Munozarani boshlab bergan birinchi maqola: “Inson qanday radikallashadi?”.

Birinchi maqolaga raddiya: “Fosid doira”.

Ushbu maqola yuqoridagi raddiyaga muxtasar javobdir.

 

(Раддия муаллифининг фикрлари курсивда берилади.)

“Қадимдан шу каби аноним иғволардан миллат қаҳрамонларини ёмон отлиқ қилиш мақсадида фойдаланиб келинган. 37 йиллардаги қатағонларнинг (репрессияларнинг) бошланишида ҳам шу каби иғволарнинг роли катта эди.

Ўтмишда яшаган буюк инсонлар орасида аноним тарзда мақола, китоблар эълон қилиш кўп учрайди. Баъзан хавфсизлик, баъзида холис муносабатни эшитиш учун муаллиф ўзини ошкор қилмайди. Буни фақат иғвогарлар қилади дейиш бир томонлама фикрдир. Қолаверса, раддия муаллифи тинимсиз равишда ўзига ҳамфикр бўлмаган мусулмонлар – бемазҳаблар, қуръонийлар, ислоҳотчиларга қарши чиқишлар қилиб туради. Биз буни иғво демаймиз, балки ўз нуқтаи назарларини билдириш, деймиз. Ваҳоланки бу чиқишларда уларга қарши ҳукумат ва оддий одамларда ишончсизлик пайдо қилиш интилиши бор деб айтсак ҳам бўларди. Ўша танқид қилинадиган оқимлар орасида раддия муаллифидан кўра мўътадилроқ, илғорроқ фикрдагилар бор. Шунга қарамай, мен ўзимни иғвогарликда айблаган кишини иғвода айблашдан ўзимни тийишни лозим топаман.

 Сарлавҳанинг (“Inson qanday radikallashadi?”) ўзиданоқ муаллиф кимдандир қаттиқ дакки эшитгану  нима қилиб бўлса ҳам аламдан чиқиш мақсадида қўлига қалам олгандай туюлади.

Мен кўп дакки эшитганман – ота-онамдан, мактабда математика муаллимидан, университетда… Мен уларга қарши бирор нарса ёзаётганим йўқ. Бу аргументни мен ad hominem деб билиб, шу жавоб билан кифояланаман.

Сўнг ўзини  гўёки “фалсафа қурувчиси” сифатида тасаввур  қилган муаллиф радикаллик ҳақида “оламшумул” таърифлар беришни бошлайди.

Мен фалсафа мухлисиман, файласуфликка давоим йўқ. Мен ўзимни ҳеч қачон “фалсафа қурувчиси” деб билмаганман. Мен ҳақиқатга имкон қадар интилиб, топганимни бошқалар билан баҳам кўрувчи, аммо асло бошқаларга уни мажбурлаб ўтказувчи эмасман. Фалсафа, мудом изланиш, ҳикмат истаб яшаш демак. Фалсафада мутлақ ҳақиқат бўлмайди. Топганингизни мутлақ ҳақиқат дедингизми, тамом, изланишдан тўхтайсиз. Мен мутлақ ҳақиқат фақат математикада бўлади деб ҳисоблайман. Қолган ҳақиқатлар эса ad hoc ҳақиқатлардир.

Аммо “Радикал ким?” деган саволга муаллифнинг жавобини кўрсангиз бу “зоти мубораклари” радикал деганда ўзларига қарши ҳар қандай тушунчадаги диндорни, ҳа, фақат мусулмон эмас, умуман бирор эътиқодга эга бўлган одамларни назарда тутгани яққол намоён бўлади:  “Radikallik muayyan g‘oya, fikrning mutlaq haqiqatligi, o‘zgarmasligiga beshak ishonishdir.”

Бу ерда яна бир мисинтерпретацияга эътибор қаратиш лозим. Мен ўзимга қарши ҳар қандай тушунчадаги диндорни эмас, балки мени ўз тушунчасига мажбурлаб ўтказмоқчи бўлган, ўтмасам, менга иғвогар, бузуқи ва ҳк. айбларни қўядиган, қўлида ҳокимияти бўлса, жазолашга ҳам тайёр инсонни тушунаман. Мен бошқалан мендан ўзгача ўйласа, уларни айбламайман, аммо мени ва бошқаларни айблашса, жим турмайман. Толерантлик сенинг ва яқинларингнинг ҳуқуқини бузмаётган ўзгача фикр ва феълдаги инсонларга тоқат қилишни англатади. Ҳақорат қилганларга жим қараб туришни эмас.

Мақола муаллифининг фикрида бузуқлик бор. Ўша бузуқ тушунчалардан келиб чиққан муаммони бу шахс яна шу бузуқ тушунчалари билан ечишга “уринган”. Натижада ўзини ҳам, бошқаларни ҳам алдаган.

Алдаган, бузуқлик – бу ad hominem. Алдаш била туриб ёлғон гапиришни англатади. Мен ўз фикримни самимий ифодаладим. Балки адашгандирман, лекин алдамади. Бу туҳмат.

Агар инсонда муайян ғоялар, маълум ақидаларда мутлақ ва ўзгармас фикр, қатъий ишонч бўлмаса, демак, у ҳек ким эмас. Унинг кўпик устидаги хашакдан фарқи қолмайди. У шамол қаёққа эсса, ўша ёққа қараб учадиган пат каби бўлиб қолади. Аслида радикал бўлиш учун асосий объект  умуман фикрламайдиган, қатъиятисиз, субутсиз инсонлар  эмасми? Муаллиф ўқувчини аҳмоққилишга уриняпти!  Агар ўзининг муайян  йўналишда қатъий ишончи бор ҳар қандай шахс “радикал” дейилаверса, ватанпарварлик, фидокорлик ғоялари тамоман чиппакка чиқарилиши, патсифат бесубутлардан бошқа ҳаммага “радикал” тамғаси босилиб,  “радикализм” луғатда нима маъно билдиришидан қатъий назар, ижобий сифат касб этиб қолади.

Бу ерда яна хато кетяпти. Муаллиф “принципиаллик”, “радикаллик”, “догматизм” тушунчалари ўртасидаги нозик фарқдан фойдаланган. Ёлғон гапирмаслик, ваъдага вафо қилиш ва ҳк. Принциплар бу менинг ўз хатти-ҳаракатим учун татбиқ қиладиганим қоидалардир. Радикалликда ўзгага ўз фикрини ўтказиш хос.

Яна бир чалкашлик. Фикр/ғоя/ҳукмлар икки тур бўлади – норматив ва дескриптив. Норматив ҳукмлар “керак” (ought), дескриптив ҳукмлар “дир” (is) шаклида ифодаланади. Масалан, “ёлғон гапирмаслик керак”, “ўғирлик қилмаслик керак”ва ҳоказо. Дескриптивлар эса “Ер думалоқдир”, “Ой иккига бўлинган”, “Шиалар эътиқоди бузуқдир” ва ҳоказо.

Дескриптив ҳукмлар рационал асослашни талаб қилади. Қолаверса, уларни бошқаларга мажбурлаб ўтказиш мумкин эмас. Бу турдаги ҳукмларда “мутлақ ҳақиқат”ларни жорий қилиш эркин фикр йўлини тўсади.

Мен ақидапарастлик деганда айнан иккинчи гуруҳ ҳукмлардаги асосланмаган мулоҳазаларга қатъий ишонишни назарда тутдим. Субутсизлик, бетайинлик каби иллатлар норматив ҳукмларда аниқ позициянинг йўқлигини англатади. Диний радикаллар даъво қилаётган нарсалар дескриптив ҳукмларга тегишли. Масалан, худонинг бор-йўқлиги, Қуръоннинг маҳлуқ ёки маҳлуқмаслиги, жинларнинг мавжуд ёки мавжудмаслиги, Американинг ислом душмани экани каби масалалар норматив ҳукмларга алоқадор эмас. Уларнинг радикал дейилиши сабаби шуки, улар ишониш ҳар кимнинг ихтиёрида бўлган дескриптив ҳукм шаклидаги ақидаларни тиқиштиради. Рози бўлмаганлар душман сифатида кўрилади. Шиа-сунний можаросида айнан ана шу нарса кузатилади.

Чамаси, муаллиф  “догма”  атамасини  ишлатмоқчи бўлган. Бироқ “радикал” билан “догма”нинг фарқига бормаслиги панд бериб, бу икки атамани келса-келмаса қўллайверган кўринади. Натижада радикализмнинг салбий  нисбат сифатида талқин қилиб, ортидан ақидавий асосларни ҳам “ўз қолипига”  тушурмоқчи бўлади ва догмани очиқчасига диний ақида, дейишгача боради.

Мен догмани радикаллашувнинг сабаби сифатида келтирдим. Бу ерда ҳеч қандай чалкашлик йўқ. Догматика ва ақоид бир нарса. Ҳар нарсани ўз номи билан аташ керак. Ҳар иккови ҳам рационал асосланмайди ва рационал инкор қилинмайди. Тўғрилигига шубҳа қилиш мумкин эмас. Ўзгармайди. Ўзгача фикр ўйлаб ўтирилмай, хато деб хулоса қилинади.

“инсон ҳеч бир нарсага қатъий ишонмай ўлиб кетиши керакми?  Бу ғирт аҳмоқона гап, муаллифнинг фарази, холос. Ушбудан келиб чиқиб айтиш мумкинки, муаллиф  айтаётган гапларининг бирортасига ўзи қатъий ишонмайди, ҳаммасида шак­шубҳа қилади, чунки у одамларга нафрат қилмаслик учун шундай қилишга мажбур.

 Ишонч бўлади албатта. Ҳаттоки рационал асосланмаган ишонч ҳам бўлиши мумкин. Бироқ у мавжуд фактларга терс бўлмаслиги, танқидга очиқ бўлиши лозим. Мен умуман ишонч ҳақида гапирмадим. Балки догматик ишончни назарда тутдим. Бу каби ишонч танқидга очиқ бўлмайди. Уни танқид қилсангиз, нафрат ва ғазабга учрайсиз. Масалан, мен парацетамолнинг ҳароратни туширишига ишонаман. Чунки бу тасдиқланган. Кимдир менга бу нотўғри деса, ундан нафратланмайман. Агар асослаб берса, ўз ишончимдан воз кечаман. Бироқ агар мен Исо қиёматга яқин қайтиб келмайди, бунга ишонмайман десам, мени ёмон кўра бошлашади, ақидаси бузуқликда айблашади. Бу масалада тортишаётганларнинг аргументларини ўқисангиз, бирорта томоннинг далиллари мутлақ устунмаслиги кўриниб туради. Демак, мен қайси томон ишончлироқ гапирса ўша томонникини қабул қилиши мумкинми? Ақидапарастлар бунга рози бўлишмайди деб қўрқаман.

Аслида эса нафрат бирор нарсага қатъий ишонишнинг эмас, балки Аллоҳ яратган турлиликни қабул қила олмасликнинг оқибатидир.

Мен айтдим, нафрат ҳар қандай ишонч эмас, догмадан деб. Сиз Аллоҳ яратган турлиликни қабул қила оласизми? Қуръонийларни, атеистларни, гейларни ва ҳк. Қабул қила оласизми? Сиз Қуръонни ёлғон дейдиганларни ҳам қабул қила оласизми?

Инсон  ишончсиз яша олмайди.  Демакки, инсондан ҳамма нарсага шак билан ишонишни талаб қилиш соғлом фикр эмас. Бу гапни ақли  жойида бўлган одам қабул қилмаслиги аниқ.

Эмпирик ёки рационал асосланмагунча ҳар нарсага шубҳа қилиш мудом изланишга йўл очади. Раддия муаллифи яна догматик ишонч деган ҳажман тор тушунчани умуман ишонч деган кенг ҳажмли тушунчага айлантириб юборган.

Ишонч – иймон, демакдир.  Иймондан бундай қўрқиш, ваҳимага тушиш худосизларга теккан касалликдир.

Мен Янги Зеландияни бориб кўрмаган бўлсам ҳам унинг борлигига ишонаман. Демак иймонлиманми? Иймон ва ишонч айнан бир тушунчалар эмас. Бу олма – мевадир дегандек нотўғри таъриф.

«Бешак ишонч нафратга сабаб бўлади» деган ақида ҳам, шиор ҳам ўшаларнинг фалсафасидир. Ўйлашмайдики, уларнинг шу худосизликлари ҳам бир ишончнинг ўзгинаси! Бироқ, инсоният ўзининг узоқ тарихи давомида мана шу қабиҳ ишонч эгалари – худосизларчалик қалби нафратга тўлган қавмни кўрмаган ва кўрмайди ҳам. Худосизлардек инсонларнинг қонини оқизган, қатағон қилган, азоблаган кимсаларни тарих билмайди. Бу ҳақиқатни тушуниш учун узоққа боришга ҳожат йўқ.

Мақолада худосизлик ҳақида гап йўқ. Муаллиф нима учундир шуни бу ерга киритибди. “Ишончсизлик” деган умумий тушунчадан “худосизлик” деган жузъий тушунчага сакраб ўтиб раддияни давом эттираяпти.

“Радикализм” аслида сиёсий атама бўлиб, якка шахс ёки бир жамоанинг сиёсий қарашларини жамиятдаги оқимга қарши  куч билан ўрнатиш ҳаракатига айтилади.

Қисман қўшиламан. Жамиятга куч билан ўрнатиш. Мени тасдиқлабсиз. Ақидапарастларга ҳокимият берилса шу йўлга ўтишади. Масалан, муаллифда ҳокимият бўлса, бемазҳабларнинг овозини ўчиришга уринмаслигига кафолат йўқ.

“Догма” –  бир ерда қотиб қолиш, ривожланмаслик, тараққиётни тан олмаслик,  қисқаси, “фосид доира”га кириб қолишни англатади.

Қўшиламан. Ва савол бераман: ақида масаласида ривожланиш бўладими? Йўқ десангиз, демак у ҳам догма. Ҳа десангиз, кўрсатинг. Фақат Пифагор теоремаси ҳам ўзгармаган деманг. У рационал пухта асосланган. Дини, миллатидан қатъий назар ақлли ҳамма инсон бирдек қабул қилади. Ақида ҳам шундай асосланганми? Ўзга дин у ёқда турсин, бир дин доирасида бир-бирларини тўлиқ ишонтириша олмайди. Демак, ақида етарлича асосланмаган ва айни дамда ўзгармайдиган догмадир.

Аслида мустаҳкам ақидавий асосда туриш “догма” атамаси билан эмас, собитлик, содиқлик, барқарорлик, мустаҳкам ишонч, қўзғалмас иймон каби ижобий сифатлар билан изоҳланади.

Бу ерга принципиалликни аралаштирмайликда (чунки юқорида нима учунлигини айтдим), қўзғалмас иймон деган тушунчага диққат қаратайлик. Бу фақат бир инсондаги эмас, балки авлодлар оша ўзгармас иймон ҳақида бўляпти. Энди раддия муаллифининг догмага юқорида берган таърифига қарайлик: “Догма” –  бир ерда қотиб қолиш, ривожланмаслик, тараққиётни тан олмаслик”. Зиддият ўз-ўзидан кўриниб турибди.

Чунки ақида – тараққий этиши керак бўлган масала эмас. У собит ва ўзгармасдир. Акс ҳолда, юқорида айтилганидек, инсон субутсиз, пуфак бир нарсага айланиб қолади.

Уупс…

Ақидани “догма” дейиш сўзга хиёнатдир! Ҳар қандай дин ёки таълимот каби Исломда ҳам қатъий ақида мавжуд. Ислом ақидасига кўра, Аллоҳни якка деб билиш, Унинг Фаришталарига,  Китобларига, Пайғамбарларига, охират кунига, яхшилик ва ёмонлик Аллоҳнинг қадари эканига, ўлгандан кейин тирилишга, қиёмат куни ҳисоб қилинишга, жаннат ва дўзахнинг мавжуд эканига қатъий ишониш  мусулмон шахснинг иймони тақозоси ҳисобланади. Буни “догма” дейиш эса,  алдоқчилик, ҳийлакорликдир.

Юқоридаги зиддиятдан кейин, бу гаплар ортиқча.

Инсон кўринишидаги бир мавжудот “отам маймун бўлган”, яъни “маймунзодаман”,  дея “илмий жасорат” кўрсатса, фикр эркинлиги бўладию, биров “мен одамзодман, инсон фарзандиман” деб қатъий ишонса, “догма” бўладими?!  Мантиқ қани?

Маймун деган сўз кўчанинг гапи. Бу сўз орқали ўнлаб биологик турлар тушунилади. Энг ашаддий эволюционист ҳам бундай гапирмайди. Бунга ортиқча изоҳ бермайман. Биологлар жавоб берсин.

Ақида масаласида янгилик чиқарганларга  “адашган фирқа” деб қаралади. 1400 йиллик Ислом тарихида Аҳли Сунна ва Жамоа мазҳабидан ажралиб чиққанлар, асосан , ақида масаласига ўзларича  янгилик олиб кирганлардир.  Уларнинг деярли барчаси сиёсий ўйинлар ҳосиласидир.  Бу ҳақиқатни англаш учун хаворижийлик, мўътазилийлик, жаҳмийлик, қадарийлик, жабрийлик… ва ҳоказоларга мусулмон уламолар тарафидан битилган раддияларни ўрганиш кифоя.

Бу энди менинг юқорида айтган гапларим тасдиғи.

Аслида “догма”  атамаси қатъий ақидага эмас, балки ривожлантириш имкони бор нарсаларга нисбатан ишлатилади.

Муаллиф яна ўзи юқорида берган таърифини унутди. Фанда ҳам догматик олимлар бор. Лекин фалсафа ва фанда догматизм иллат сифатида қаралади. Фақат диндагина у олқишланади. Фақат бошқача ном билан. Менимча, синчков ўқувчи фарқини тушунди.

Кувайт вақф ишлари вазири Одил Фалоҳ айтади: “Дунёда энг фаол 3000 та террористнинг рўйхати тузилган. Ўша рўйхатдаги террорчиларнинг бирортаси олий маълумотга эга эмас”.

Бин Лоден, Завохирий, 11-сентябр воқеаларини содир этганлар… Муаллиф террорчилар орасида муҳандислик, компьютер технологиялари, тиббиёт бўйича олий маълумотлилар борлигини билмайди чоғи.

Муаллиф  мусулмон ақидасини догма, дейиш билан бирга, эволюция назарияси борасидаги асоссиз гапларини “аниқ илм”,  дейишга интилади. Натижада бошқани айблаш учун қазиган чуқурига ўзи тушади. Унинг бу ботил назарияни ҳар мақоласига тиқиштиришга уриниши ва унга раддия берганларнирадикаллар, догмалар, фанга қарши муллалар”, дея айблаши айнан ўзинингдогмалигини кўрсатади.

Эволюция назарияси бутун дунёда, айниқса, ривожланган давлатлар мактаб дарсликларигача киритилган. “Science”, “Nature” каби импакт фактори энг юқори бўлган илмий журналларда бирорта ҳам креационистик мақола чиқмайди. Эволюция назарияси биологиядаги энг марказий назариялардандир. Муаллиф диний ақидаси қабул қила олмагани учун бу назарияни инкор қилади.

Инсондаги диний туйғу эволюция натижаси эмас. Бу туйғуни Аллоҳ таоло инсонга қўшиб яратган. Бунга ишониш мусулмон бўлмаган шахслар учун мажбурий эмас. Лекин эволюция назарияси орқали бу туйғу шаклланган, деб, ушбу асоси пуч теорияни бошқа бузуқ тушунчалари учун далил сифатида қўллаш, такрор айтамиз –  “фосид доира”да саргардон юрганларнинг ишидир.

Аллоҳ айнан Эволюция воситасида шу туйғуни шакллантирган бўлса-чи? Балки бу эволюция Аллоҳнинг иродаси ва воситаси бўлсачи?

Шу сатрларгача айтилган фикрларни ўқиркансиз, эътибор қилган бўлсангиз, муаллиф мақоласини ботил асослар устига қуриб бормоқда! Ботил асослар устига қурилган фикрлардан фақатгина  ботил иншоат юзага келади, холос!

Ботил асослар деб айтиш учун жуда катта далил керак.

Шахснинг нопоклигини ёки ақиданинг бузуқлигини ким белгилайди, у нима асосда аниқланади?

Мен шу саволни сизга беришим лозим. Сизлар ўз яратган парадигмангиз ичида (сиз буни манҳаж дейсиз) тўғри ва нотўғри дейсиз. Бироқ парадигманинг ўзи-чи? Сизнинг парадигмангиз Бухорий, Муслим ҳадислари орасида ёлғон ҳадислар аралашган бўлиши мумкинлигини тан олмайди. Ҳақиқат масаласида бошқалар ҳам сизнинг қаричингиз билан ўлчашини истайсиз. Лекин қаричнинг ўзи ҳаммада ҳар хил.

Муаллифнинг юқоридаги гапидан миллатимизни етмиш йилдан ортиқ  вақт мобайнида эзиб келган нопокларнинг сассиқ ҳиди келмоқда. Мақола муаллифи, ўйлашимча,  ҳали  ёш, атеистларнинг даврини ўз кўзи билан кўрмаган, улар орасида фаол иштирокда бўлмаган шахсга ўхшайди. Лекин уни бу фикрлар билан заҳарлаётганлар ўша даҳрийликнинг сувини ичган шахслар бўлиши эҳтимоли анча юқори.

Мана бу ерда провокация бор. Миллий қадриятлар, миллий мустақиллик каби тушунчалар воситасида ўзини ҳимоя қилишга уриниш бор. Бу билан сен миллат душманисан деган айблов янграмоқда. 37-йиллар ёдга келади. Шакли бошқа, моҳияти бир.

Муаллиф эса билиб-билмай гўё диний ақида догма бўлиб, радикализмнинг замирида ҳам ўша “догма”да ётибди, демоқда. Унинг даъвосича,  диний ақида таг-томири билан қуритилса, радикализм ҳам юзага чиқмайди, гўё.  Бу билан у ўзбек халқининг минг йиллик тарихи юзига оёқ қўяётганини кўрсатмоқда…

Жаннатда етмиш ҳур мени кутиб туради, ўзимни ислом йўлида шаҳид қилсам тўғри ўша ерга бораман, деган догма нималарга сабаб бўлаётганини кўриб турибмиз. “Фаман лам яҳкум бима анзалалоҳу фа уулаика ҳумул кафирун” дея дунёвий ҳукуматларни кофирга чиқариш ҳам яна ўша адашиши мумкинлигини мутлақ инкор қилишдандир. Радикал хатти-ҳаракатлар ҳам догма ортидан келади.

“Диний догма, яъни ақида қўрқув ва умид асосида тобланган, мутлақ ишониш шарт қилиб қўйилган ғоядир”, деган гап даҳрийча талқиндир. Аслида ақида қўрқув ва умид асосида эмас, қўрқув ва умид ақида асосида тобланади.

Даҳрий. Балки мен насронийдирман, балки яҳудийдирман. Қаердан бунақа ишонч билан чиқариляпти? Балки мен мусулмонларни энг илғор миллатлар ичида кўришни истаганимдан, ақидапарастликка чек қўяйлик деётгандирман? Нега сунний шиани ўлдиради ёки, аксинча, шиа суннийни. Бу ўзганинг адашганига бўлган догма сабаблимасми? Нега у унинг иши, мен ўзимга жавоб бераман дейилмайди? Негаки Саудия уламолари рофизийларни (шиа) муртад деб ҳукм чиқариб қўйган. Муртадга қандай муносабат қилинади?

“Агар Роббинг истаса, ер юзидагиларнинг ҳаммаси ёппасига иймон келтирар эди. Сен одамларни мўмин бўлгунча мажбурлар экансанми?!”(Юнус сураси, 99-оят) дейди. Демак, муаллиф “диний догма” деганда Исломдан бошқа ақидалар ҳақида гапирган, агар бунда  Ислом ақидасини ҳам назарда тутган бўлса, ўзи билмаган, ўрганмаган нарса ҳақида фикр юритибди.

Шунга ўзингиз амал қиласизми? Амал қилсангиз, мен даҳрийманми, сизга нима? Нега бемазҳабларга қарши курашасиз? Нега уларга қарши ҳақоратлар ёғдирасиз? Нега мусулмонларни бузғунчи ва бузғунчимасларга ажратасиз? Балки ўзингиз бузғунчидирсиз?

“Аллоҳ ягонадир, Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳнинг Расулидир” дейилади Ислом ақидасида. Фаразан шу ақидани муаллиф айтгандек “рамка”дан чиқариш керак бўлса,  “Аллоҳ ягона ёки ягона эмас, Муҳаммад алайҳиссалом пайғамбару, пайғамбар бўлмаслиги ҳам мумкин”, дейиш керакми? Шунда ақида “догма”ликдан қутилган бўладими?  Бу нимаси?!

Агар ақида шу билан чекланса, мен дўппини осмонга отаман. Агар мен Маҳдий келмайди, Қуръон маҳлуқдир десам, мени ақидаси хато кетганликда айблайсиз. Яъни чегарадан чиққан бўламан. Аллоҳнинг ягоналиги-ю, Муҳаммад унинг расули эканига нима дахли бор буларнинг? Нега мусулмонлар ҳаддан ташқари кўпайиб кетган, том-том китобларга жо бўлган ақидалар устида тортишиб, бир-бирларига нафрат қилиб, бир-бирларининг қонини тўкиши керак?

Исломда ақида қатъий илм асосида қабул қилинади. Яъни ақиданинг собит бўлиши учун яқиний илм мутавотир матн лозим. Демак ақида Исломда аниқ илм сифатида баён қилинади, ким Исломни қабул қилса, унга эътиқодий ва амалий мажбуриятлар юкланади.

Мутавотир далил дегани эмпирик факт эмас, ривоят. Ва ўша ривоятларнинг ичида сиз учун мутавотир бўлган, бошқалар тан олмайдиганлари ҳам бор. Мен Қуръонни истисно қилиб, ҳадисларни айтяпман. Ҳатто ўша мутавотирларнинг ўзи ҳам турлича талқин қилинади. Шуми илм? Фақат гуруҳ, мазҳаб ичидагина тан олинадиган фикр, ғоя илм бўладими? Шунинг учун ҳам мусулмонлар орасида тортишувлар кўпайиб кетди. Тортишувлар бўлсин, бироқ у бошқаларга мажбурлаб ўтказишга айланмаслиги керак.

Исломда инсон ўз онасига яқинлик қилиши ҳаром, дейилади. Албатта, “ким ҳаром қилган, тақиқлаган?” деган савол туғилиши табиий. Шунда “Аллоҳ”, деб жавоб берилади. “У ким?” дейилса, “Оламларнинг ва сенинг Роббинг”, дейилади. “Бу ишни қилсам нима қилади?” дейди кимдир. “Дўзах билан жазолайди”, дейилади. “Нафсимни у рухсат берган ҳалол йўл билан қондирсам-чи?” деса, “Абадий жаннатида мукофотлайди”, дейилади. Агар шундай аниқ ишонч бўлмаса, у ақида дейилмайди.

Японлар Аллоҳга ҳам, Қуръонга ҳам ишонишмайди. Уларнинг ўзгармас, Худодан келган китоби ҳам йўқ. Онасига яқинлик қилаётганларини кўрмаяпман. Баъзи динларда қайта тирилиш, жаннат-дўзах деган ишончнинг ўзи йўқ.

 Muayyan shaxsning diniy tuyg‘usi mahsuli bo‘lgan g‘oyalar barcha insonlarga majburiy qilib qo‘yiladi”  дейилади давомида. “Муайян шахс” деганда гап эгаси кимни айтяпти? Агар пайғамбарлардан бошқани айтаётган бўлса, бу гап Исломга тегишли эмас.

Масалан, мен муътазилийман, Ашъарийни тан олмайман. Сунний ақидаларни ҳам. Нега мен Ашъарийни тан олишим керак? Ёки бошқа мисол, Абу Бакр эмас, Али ҳалифа бўлиши керак бўлган деб ишонолмайман?

Агар пайғамбарларни айтаётган бўлса, гап эгаси Ислом тарихидан фақат даҳрийлар томонидан ёзилган манбалар орқалигина хабардор кўринади. Даҳрий тушунчага кўра,  ваҳийлар пайғамбарларнинг шахсий туйғулари маҳусули сифатида қаралади.  Ислом ақидасида бирор пайғамбарнинг диний туйғуси маҳсули ақида қилиб олинган эмас, балки пайғамбарнинг Аллоҳ таолодан олиб келган хабарлари ақида сифатида қабул қилинади.

Диншунослик, антропология, диний психология деган фанлар бор. Даҳрий тушунча деб шуларни айтаётган бўлсангиз, ҳа, мен даҳрийман. Ундан кейин кимгадир сен пайғамбармас, ёлғончисан, деган одам даҳрий бўладими? Даҳрийлик Худонинг бор-йўқлиги масаласида-ку?

Муаллиф мусулмонларнинг ақидада бир бўлишини, жамиятнинг якдил яшашини қоралайди ёки буни кўролмайди. Ахир ҳар қандай жамиятда ўзига қарашли халқларнинг жамият бирдамлиги борасида асослари мавжуд бўлади. Буни инкор қилиш адолатдан эмас.

Ҳамма одамларни бир ҳил фикрлашга мажбурлаш тоталитар жамиятларга хос, СССР вақтидаги яккаҳукмрон мафкура каби. Раддия муаллифи бир яккаҳоким мафкура ўрнига бошқасини ўрнатмоқчими? Қолаверса, Ўзбекистон кўп миллатли, кўп динли (кўпмазҳаблини нима учундир киритишмаган) давлат. Бунақа давлатда фикрлар ҳилма-ҳиллиги, плюрализми керак бўлади. Бусиз фуқаролик жамияти ҳам, шахс эркинлиги ҳам бўлмайди.

Бунга ҳатто ақидадан ташқари мисоллар келтириш ҳам мумкин. Масалан, ватан туйғуси, байроқ, гимн, герб, миллат, қадрият каби нишоналар  жамият аъзоларининг ҳар бири ҳурмат қилиши лозим бўлган рамзлардир. Агар жамиятларнинг ўзига хос рамзлари бўлмаса, ўз қиёфасини йўқотиши аниқ.

Рамзлар ягона идентликни яратиш учун керак. Боз устига, рамз ва ақида бир нарса эмас. Америкада ҳам, Европада ҳам бунақа рамзлар бор. Лекин у ерларда турли қарашдаги партиялар, диний ва дунёвий оқимлар шунақа кўпки, саноғига етиш қийин. Лекин жамият турибди.

Бу ерда раддия муаллифининг яна бир даъвоси бор чоғи. Якка бир фикр бўлсин, фақат меники бўлсин. Муаллиф 90% одам муътазилийликни танласа, рози бўлармикан бу қарашнинг ҳукмрон бўлишига? Ахир у ҳам бирликни сақлаши мумкин.

Етмиш йил биз мана шу ғаразнинг қурбони бўлдик. Диний ақидани догма ғоялар, деган тузум аллақачон қулаб бўлди. Уни такрорлаётганлар ёки ёш болачаларга орқасидан туриб пуфлаётганлар “ётиб қолгунча, отиб қол” чилар, холос.

Диний ақидаларни догма дегувчилар советлар билан ўлиб кетди деётган бу муаллиф Ғарб матбуоти, омма фикридан бехабар чоғи. Диний ақидани догма дейиш СССР деган давлат пайдо бўлмасдан анча олдин – Ренессанс давридаёқ пайдо бўлган. Ҳозир ривожланган барча давлатларга ёйилган.

Унинг фикрича, Исломдаги ортодоксал мусулмонлар ҳам аслида радикалликнинг асосчиларидир, гўё!  Ҳой банда, радикализм догманинг натижаси эмас, балки радикализм жаҳолатнинг мевасидир.

Ҳой банда, кўчада писта сотиб ўтирган ҳоланинг диний саводи йўқ, диний соҳада деярли жоҳил, нега у ўзини портлатмаяпти? Ўзбекистон аҳолисининг неча фоизи диний саводхон? Нега улар ўзини портлатвормаяпти? Ҳеч нарсани билмайдиган одам қайси асосда радикаллашади? Радикаллашиш учун муайян ишонч керак эмасми? Ўша ишонч догма бўлади. Догма ва радикаллашув ўртасида кучли сабабий корреляция бор.

Гапнинг юқори қисмига юқорида жавоб ўтди.  Давом этадиган бўлсак, ақиданинг бирлиги ҳеч қачон тафриқага сабаб бўлмайди. Балки ақидада ҳур бўлиш, ҳар ким ўзи хоҳлаганича ақида шакллантириши тафриқага, уруш ва жиноятларга асос бўлиб хизмат қилади.

Ана шу ерда эркин фикрлилик, плюрализмга қарши кучли чақириқ бор. Ақидада барибир тафриқа бўлаверади. Чунки бу масалада ҳамма учун бирдек ишонарли гап айтиш душвор. Бўлганда аллақачон бўларди. Шиа-сунний можароси эса айнан ақидавий тафриқа ҳосиласи.

Хўп майли, ягона ақида бўлсин ҳам дейлик, аммо қайси гуруҳнинг ақидаси? Шиадан сўрасангиз меники бўлсин дейди. Бемазҳаб меники бўлсин дейди. Менимча, муаллиф меники бўлсин демоқчи.

Таърифларни бузуқ тарзда қўйиб олган муаллиф энди ўша яроқсиз пойдевор устига ўз мақсадларини бино қилмоқда. Икки ёлғон битта ростни келтиради, демоқда. Мақсади эса радикалларга қўшиб мўътадил, васатий мусулмонларни ҳам шубҳа соясига олишдир. Бу билан у кимгадир ишора қилиб: “Ҳой, бу мусулмонларнинг ҳаммаси бир гўр, дарҳол уларни ақидаларини догма дея тушуниб, уларга барҳам беринглар!” дейишга уринмоқда.

Аслида сиз эмасми, кимгадир ишора қилиб, ўзингизга қўшилмаганларга қарши иш қилаётган, уларни бузғунчиликда айблаётган. Нега ўз кайфиятингизни бошқада ҳам кўряпсиз? Ақидапарастлар ҳеч қачон мўътадил бўлмайди, балки ўзини мўътадил атайди. Мўътадил одам ўзиникини олмаганни айбламайди. Уларга ҳар хил ёрлиқлар осмайди. 

Такфирчиларнинг юзага келиши ҳам сиёсий жараённинг меваси, холос. Бугун буни билмаган инсон деярли қолмаган. ИШИД, БОКОҲАРАМ каби такфирий гуруҳлар ўзларига эргашмаганларни кофирга чиқаришиб, ўлдиришмоқда. Улар бу жиноятларини ҳеч қандай исломий ҳукм билан оқлай олмайдиларУларнинг жиноятлари аслида сиёсий радикалликдир!

Ҳамма нарсанинг ортида муаллиф айтаётгандек сиёсат туриши мумкин. Лекин конкрет мафкурасиз сиёсат ишламайди. Такфирчилар айнан ақидада адашган, бутунлай чегарадан чиққан дея бошқаларни такфир қилади. Бу ерда ҳам догманинг каттагина улуши бор.

Мўътадил мусулмонлар ҳукм чиқариш иши маҳкамага оид эканини ҳар доим такрорлашади. Кимнингдир ақидада адашганини тасбит этилсада, унга жазо қўллашга шахсларнинг ҳаққи йўқлиги исломий таълимот асосларидандир. Исломда ўзбошимчалик билан жазо қўллаш йўқ!

Аммо сиз оппонентларингизга бузғунчи, адашган, иғвогар деган тамғани босаверасиз-ку! Қани бу ерда маҳкама? Раддиянгизнинг ўзида менга қарши қанча ҳукм чиқардингиз, бир санаб чиқинг.

Муртаднинг жазоси ўлим  экани шариат жазо қонунларида мавжуд, уни бекор қилинмаслиги ҳам тўғри!

Тан олганингиз учун раҳмат!

Аввало, билиш керакки, муртадни қатл қилиш ақида масаласи эмас! У ижтимоий қонунчиликка киради. Яъни жамият хавфсизлиги нуқтаи назаридан келиб чиқиб, хоинларга шундай жазони белгилнган. Бу кучли ижтимоий ҳимоя, демакдир. Исломга мажбурлаш йўқлиги эълон қилинар экан, уни ихтиёрий равишда қабул қилган шахслардан хиёнат қилмаслик талаб этилади.

Яширин жиноий гуруҳларга аъзоликда ҳам шунақа талаб қўйилади. Дейлик мен самимий, ўзим хоҳлаб, ҳеч кимнинг ундовисиз ўзга динга ўтсам ва айни пайтда ўз эътиқодимни бошқаларга ўтказишга уринмасам, яъни миссионерлик қилмасам, шунга қарамай ўлдириламанми? Қани эътиқод эркинлиги бу ерда? Исломга киришда эркин, чиқишда эркинмасми? Мусулмон оилада туғилган чақалоқ ҳам вояга етиб, мустақил бўлгач, ундан исломга кириш сўралмайди-ку? “Ихтиёрий равишда” деган гап бу ерда йўқ-ку.

Хоинга нисбатан ҳозирги кунда ҳам ривожланган давлатларда ўлим жазоси бор. Баъзиларида умрбод қамоқ жазоси белгиланган. Муртаднинг қатли ижтимоий масала бўлиши билан бирга бу жараён жуда қаттиқ талабларни ўз ичига олади.

Муртадлик ва хоинлик. Бир нарсами? Ўзга динга ўтиб, ҳеч ким билан иши бўлмай, тирикчилигини қилиб юрган одамнинг нимаси хоин? Диний эътиқодни шахсий эмас, ижтимоий масала деб билиш, уни сиёсий масалага айлантиришга йўл очади.

Қадимдан мусулмон юртларда бошқа дин вакиллари ўз эътиқодларида бемалол юраверишган, ибодатларини эмин-эркин қилверишган, ҳатто ибодатхоналарига ҳам тегилмаган. Ҳаттоки бир киши тилида мусулмонман деса, ўзи кофир бўлса ҳам, тилидаги тасдиқ қилинган.

Бу гап зиммийлар ва мунофиқлар ҳақида, муртадлар ҳақида эмас. Аслида мунофиқлик муртадликдан кўра ёмонроқ ва ахлоқсизроқ бўлса-да, уларни ҳеч ким жазоламаган. Лекин ўз эътиқодини ихтиёрий ўзгартирганини самимий тан олган, ёлғончилик қилмаганлар ўлдирилган.

Муртадликда гумон қилинганни эса ушлаган жойда ўлдириш мумкин эмас. У маҳакамага тортилади. У ерда унга насиҳат ва даъват ишлари олиб борилади. Фикран қайтариб бўлмагач, бир қанча муддатга қамаб, таъзир берилади. Қамоқ муддати бир неча йилларни ташкил қилиши мумкин.

Бу менга Оруэллнинг “1984”ини эслатди.

Қолаверса, масалага глобал тарзда қаралса ўлим ҳукми ҳанузгача бир қанча давлатларнинг қонунчилигида мавжуд. Аксар ўлкаларда хоинга ўлим жазоси қўлланилади. Бу жазони қўллаш керакми ёки йўқми, юқорида айтилганидек,  алоҳида мавзу.

Эътиқодни ўзгартириш хоинлик аталса, у ҳолда либерал партиядан консерватив партияга ўтиш ҳам хоинлик бўлиши керак.

Мусулмонлар идораси уламолари айнан мўътадил Ислом тарафдорлари бўлгани учун ҳам бу мавзуни кўтаришмайди. Чунки, биринчида бу масала ақида масаласи эмас.

Диндан чиққан дейиш учун ақидани инкор қилиш талаб қилинади. Шаръий ҳукмни инкор қилишмас, ақидада четга чиқиш диндан чиқаради. Бу айнан ақида масаласи.

Энди бутун бошли жамоаларнинг муртад бўлиши эса ҳудди бутун бошли тўдаларнинг жиноят кўчасига киришига ўхшайди. Уларга қонун томонидан жазо таҳдиди қилинмаса жамият пораканда бўлади.

Эътиқодни ўзгартириш – жиноят. Ҳатто ўлимга сабаб бўлувчи жиноят. Шахс эрки доим жамият номидан топталган. Советлар ҳам, фашистлар ҳам жамият ва халқ бирлигини сақлаш баҳонасида ўзгача фикрлиларни қатағон қилишган.

Муаллиф Исломни билган, тўғри англаган васатий усулмонларни репрессия қилиниши тарафдори.

Туҳмат

Динда мажбурлаш йўқ, масаласи ҳам муаллиф томонидан ғаразли мақсад учун  ёлғон устига  тиргак қилинган.

Раддия менинг “ғаразли мақсадларим”ни гўёки фош қилмоқда.

Радикал гуруҳларнинг йўқ бўлмаётгани эса сиёсий ўйинларнинг натижасидир. Манфаатдор давлатлар уларни йўқ бўлишини истамаяпти. Муаллиф каби фикрлайдиганларга баҳона сифатида Исломни қоралаш учун ўша гуруҳлар майдонда туриши шарт, шунинг учун ҳам масалани таг-тубидан қўпориб ташлашга имконияти бор давлатлар ўша гуруҳлар баҳонасида геополитик хариталарини чизишга уринишмоқда. Муаллиф бу ерда ўшаларнинг сийқаси чиққан гапини такрорламоқда, холос.

Ҳамма нарсани сиёсий ўйин сифатида кўрилса, жиҳодизм ҳеч қачон йўқ бўлмайди. Сиёсий ўйин ҳамма жойда бор. Лекин ўзини портлатаётганлар, диндан чиққанликда айблаб бир-бирини қираётганлар ҳамма жойда эмас, айнан мусулмонлар орасида. Фақат сиёсий ўйин сабаб бўлса, бу каби ҳодисалар ҳамма жойда кузатиларди. Айнан ақидапарастлик сиёсий ўйинчиларга қўл келмоқда.

Ўзининг инсон фарзанди эканини қатъий айта оладиганлар эса муаллифнинг чирпинишича  “радикаллардир”! Уларга гўё муаллиф орзу қилган “жамият”да ўрин йўқ!

Muammo ISHID ham, Hizbut tahrir ham, Al-Qoida ham emas, balki ularni yetishtirgan mafkuradir”.

Ўша мафкура эса соф ақида эмас, балки сиёсий режаларга “лаббай” деб жавоб бераётган жоҳиллик мафкурасидир! Яъни бузуқ ақида!

Ҳа бузуқ ақида, лекин ақида. Раддия муаллифи ниҳоят ақида ҳам бунга сабаб бўлишини тан олди. Яна чуқурроқ ўйласа ҳар қандай догма – ақида бунга сабаб бўлишини англаб етади.

Саудиядаги салафийлик сиёсий мақсадларга хизмат қилиб, Сауд оиласини ҳукуматга келтирган ва ўша мафкуравий тизимни салтанатга олиб келган сиёсий  “қўл” бугун ИШИДни ҳам қайсидир давлатда ҳокимиятга келтирди. Ҳозирча уни ҳеч ким тан олмаган бўлсада, лекин сиёсий ўйинлар ўшалар устида ўйналмоқда.

Салафийликда ақида йўқми, ИШИДда ақида йўқми? Уларнинг ақидаси муаллиф ақидасидан нимаси билан фарқ қилади? Ҳаммаси ўзини сунний ақида тарафдори санайди. Ҳаммаси Исонинг қайта келишига, қиёматдан олдин румийлар билан Дабиқда жанг бўлишига ишонади. Булар ҳаммаси догмалар. ИШИД шу догматик ишончга қаттиқ берилган. Раддия муаллифи, ИШИД ва салафийлик ақидалари ўртасида нари борса, ўн фоизча фарқ бор. ИШИДни булардан фарқлаб турган асосий жиҳати ақида эмас, шаръий ҳукмлар, уларнинг ижроси билан боғлиқ. Улар ҳам тошбўрон қилади, улар ҳам муртадларни ўлдиради, улар ҳам яҳудларни исломнинг душмани дейди. Ҳаммаси Қуръондан ҳукм оляпмиз дейди, ҳаммаси салаф солиҳларга эргашяпмиз дейди. Қани фарқ? Фарқ фақат ижрода. Ақидада катта фарқ йўқ.

Марҳамат қилиб раддия муаллифи ўз ақидаси ва ИШИД ақидаси ўртасидаги фарқларни санаб берсин-чи. Қанча фарқ бор-у, қанчаси ўхшаш, бир кўрайлик. Илтимос, фиқҳий фарқларни ҳам тиқиштириб чалғитмасин.

…муаллиф яна хийлакорлик билан барча мусулмонларни салафийликда бирлашади, дея ўзидаги хоинона тушунчаларни бошқаларга тиқиштирмоқчи бўляпти!

Мен ҳаммани салафий демадим, балки салафийлик илдиз отяпти дедим.

Ва яна ўша саволимни такрорлайман. Менга муаллиф ўз ақидаси билан Саудия салафийлари (ваҳҳобийлик) ақидаси ўртасидаги фарқни санаб берсин. Айнан қайси ақидада ихтилофлари бор экан, бир кўрайлик. Агар айтишга арзигулик фарқ бўлса, мен адашганимни тан оламан. Одатда бир фарқни кўрсатишади. Бизда иймон ва амал бошқа ҳисобланади. Амалига кўра ҳеч кимни кофир демаймиз, дейдилар. Шу жиддий фарқми? Амал ва иймон масаласида мусулмонлар ваҳҳобийлик пайдо бўлмасидан анча олдин иккига бўлиниб қолган.

Ўзи ишонмаган гапига бошқаларни ишонади, деб ўйлаяпти.

Мен ҳар бир айтган гапимга ишонаман. Агар жиддий раддия бўлса, ишончимни ўзгартираман. Менинг ишончим догма эмас.

Бу фикрларнинг аксари даҳрийлик таъсиридан униб чиққан. Айримлар мақола муаллифининг қарашларига даҳрийликнинг нима алоқаси бор, дейиши мумкинИнсон ўз қарашлари таъсирида фикр юритади. Даҳрий инсон Ислом ҳақида бирор фикр билдирса, унинг самимий бўлиши имконияти анча паст бўлади.

Муаллифнинг ўзи даҳрийлик, шиалик, бемазҳаблик ёки яхудийлик… ҳақида самимий бўла оладими? Аслида энг катта тарафкашлар диний гуруҳлар ичида-ку! Унинг бу иддаосидан келиб чиқсак, бир гуруҳ иккинчиси ҳақида ҳеч қачон самимий бўлолмайди. Қолаверса, киши ўз дини ҳақида холис фикр юритиши осонмас.

Шу билан бирга, муаллифга ўхшаганлар эволюция назарияси тарафдори эканини айта туриб ҳам, мен мусулмонман, деяверади ва ўзига ўхшаганларнинг исломий доирада нифоқ уруғларини сочиб юришига имкон хозирлаш учун жазо турлари ҳақидаги масалаларни ақида масаласи сифатида кўтараверади.

Эволюция – илмий факт. Фанга қарши борган дин охир оқибат барибир таслим бўлади. Католиклар ўтмиши кўп нарсани айтиб беради бизга.

Аксинча, соф диний тушунчаларни, ақидани тизимли шаклда таълимга киритиш лозим. Агар мусулмонлар ёшлигидан Ислом тўғрисида соф таълимотларга эга бўлса, улардан ғаразли сиёсий ўйинларда фойдаланиш имконияти йўқолади. Бу эса радикализм балосидан қутулишнинг самарали чораларидан биридир!

Ўзбекистонда дин таълимдан ажратилган. Диншунослик, холис, соф илмий нуқтаи назардан ўтилиши мумкин. У ёки бу диннинг ақидаси индоктринация қилинмайди. Раддия муаллифи дунёвий давлатга қаршими?

 

Раддияда менинг шахсиятини муҳокама қилишга катта ўрин берилибди.

1 izoh

  1. Хуршид Йўлдошев жаноблари, сизга ташаккур! Анча “ҳақиқатлар”ни англашимизга беминнат хизмат қилибсиз. Лекин бутун умр қатъий фикрсиз яшаш, кимлигингни англамай, фурсатни бой бериш қийин бўлса керак. Сизга ачинаман. Биламан, сиз ҳам эртага нотўғрилиги исботланиб қолиши мумкин бўлган бугунги ишончингиз билан менга ҳам ачиняпсиз. Майли, ким ҳақлиги ҳақида сизга 50-60 йил, нари бўлса 100 йилдан сўнг, балки олдинроқ аниқ илмга ҳам эга бўлиш насиб ҳам қилар. Лекин эртароқ, кеч бўлмасидан ҳидоят топишингизга тилакдошмиз. Балки муҳтарам биродаримиз Аброр Мухтор Али сизга сиз сўраган ақидадаги фарқларни ҳам юборарлар. Балки салом дейиш билан кифояланарлар. Лекин сиз айтган “Эволюция – илмий факт” да кўзга кўринган олимлар ҳам якдил эмасликларини эслатиб қўймоқчиман. Бу “фактингиз” сизнинг “ишончингизга” ўхшаб, аллақочон шубҳа остига олиб бўлинган. Мақолангизга берилган раддияларни шахсиятингизга тажоввуз ҳам деб тушунибсиз. Лекин бутун бир жамиятлар қадриятларига бемалол оёқ қўйишни ўзингизга эп кўргансиз. Биз бу баҳслар давомида яна бир бор ҳидоят ёлғиз Аллоҳдан эканлигига шоҳид бўлиб турибмиз. Ҳа айтганча, менга раддия ёзишнинг ҳожати йўқ. Мен сиз “догма” деб номлаган муқаддас Ислом ақидасига содиқ оддий мусулмонман.

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here