мусулмонларнинг ўрнига эса илмонийлик проектига сотилган, сиёсий ғаразлар йўлида барча нарсасини сотишга тайёр бўлган нусхаларни келтириш умидида яна шундай демоқда:

“Haqiqiy mo’tadillar esa aksilislomiy unsur, bid’atchi va buzg‘unchilar sifatida diskreditatsiya qilinmoqda. Ba’zilari murtad deb e’lon qilingach, suiqasd uyushtirilishidan qo‘rqib yashirinib yashashga majbur bo‘lmoqda”.

               Бу жумлалар билан муаллиф энг биринчи ўзини номзод қилиб кўрсатмоқда. Хиёнатга номзод!

Муаллиф яна шундай дейди:

Dinda majburlash yo‘q”, deb qayta va qayta takrorlaydigan “mo‘tadil” musulmon ulamolari nega bu kabi jiddiy masala borasida jim turibdi? Dindan chiqqanlar o‘ldirilishi haqidagi shar’iy hukm dahshatli oqibatlarga sabab bo‘layotganini nahotki ko‘rishmayapti?”.

Динда мажбурлаш йўқ, масаласи ҳам муаллиф томонидан ғаразли мақсад учун  ёлғон устига  тиргак қилинган.

Бу оят ва унинг ўхшашлари бошқа диндагиларни динга мажбурлаш йўқ, деган маънода тушунилади. Инсон ўз ихтиёри билан мусулмон бўлгач, энди Исломдаги ақидага зид гапни гапириб, динда мажбурлаш йўқ, деса худди йўл қоидаларини қабул қиламану, қизил чироққа тўхтамайман, дегандек бўлади. Бу мантиқсизликдир! Буни юқорида батафсил айтиб ўтдик.

Мусулмон уламоларни жим туришда айблаши эса у хоҳлаган гапларни айтмаганлари учундир. Йўқса, уламоларимиз ўша радикал тўдаларга муносиб жавобларини бериб турибдилар. Буни англаш учун эса бир оз инсоф лозим.

Муаллифнинг қўйидаги гапи эса курак тугул, тувакда турмайди:

“Diniy ulamolar kengashlari terrorizmga qarshi har qancha bayonotlar bermasin, fatvolar chiqarmasin foydasi bo‘lmayapti”.

Ким айтди, фойдаси бўлмаяпти деб?! Шундай фойдаси бўляптики, уни кўрмаслик учун инсон кўр бўлиши керак! Террорчи гуруҳларнинг биринчи нишонида мўътадил мусулмонлар туради. Улар диний идорага оид мусулмон уламоларнинг рўйхатини тузиб, уларни  аллақачон ўлимга ҳукм қилиб қўйишган. Илк имкониятда улар мана шу мусулмон уламоларга ҳамла қилишади. Сурияда мўътадил уламолардан Муҳаммад Саъид Рамазон Бутийни шулар қатл қилмадими?! Радикалларнинг ботил қарашларини чиппакка чиқараётган айнан мўътадил уламолар эканига шу далил эмасми!?

Радикал гуруҳларнинг йўқ бўлмаётгани эса сиёсий ўйинларнинг натижасидир. Манфаатдор давлатлар уларни йўқ бўлишини истамаяпти. Муаллиф каби фикрлайдиганларга баҳона сифатида Исломни қоралаш учун ўша гуруҳлар майдонда туриши шарт, шунинг учун ҳам масалани таг-тубидан қўпориб ташлашга имконияти бор давлатлар ўша гуруҳлар баҳонасида геополитик хариталарини чизишга уринишмоқда. Муаллиф бу ерда ўшаларнинг сийқаси чиққан гапини такрорламоқда, холос.

 

Мана, ўша сийқа гаплардан қувват олган мулоҳазалардан яна бир шингил:

Chunki muammo ko‘r-ko‘rona qat’iy ishonch va toqatsizlikdadir. Aynan o‘sha ulamolarning o‘zlari dogmalarni targ‘ib qiladilar. “Mo’tadillik” tuprog‘ida radikallik urug‘i ekilyapti. Biz bugun sabablar bilan emas, oqibatlar bilan kurashib yotibmiz”.

Муаллифнинг наздида Ислом ақидасини таг-томиридан узиб ташлаш керак! Ўрнига ҳеч қандай субути бўлмаган маълумотлар, ишониш талаб қилинмайдиган сафсаталар билан кишиларнинг миясини тўлдириш лозим. Жамият кишилари: “Сен кимсан?” деб сўралса, “Мен ё одамман, ё маймунман, яна аниқ айта олмайман”, дейдиган “холис фикр”ли мавжудотларга айланиши керак.

Ўзининг инсон фарзанди эканини қатъий айта оладиганлар эса муаллифнинг чирпинишича  “радикаллардир”! Уларга гўё муаллиф орзу қилган “жамият”да ўрин йўқ!

Muammo ISHID ham, Hizbut tahrir ham, Al-Qoida ham emas, balki ularni yetishtirgan mafkuradir”.

Ўша мафкура эса соф ақида эмас, балки сиёсий режаларга “лаббай” деб жавоб бераётган жоҳиллик мафкурасидир! Яъни бузуқ ақида! Буни англаш учун катта ақл шарт эмас. Муаллиф буни биладими ёки айтайин билмасликка оляптими – бу энди унинг виждонига ҳавола.

Шундайку-я, соф ниятли киши бундай гапларни ёзмайди-да:

“Terrorchini yo‘q qilish mumkin, ammo dogmalar saqlanib qolar ekan, yangidan yangi terror guruhlari paydo bo‘laveradi. ISHID oqibat, Saudiya Arabistoni va u global miqyosda targ‘ib qilayotgan salafiy islom esa sababdir”.

               Яна такрорлашга тўғри келади, Саудиядаги салафийлик сиёсий мақсадларга хизмат қилиб, Сауд оиласини ҳукуматга келтирган ва ўша мафкуравий тизимни салтанатга олиб келган сиёсий  “қўл” бугун ИШИДни ҳам қайсидир давлатда ҳокимиятга келтирди. Ҳозирча уни ҳеч ким тан олмаган бўлсада, лекин сиёсий ўйинлар ўшалар устида ўйналмоқда. Бу ишларнинг эпидемиясини эса  муаллифга ўхшаган кимсалар  вирус каби ҳар тарафга юқтириш илинжида юрибди. Буни мўътадил мусулмонларга тўнкаш хиёнатдир!        Шу билан бирга ушбу вирусга қарши иммунитет фақат ва фақат соф исломий таълимдир. Модомики, соф таълимот тизимли шаклда бўлмас экан, радикалларни сотиб олиш учун ҳар доим бозор топилади.

Давом этамиз:

“Taassufki, bizning yurtimizda ham salafiylik ancha ildiz otdi. Uning turlicha ko‘rinishlarda namoyon bo‘lishi ko‘pchilikni chalg‘ityapti. Salafistlar orasida mazhabparastlari ham, bemazhablari ham, da’vatchilari ham, masalani faqat qurol bilan hal qilishni istaydigan jihodchilari ham bor. Ba’zilari tadrijiy yo‘l bilan da’vat orqali, boshqalari hukumatni ag‘darish, zo‘ravonlik orqali maqsadga yetmoqchi bo‘ladi. Ana shu jihatdan, salafiylik qiyinchiliksiz o‘zini mo‘’tadil qilib ko‘rsata oladi. Oshkora yoki yashirin bo‘lsin barcha salafistlarning pirovard maqsadi bir – dunyoviy va demokratik tuzumni yo‘qotish. Mushtarak mavqelari esa adolatni faqat islomiy boshqaruvda deb bilish, Qur’onni to‘g‘ridan-to‘g‘ri talqin qilish, tasavvufni xushlamaslik, islomning ilk uch asri – salaflar asrini oltin davr deb bilish, chinakam islomni faqat shu asrda bo‘lgan deb hisoblash va unga qaytishga intilish. Salafistlar aqida masalasida juda qat’iy pozitsiyada turishadi, bu borada erkin fikr yuritishni yoqtirishmaydi. Aksar salafistlarda arabofiliya kuchli rivojlangan bo‘ladi”.

Салафийлик нима экани қисман айтиб ўтилди. Бу ерда муаллиф яна хийлакорлик билан барча мусулмонларни салафийликда бирлашади, дея ўзидаги хоинона тушунчаларни бошқаларга тиқиштирмоқчи бўляпти! Ўзи ишонмаган гапига бошқаларни ишонади, деб ўйлаяпти.

Бу фикрларнинг аксари даҳрийлик таъсиридан униб чиққан. Айримлар мақола муаллифининг қарашларига даҳрийликнинг нима алоқаси бор, дейиши мумкин.  Инсон ўз қарашлари таъсирида фикр юритади. Даҳрий инсон Ислом ҳақида бирор фикр билдирса, унинг самимий бўлиши имконияти анча паст бўлади. Шу билан бирга, муаллифга ўхшаганлар эволюция назарияси тарафдори эканини айта туриб ҳам, мен мусулмонман, деяверади ва ўзига ўхшаганларнинг исломий доирада нифоқ уруғларини сочиб юришига имкон хозирлаш учун жазо турлари ҳақидаги масалаларни ақида масаласи сифатида кўтараверади. Ақидани эса “догма” дея таърифлайверади. Муаллифнинг тушунчалари ўзига оид фикрлар сифатида тингланиши ва ўқилиши мумкиндир, балки. Аммо унинг Ислом ва мусулмонлар ҳақидаги гаплари илмий жиҳатдан қаралганда ёлғон, бўҳтон, туҳмат  бўлса-чи? Мана, гап қаерда?!

Иқтибос: “Diniy dogmatikaga erk bermaslik, ayniqsa uning ta’limga sizib kirishi oldini olish, diniy tuyg‘uning sofligini saqlash kerak”.

               Атеизм мафкурасининг мусулмонларга қарши жиддий  эътибор қилган жиҳатларидан бир шу эди. Яъни мусулмонларнинг тизимли шаклда ўз динларини ўрганишларидан даҳрийлар доим хавотир қилишган. “Диний туйғунинг софлигини сақлаш керак”, дея жимжимадор сўзларни ёзиб, аслида мусулмонларни жаҳолат ичида қолдириш, ким истаса улардан радикаллар ясаш учун имконият яратиш “фалсафаси” эмасми бу? Соф диний туйғуни асраш баҳонасида мусулмонларни жаҳолатда ушлаб туриш кўзда тутилаётгани кундай равшанку! Ақида бу файласуфнинг наздида догма. Догма эса радикалликка восита. Ўргилдим бундай сафсата фалсафангдан!

Аксинча, соф диний тушунчаларни, ақидани тизимли шаклда таълимга киритиш лозим. Агар мусулмонлар ёшлигидан Ислом тўғрисида соф таълимотларга эга бўлса, улардан ғаразли сиёсий ўйинларда фойдаланиш имконияти йўқолади. Бу эса радикализм балосидан қутулишнинг самарали чораларидан биридир!

Ниҳоят, мақоладан охирги иқтибос келтирамиз:

“To‘g‘ri, dogmalardan butunlay xalos bo‘lish mumkin emas. Diniy tuyg‘u va dogma turli darajada aralash mavjud bo‘ladi. Agar biz ushbu holatni bir chiziqqa tortsak, uning bir tomonida tasavvuf yoki spiritualistik ta’limotlar tursa, ikkinchi tomonida radikal salafiylik turadi. Bu ikki hodisa o‘rtasiga dogmatiklashuv darajasiga ko‘ra, turli mazhab va oqimlarni joylashtirish mumkin. Kishi radikallashar ekan, bir tomondan ikkinchisiga tomon yaqinlasha boradi. Bu o‘rganilishi, tadqiq etilishi kerak bo‘lgan butun boshli murakkab jarayondir”.   

               Йўқ, бу мараккаб жараён эмас. Уни мураккаблаштириб, бошқаларни алдашга уриниш ҳам шартмас.

Пировардида,  “Инсон қандай радикаллашади?” мақоласида илгари сурилган фикрларга нисбатан қуйидагиларни айтиш мумкин:

  1. Радикаллашув сиёсий ўйинларнинг мевасидир;
  2. Радикаллашувга асос жоҳилликдир, яъни асл соф исломий ақидаларни батафсил билмаслик;
  3. Ақида догма эмас, балки мусулмон киши билиш ва эътиқод;
  4. Ҳар қандай ақида ўз эгасида қатъий бўлади, йўқса у ақида бўлмайди;
  5. Исломда жазо қонунлари бирламчи эмас, балки таълим бирламчидир;
  6. Жазоларни ижро қилиш масаласи шахсларнинг иши эмас;
  7. Ўзбекистон мусулмонлари идораси ўз вазифасини аниқ белгилаб олган ва унга амал қилади. Ўзбек халқининг деярли барчаси асрлар оша мўътадил ислом эътиқодида яшаб келган ва келмоқда.

Вассалом!

Аброр Мухтор Алий

 

 

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here