(А. А. Семеновнинг “Шайбонийхон ўзбекларининг келиб чиқиши ва таркиби ҳақида”, Герман Вамберининг “Бухоро ёки Моварауннаҳр тарихи”, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома”, Д. И. Эварницкийнинг “Ўрта Осиё бўйлаб йўлкўрсаткич” асарлари ва бошқа муаллифлар асарлари асосида тайёрланди).

“Моварауннаҳрнинг барча ҳудудида туркий халқлар сонининг кўпайиши мўғулларнинг Марказий Осиёга бостириб кириши туфайли юз берган энг муҳим этнографик тўнтаришлардан бири бўлди” – деб ёзади ғарблик олим Герман Вамбери. “Марказий Осиёга мўғилларнинг иттифоқчилари сифатида Тянь-Шяннинг шарқий водийси ҳамда Олтой тоғларидан кўчиб келган туркийлар бу ерда ушбу заминни аллақачон ўз ватани сифатида қабул қилган бошқа туркий қардошларини учратди ва бундай ҳолат янги келган туркий элатларнинг кўчиб келишини тезлаштирди”.

“Чиғатой улуси [Марказий Осиё] парчаланиб кетди” – деб сўзида давом этади Вамбери. “Самарқанднинг шимолида яшовчи жалойир ва сулдуз уруғлари биринчи бўлиб ҳокимиятни эгаллаб олган бўлса, жанубдаги Кеш ва Нахшаб водийсида барлослар оиласи мўғил салтанатининг қолдиқлари орасидан мустақиллик байроғини кўтарди. Европада Тамерлан номи билан донг таратган Темурбек юқорида тилга олинган барлос уруғига мансуб эди. Моварауннаҳр охирги мўғиллардан озод қилингач, Темур Самарқанд шаҳрига кириб келди. Бу ерда у маҳаллий аҳоли томонидан дўстона кутиб олинди. Энди Темур ўз она юртининг подшоҳи эди ва Самарқанд тахтига ўтириши мумкин эди. Ҳокимиятни қўлга олгач, Темур биринчи бўлиб мамлакатда тартиб ўрнатишга интилди. У сўзсиз Чингизхонга тақлид қиларди. Туман оғаси, мингбоши, юзбоши, ўнбоши каби лавозимлар ташкил этилди. Сиёсий маъмурият қандай бўлса шундайлигича қолди, фақат солиқ тизими Қуръондаги кўрсатмаларга мослаштирилди, қолган лавозимлар ва сарой одоб-ахлоқ қоидалари аввалги сулолалардан, жумладан Салжўқийлар ва Хоразмшоҳлардан ўзлаштирилди. Биздаги генералиссимус мансабига мос келадиган Бекларбеги ёки Амир-ул Умар каби мансаблар Салжўқийлар ва Хоразмшоҳлардан ўзлаштирилган. Албатта, юз йилдан ортиқ анархия ҳукм сурган Моварауннаҳрни қайта тиклаш осон иш эмасди. Уни аста-секин тиклаш мумкин эди, бироқ Темур илк дамдан бошлаб ўзга юртларни босиб олишга ғоят даражада берилди. У бир вақтда мамлакат ичида тартиб ўрнатишга ва ўз империясининг ҳудудини кенгайтиришга интилди. Темур 1405 йилда 72 ёшида вафот этди. Ўз умрининг ярми давомида у Моварауннаҳрнинг мутлақ подшоҳи ва бутун мусулмон Шарқ оламининг ҳукмдори эди. Шуҳратсеварлиги, ҳарбий истеъдоди ва темир иродаси туфайли у ҳақли равишда Александр, Цезарь, Чингиз ва Напалеон билан бир сафдан жой олиши лозим. Шубҳасиз, Темур даври икки дарё оралиғининг ёрқин тарихини ўзида ифодалайди ва у ҳукмронлик қилган даврда туркий халқ шу даражада ёрқин нур сочдики, ҳозир ҳам кўплаб туркий қавмлар унинг шукуҳидан нур олмоқда. Темур монгол бўлганлиги ҳақидаги кўпчилик шарқшунос олимлар таъкидлайдиган фикр янглиш фикрдир. Темурнинг Қорачар Ноянга бориб тақалиши қуруқ гап, чунки Чиғатойхоннинг бундай сохта вазири ҳақида ҳеч қаерда тилга олинмаган. Рашиддин, Вассаф, Мирхонд каби муаллифлар буни қаердан олганлиги номаълум. Темурнинг монголга айланиб қолишининг сабаби қуйидагича: форслар узоқ вақт Чиғатой хонлигини ёки Моварауннаҳрни Монголлар Империясининг таркибий қисми деб ҳисоблаб келган. Кастилья [Испания] қироли Генрих III томонидан Темур саройига элчи қилиб юборилган Клавихо ҳам шундай деб ёзади: “Самарқанд империясининг ҳудуди Мўғиллар юрти деб аталади ва унинг маҳаллий тили мўғил тилидир. Бу тилни Окснинг нариги қирғоғидаги форслар тушунмайди. Самарқандда ишлатиладиган ёзув (уйғур ҳарфлари) ҳам уларга нотанишдир. Император (Темур) кўплаб мирзаларга эга бўлиб, улар мўғилча ёзувларни ёза олади ва ўқий олади”.

“Аслини олганда Темур давридан бошлаб Ўрта Осиёнинг туркий даври бошланган эди” – деб таъкидлайди Герман Вамбери. “Чунки Хоразмшоҳлар ва Салжўқийлар, гарчи келиб чиқиши турк бўлса-да, Эрон ва Ғарбий Ислом маданиятини жуда севарди, улар ҳозирги Кажар сулоласи каби туркий халқнинг гуллаб-яшнаши учун деярли ҳисса қўшмаган”.

1891 йилда чоп этилган Пославскийнинг “Бухоро” асарида шундай дейилади:

“Темурнинг ўз даври маданий ҳаётига кўрсатган таъсири ҳақида сўз борганда унинг даврида [маҳаллий] туркийлар жангарилик томон эмас, балки кўпроқ маърифатпарварлик сари юксалганлиги эътироф этилади. Темур туркийларнинг маънавий ва илмий иштиёқига гўё пойдевор ясаб бергандек. У ўзида туркийларнинг Мўғил ва Хитой олами устидан тантана қилганини ифодалайди. Темур туркий халқни биринчи ўринга олиб чиқади. Темур давридан бошлаб туркий тил мамлакатнинг расмий тилига айланган. Ҳар ҳолда шуниси аниқки, ниҳоят туркийлар томонидан ҳам маърифатга сезиларли ҳисса қўшилган. Бу Темурнинг ҳаётлигида бўлмаса-да, унинг ворислари даврида амалга ошган”.

Л. Н. Соболев 1874 йилда чоп этилган асарида бу ҳақда шундай дейди:

“Темурланг даврида Турон халқлари муҳим ўрин тута бошлади. Бутун Ўрта Осиё ва Ғарбий Осиёни забт этган Темур Европанинг жануби-шарқий қисмини ва деярли бутун Ҳиндистонни зафарли юришлари билан кезиб чиқди. Турон халқлари довруғи кўкка кўтарилди. Ўрта Осиёнинг эроний халқлари гарчи ўзига хослигини сақлаб қолган бўлса-да, Темур даврида уларни салобат босди. Улар Яксарт, Окс ва Зарафшон дарёси юқорисида жойлашган Тянь-Шаннинг бориш қийин тоғларига мустаҳкам ўрнашиб олди ҳамда энг гавжум шаҳарларда жон сақлашга муваффақ бўлди. Ўз салтанатининг пойтахти бўлмиш Самарқандда Темур мусулмонларнинг маънавий куч-қудратини жамлашни ва Самарқандни нафақат Осиёдаги, балки бутун дунёдаги шаҳарлардан ҳам буюкроқ шаҳарга айлантиришни ният қилди. Темур даврида Турон халқлари илк бор диний фанлар соҳасида қадам ташлади. Бу билан улар Ўрта Осиёдаги устувор мавқеини янада мустаҳкамлади. Туркий тил кенг ёйилди.

1499 йилда ўзбеклар ўзларининг шавкатли хони Шайбонийхон бошчилигида Самарқандни батамом ишғол қилди ва темурийларнинг Ўрта Осиёдаги салтанатини тортиб олди. Ушбу ўзбек ботирининг зафари натижасида қисқа муддатга бўлса-да, темурийлар салтанати таркибига кирган Ўрта Осиёнинг деярли барча минтақаси бирлашди. Ўзбеклар Осиёнинг ушбу қисмида турли халқларга дуч келди. Маҳаллий эроний халқлардан сон жиҳатидан ўзиб кетган Турон халқлари Шайбонийхон байроғи остида жипслашди”.

1873 йилда А. И. Павловский томонидан Герман Вамберининг рус тилига таржима қилинган “Бухоро ёки Моварауннаҳр тарихи” асарида бу ҳақда шундай дейилади:

“Темурий сулоласининг юлдузи сўнаётганди ва 19 ёшли Бобур мирзо буни тўхтатиб қолишга қодир эмасди. Чингизхон авлоди, Жўчи улуси [Олтин Ўрта] вакили Шайбоний Муҳаммадхон темурийларнинг ўзаро уруши аланга олаётган ва босиб олиш учун қулай фурсат юзага келаётган лаҳзада кўп сонли ўзбек отлиқ аскарлари шарофати билан аллақачон Моварауннаҳрнинг кўплаб муҳим нуқталарини амалда эгаллаб олганди. Бу омадли жангчи Темурийлар ҳукмронлигига нуқта қўйди”.

XVI асрнинг бошида кўчманчи ўзбекларнинг босқини ҳамда уларнинг Ўрта Осиё ва Хуросонни бўйсундириши ушбу мамлакатлар бошидан кўп ўтказган халқлар буюк миграциясининг энг охирги тўлқини бўлди. Кўчманчи ўзбеклар ҳозирги ўзбек халқининг этногенезида қатнашган охирги этносдир.

1863-64 йилларда Ўрта Осиёга сафар қилган Герман Вамбери шундай деб ёзади:

“XVI асрда чиғатой халқи деганда Моварауннаҳрнинг ўтроқ ўқимишли туркий халқи назарда тутилган, ўзбек деб эса Дашти Қипчоқнинг шимоли-ғарбидаги [Россиянинг жануби ва Қозоғистоннинг ғарбидаги] ёввойи даштликлар айтилган. Ўзбеклар у вақт қўй ва от териси билан ўраниб юрар, маънавий дунёсида эса қисман Хожа Аҳмад Яссавийга ўрин бор эди холос.

У вақтда “ўзбек” деганда ёвуз даштлик назарда тутилгани Шайбонийхоннинг чиғатой халқига қаратилган қуйидаги мисраларида ҳам яққол кўзга ташланади:

Чиғатой эли мени ўзбег демасун,
Беҳуда фикр қилиб ғам емасун.

Яъни,

Чиғатой эли мени ўзбек (ёввойи) деб атамасин,
Бекорчи ўйларга бориб ғам емасин.

Бироқ вақт ўтиши билан XVI асрда ҳақоратли сўз бўлган ўзбек номи кейинги асрларда чиғатой номи ўрнида қўлланилади ва ҳурматли номга айланади. XIX асрда Ўрта Осиёга саёҳат қилган ғарблик тарихчи Вамберининг гувоҳлик беришича, уруғ-аймоғидан қатъи назар ўқимишли ўтроқ туркий халқ аллақачон ўзбек деб аталарди”.

Ушбу олим ўзининг бошқа асарида шундай деб давом этади:

“XVI асрнинг бошида Муҳаммад Шайбоний темурийларнинг тобора заифлашиб бораётган ҳокимиятини тортиб олганидан сўнг Бухоро, Хива ва Балхда яшовчи туркий элатлар ўзбек номини қабул қилди. Шайбонийхон билан бирга келган ўзбеклар икки дарё оралиғида маҳаллий туркийларни учратди ва икки туркий қавмнинг бирлашиши натижасида ҳозирги ўзбек халқи юзага келди. Ўзбеклар – бу асосан ўтроқ ва деҳқончилик билан шуғулланувчи халқнинг номидир. Улар Орол денгизининг жанубий қирғоғидан то Комулгача ястанган кенг ҳудудда яшайди ва учта хонлик ҳамда Хитой Туркистони ҳудудидаги кўп сонли халқ сифатида қайд этилади”.

XVI асрда Темурийлар салтанатини забт этган кўчманчи ўзбекларнинг раҳнамоси Шайбонийхон шахси ҳақида фикр билдираётиб, Вамбери Шайбонийхон ўзининг эронлик душманлари томонидан таърифланганидек ўзбошимча варвар бўлмаганлигини айтади:

“Шайбонийхон Бухоро, Самарқанд ва Тошкентда масжид-мадрасалар қурдирган. Ҳатто ўз юришларида ҳам олимларни бирга олиб юрган, олимлар унга улкан таъсир кўрсатган. У темурийлар хонадони вакиллари каби ўз даврининг юксак маданиятли шахси бўлган”.

“Шайбонийхон қачон ва қаерда бундай кучли диний таълим олган?”, – деб савол беради А. А. Семенов ўзининг “Шайбонийхон ўзбекларининг келиб чиқиши ва таркиби ҳақида” деб номланган асарида.

Маълумки, у диний масалаларни яхши тушунган, илмий мажлислар уюштириб, унда илмий мавзуларда суҳбат қуришни яхши кўрган. Бундай суҳбатларда Ислом дини ва фалсафаси биринчи ўринда турган. Шайбонийхон бобоси Абулхайрхон кўчманчилик қилган Дашти Қипчоқда ёки от миниб уруш-жанг қилиб юрган чоғида ёхуд Бухоро ва Самарқандда бир-икки йил яшаган вақтида бундай илм ололмасди.

Бундан ташқари, унинг айрилмас ҳамроҳи, укаси Маҳмуд султон 1487 йилда самарқандлик машҳур шайх Хожа Аҳрор (1490 йилда вафот этган) ҳузурида бўлган ва яқинда туғилган ўғлига фотиҳа беришни ҳамда исм қўйишни сўраган. Хожа Аҳрор “чақалоққа беҳад марҳамат кўрсатиб” унга ўзининг Убайдулла исмини берган. Демак, Шайбонийхоннинг укаси Хожа Аҳрорнинг муридлари сафида бўлмаса-да, ҳеч бўлмаганда Моварауннаҳрнинг энг эътиборли “Нақшбандия” ёки “Хожагон” диний жамоатига муайян даражада алоқадор бўлган. Ундай бўлса, у қаерда яшаган, Хожа Аҳрорнинг ҳузурига қаердан ташриф буюрган деган савол туғилади. Дашти Қипчоқданми ёки темурийлар ихтиёридаги бирор-бир ҳудудданми? Агар шундай бўлса, Маҳмуд султон у ерда ким сифатида яшаган ва ундан ҳеч айрилмаган унинг акаси Муҳаммад Шайбоний бу вақтда қаерда бўлган?

Ва, ниҳоят, кейинчалик барча ўзбекларнинг олий раҳнамоси (1536-1539), шайбонийлар ичида энг иродалиси, кўп бор ўзбекларни қизилбошларга қарши етаклаб борган ва амакиси [Шайбонийхон] ўлимидан сўнг ўзбеклар давлатининг амалдаги ҳукмдори бўлган Маҳмуд султоннинг юқорида тилга олинган ўғли Убайдулла қаерда тожикча ва арабчани аъло даражада ўрганган, тожик ва араб тилларида шеър ёзишни ҳамда битимлар тузишни билган? Наҳотки Дашти Қипчоқда ёки темурийларнинг шимолдаги ерларига ҳужум қилиш вақтида ўрганган бўлса? Балки Дашти Қипчоқ ўзбекларининг қароргоҳига яқин жойлашган Туркистон шаҳри (ёки бошқа шаҳар) исломий маърифат тарқатувчи макон бўлгандир? Ўзбек ёшлари эҳтимол ўша ерда таълим олгандирлар? У ҳолда кўчманчи ўзбек амалдорларининг маданий юксаклиги темурийлар даври савияси билан бир хил бўлганлигидан дарак берувчи янги жиҳатни кашф қилган бўламиз, чунки мазкур сўнгги даврнинг маданий анъаналари ўзбеклар ҳукмронлиги даврида ҳам бемалол ривожланишда давом этаверган.

1451 йилда дунёга келган ва болалигида Шохбахт деб аталган Муҳаммад Шайбоний машаққатли ҳаёт мактабини бошидан ўтказган. Ўзи ва укаси Маҳмуд султон барвақт отасидан айрилган. Бобоси Абулхайрхон етимларни ўз тарбиясига олган.

Шайбонийнинг ботир ва жасур эканлигини кўп эшитган темурий Султон Аҳмадмирзо Бухорого марҳум Абулхайрхоннинг неваралари ташриф буюрганини эшитгач, Шайбонийни ўз ҳузурига, Самарқандда келтиришни буюрди. Самарқандда Муҳаммад Шайбоний Бухорода бўлганидек шодиёна кутиб олинди. Султон Аҳмад мирзо Самарқандга бир неча кунга ташриф буюрган меҳмонга илтифот кўрсатди ва кўп сахийлик қилди. Шундан сўнг Муҳаммад Шайбоний Абдували “тархон” билан бирга Бухорога қайтди ва у ерда икки йил давомида энг яхши Қуръон тиловат қилувчи Мовлано Муҳаммад Хитойи раҳбарлиги остида қунт билан таълим олди. Эҳтимол устозининг таъсири туфайли Шайбонийнинг шеърият ва фанга бўлган севгиси бир умр сўнмагандир. Жангу-жадалга бой бўлган ҳаётида ўзи тўхтаган исталган шаҳар ва туманда у олим, суфи ва шоирлар билан суҳбатлашишни яхши кўрарди. Моварауннаҳрнинг қадимги пойтахтида илм ўрганиш билан бирга у бир лаҳза ҳам кўнглида тугиб қўйган мақсадлардан воз кечмади. У она даштига ҳарбий юриш қилишга пухта тайёргарлик кўрди. Ва, ниҳоят, зарур қурол-яроғлар тўплаб, Муҳаммад Шайбоний бухоролик устози билан хайрлашди ҳамда она Дашти Қипчоғига отланди.

Ўзига хайрихоҳ бўлганлардан бири қўмондонлик қилаётган чегарада жойлашган Аркук истеҳкомида Шайбоний совға-салом ва тантана билан қарши олинди. Тез орада ўша туманда жойлашган бошқа қалъалар, шу жумладан Сиғноқ ҳам осонгина Шайбонийхон қўл остига ўтди. Шайбоний ташрифи ҳамда муваффақиятларини даштдагилар билгач, хуфиёна равишда Шайбонийга ҳамдард бўлган ва уни шу жойларнинг хони бўлишини истаган Дашти Қипчоқ ҳукмдори Мусо Мирзо Манғит унга элчи юборди, сўнгра Мусо Мирзо ўз уйида Шайбонийга катта ҳурмат-эҳтиром кўрсатиб, уни хон курсисига ўтказди ва унвонига яраша унга ҳар хил совғалар тортиқ қилди.

Бир неча кундан кейин Шайбоний Мусо Мирзонинг меҳмони бўлиб турган вақтда унинг оиласининг душманларидан бири Бурундуқхон минглаб отлиқ аскар билан Шайбонийхонни ва унинг “ҳамтовоғи” Мусо Мирзони қўлга тушириш учун Дашти Қипчоққа юриш қилгани ҳақида хабар олинди. Мусо Мирзо бу хабардан хавотирга тушиб, Шайбонийга уларнинг кучлари кам ва жанг тенг бўлмаслигини маълум қилди. Бироқ Шайбоний қўрқувга тушгани йўқ, Бурундуққа қарши чиқди ва ортидан Мусо Мирзони ҳамда унинг манғитлардан иборат қўшинини эргаштирди. Бўлиб ўтган жанг Бурундуқхон қўшининг тор-мор этилиши ва унинг улусидаги катта ўлжа ишғол қилиниши билан тугади.

Шу орада Шайбоний олдига темурий ҳукмдор Муҳаммад Мазид “тархон”дан қочиб Ўтрордан қандайдир амир Бек Ота келди ва Муҳаммад Шайбонийга XV асрда яшаган Аҳмад Румий қаламига мансуб усмонли турк тилида ёзилган “Искандарнома” достонини [Александр Македонский ҳақидаги китобни] тутди. Достоннинг охиридаги тўрт қаторли шеър Шайбонийни лол қолдирди. Бу шеър ҳатто Темур мамлакатини ҳам забт этишга қодир фаол ҳаракатга ундарди. Ушбу шеър Шайбонийнинг хотирасида чуқур из қолдирди ва у ҳар қандай қийинчиликларга қарамай ҳаёти давомида доим журъатли бўлишга аҳд қилди. Темурийлар ихтиёридаги барча ерлар, Хоразм, Хуросон унинг қўлига ўтгач Шайбоний унга қачонлардир Бек Ота совға қилган китобдаги тўрт қатор шеър унинг муваффақиятига сабаб бўлганини тез-тез ёдга оларди. Бу ҳақда “Шайбонийнома” деб номланган нодир тарихий қўлёзмада шундай ҳикоя қилинади. Ушбу қўлёзмани Шайбоний котиби билан бирга ўз қўли билан ёзган. Мазкур қўлёзма Ўзбекистон Фанлар академиясининг Шарқшунослик институтида сақланмоқда.

Тез орада Шайбоний бухоролик машҳур шайх Мансурга шогирд бўлди. “Кунлардан бири у устозининг уйига ташриф буюрди. Суҳбат чоғида шайх унга қуйидагиларни айтиб танбеҳ берди: “ахир сен, ўзбек, подшоҳ бўлишни хоҳлаяпсан!”. Таом тортишни буюрди. Таом еб бўлингач, хизматкор идиш-товоқ ва дастурхонни йиғиштириб олиб кетгач, шайх деди: “дастурхон чеккасидан йиғиштирилади, сен ҳам давлатнинг чекка ҳудудларини қўлга олишдан бошла!”.

Шайбоний бундай маслаҳатга қулоқ солиб, шайх Мансурнинг кўрсатмаси бўйича иш тутди.

Нима бўлганда ҳам она даштининг чекка ҳудудларида ҳарбий ҳаракатларни олиб бораётган кезда иродали ва ҳокимиятни яхши кўрадиган Муҳаммад Шайбоний ўз замони учун энг тўғри қарорга келди. Шайбонийдек қочқин кимсага Дашти Қипчоқда тинимсиз кўчиб юрувчи эксевар ва уюшқоқ бўлмаган серғалва қабила ва уруғларни, уларнинг жанжалкаш ҳамда обрўли хонлари ва султонларини бўйсундириш шубҳали ва деярли фойдасиз иш эди. Темурийлар мамлакатида эса тўғри ташкил этилган давлатчиликнинг мустаҳкам пойдевори яққол кўзга ташланарди. Темурийлар империяси бир қанча ўлкаларга парчаланиб кетганди, ушбу ўлкалар ҳукмдорлари заиф бўлиб, бир-бирлари билан рақобатлашар эдилар. Бундай вазият ушбу бой давлатни забт этган ва ҳокимиятни қўл остига олиб, жамият ҳаётидаги мавжуд тартибни ўзгартирмаган иззатталаб ҳукмдорга қўл келиши мумкин эди.

Бундай мисоллар, шубҳасиз, ёш ўзбек шаҳзодасининг [Шайбонийнинг] ўй-хаёлини чулғаб олганди. У, агар муваффақият қозонгудек бўлса, энг гўзал ва қувончли келажакни кўз олдига келтираётганди. Боз устига, унинг ҳукмронлигини қабул қилгиси келмай турган унинг даштдаги қабиладошлари, унга қарши уруш қилаётган, ўлжа олиш ва тарон-тарож қилишга ўч бўлган кўпчилик ўзбек хонлари унга эргашар эди.

Шуҳратпараст ўзбек шаҳзодасининг ҳисоб-китоблари тўғри чиқди, унинг куч-ғайрати, довюраклиги ва руҳи баландлиги унга ўз орзусига етишишда ёрдам берди.

Темурийларнинг ўзбекларни ички жанжалларга ва ўз давлатини ҳимоя қилишга жалб қилиш сиёсати ҳам бунда қўл келди. Темурийлар маданиятини қабул қилган қобилиятли ва ботир ўзбек баҳодири [Шайбоний] ёнларида бўлганда ҳам темурийлар ушбу сиёсатга амал қилдилар.

Шу орада ўзидан насл қолдирмай, самарқандлик темурий Аҳмад мирзо ҳамда Фарғонани бошқарган Умаршайх вафот этди. Фарғона тахтини эса Умаршайхнинг ўғли султон Бобур эгаллади. Самарқанд тахтига ўтирган Аҳмад мирзонинг укаси Султон Муҳаммад мирзо олти ойдан сўнг вафот этгач, Самарқанд ва Бухоро унинг вояга етмаган ўғли Бойсунқур мирзо ҳамда зодагонлар ихтиёрига ўтди. Бунинг оқибатида ҳукмронлик қилаётган масъулиятсиз зодагонларнинг давлатдаги таъсири ва амирлар ўртасидаги рақобат кучайди, бу эса Темурийлар давлатидаги олий ҳокимият нуфузининг пасайишига сабаб бўлди.

Собиқ Чиғатой улуси ҳамда унинг вориси темурийлар давлати қулашининг асосий омилларидан бири шунда эдики, уни ҳимоя қилишда халқ эмас, балки ўзининг тор худбинона манфаатларини кўзлаган ва ўзаро нифоқ солиш билан машғул бўлган феодал аслзодалар ҳамда темурий ҳокимлар иштирок этди. Темурий амирларга ҳам, Темурнинг айрим меросхўр раҳбарларига ҳам ватанпарварлик, ўз юртига ва унинг умумдавлат манфаатларига содиқлик туйғуси ёт бегона эди. Темурийларнинг ҳамда улар томонидан тайинланган амирларнинг уруғ-аймоқлари умумий эканлигини инобатга олсак ҳам уларда бирлик ҳисси йўқ бўлган деган тўхтамга келамиз. Ҳар бир амир ўзи мансуб бўлган барлос, арғун, орлот, жалойир каби уруғларга ва уларнинг номларига алоҳида урғу беришга интиларди. Охир-оқибат туркий-мўғул ҳукмрон табақа шимолдан келган кўчманчиларга Ўрта Осиё ва Хуросон учун бўлган урушни бой берди. Кўчманчиларнинг раҳнамоси Шайбонийхон ўз давридан уч юз йил аввал Ўрта Осиёга бостириб кирган монголларга нисбатан юмшоқроқ сиёсат олиб борди. У, энг аввало, темурий амирларни ўзига бўйсундиришга ва уларнинг таъсир доирасини йўқ қилишга интилди. Монголлар босқинидан фарқ қилувчи яна бир жиҳат бор эди. Монголлар ғайридин эдилар ва уларга қарши халқ моҳир қўмондон бошчилигида “муқаддас уруш”, “ғазовот” эълон қилиши мумкин эди, бироқ бу сафар вазият бошқача эди. Босқинчи кўчманчилар ҳам маҳаллий аҳоли каби мусулмон эдилар, уларнинг раҳнамоси Шайбонийхон эса юксак маданиятли инсон эди, унинг фанга, маърифатга ва санъатга қизиқиши катта эди (Ҳиротни забт этганида истеъдодли рассом Беҳзод Шайбонийхоннинг машҳур портретини яратган). Шайбонийхоннинг яқинлари ва ворислари ҳам унга ўхшарди ҳамда уларнинг тарбияси маҳаллий ўтроқ аҳоли маданияти билан суғорилганди. Шайбонийхоннинг ўзи (ёшлик чоғида) Ўрта Осиёнинг “хўжагон” (нақшбандия) жамиятига мансуб зот эди.

Темурийлар давлатининг маҳаллий кўчманчилари ҳаракатчанлиги ва ғолиблар билан бир хил тилда сўзлашиши туфайли, охир-оқибат, улар билан бирлашди. Уларнинг уруғ номлари ўзбек халқи уруғлари таркибидан жой олди.

Айрим туркий-мўғул қавмлар Шайбонийхон ўзбеклари Моварауннаҳр ва Хуросонда пайдо бўлгунига қадар Дашти Қипчоқда ҳам, Моварауннаҳрда ҳам яшаган. Масалан, Алишер Навоий мансуб бўлган уйғур уруғини биз Абулхайрон ҳукмронлиги остидаги ўлкаларда ҳам, темурийлар давлатида ҳам учратамиз. Баъзиларнинг фикрича, хитой уруғи Моварауннаҳрда ўзбеклар ва мўғуллар пайдо бўлишидан илгари ҳам яшаган, ҳолбуки хитойларни биз Абулхайр ва Шайбонийхонга мансуб бўлгун уруғлар орасида ҳам учратишимиз мумкин. Қорлуқ ва бошқа уруғларни ҳам шундай мисол қилиш мумкин. Бошқа тарафдан, Шайбонийхон билан келган шунқорли, шодбоқли каби айрим ўзбек уруғларини Ўрта Осиёда ўзбеклар кўчиб келгунига қадар яшаган туркий қавмлар орасида ҳам, Шайбонийхондан кейин қайд этилган ўзбек уруғлари сафида ҳам учратмаймиз. Улар бошқа кучлироқ уруғларга қўшилиб кетган ёки кам сонлилиги туфайли кўп сонли бошқа ўзбек уруғлари таркибига сингиб кетган деб тахмин қилиш мумкин. Ҳар ҳолда Моварауннаҳрга келган ўзбеклар бу ерда ҳам ўз сафларида бўлган бир қанча туркий-мўғул уруғларга дуч келганлар ва шу туфайли янги келган уруғларнинг бу ерда яшаган уруғлар билан қўшилиши анча енгиллашган.

Шайбоний бундан буён ўзини улкан темурийлар салтанатининг ҳукмдори деб ҳисоблаши мумкин эди, Бухоро ва Самарқанд каби энг бой ва маданиятли шаҳарлар унинг мулкига айланганди. Энди нисбатан осонроқ ишни бажариш қолганди. Темурий шаҳзодалар ва амирлар бошқараётган Хуросоннинг ғарбий қисмини бўйсундириш лозим эди. Ушбу урушларда Шайбонийнинг ўғли Темур султон ва жияни Убайдулла бошқалардан ажралиб турдилар. Ғарбий Хуросонни забт этиш ушбу ёш саркардалар гарданига юкланганди ва улар бу вазифани муваффақиятли уддалай олдилар. Шайбоний ишғол қилинган вилоятларга ўз амирлари ва ўзбек шаҳзодаларидан ҳукмдорлар тайинлади ҳамда асир олинган ёки ўз ихтиёри билан таслим бўлган темурий амирлар ва темурийлар тарафдори бўлган аъёнлар ҳамда дин арбобларини ўзи билан бирга Моварауннаҳрга олиб кетди. Тан бериш лозим, Шайбоний ушбу асирларни ранжитмади, уларнинг кўпчилиги Амударёнинг бу тарафида ҳам Хуросондагидек мавқелари билан тақдирланди. Бухорода ғолиб шарафга серҳашам учрашув уюштирилди. Шайбоний шаҳарда кўп қолмай, пойтахти Самарқандга жўнаб кетди. Қишни у ерда ўтказди. Кейинги йилнинг баҳорида Шайбоний яна Хуросонга юриш қилди. Астрабод вилоятида Ҳиротнинг охирги икки нафар ҳукмдори Бадиуззамон ва Музаффар Хусайн мирзо бекиниб олганди. Музаффар Хусайн мирзо Шайбоний келгунга қадар вафот этди. Бадиуззамон эса Озарбайжонга қочди, у узоқ Истанбул шаҳрида вафот этди. Астробод ва Гургонни қўшиб олгач, Шайбоний Каспий денгизидан Хитойгача, Сирдарёнинг ўнг қирғоғидан марказий Афғонистонгача чўзилган улкан империянинг ҳукмдорига айланди.

***

Энди Шайбонийхон қабул қилган диний унвонни тушуниб олсак. Бу унвон, шубҳасиз, Шайбонийхон келиши билан Ўрта Осиёда ва Эронда шиддат билан юзага келган диний дунёқарашлар ўртасидаги курашда чуқур маъно касб этарди. Темур давлатида ва унинг ворислари ихтиёрида бўлган ерларда шиа мазҳабига хайрихоҳлик яққол кўзга ташланарди. Айрим темурийлар ва майда тоифадаги феодаллар очиқчасига шиа мазҳабига эътиқод қиларди. Масалан, Хусайн Бойқаро замонида яшаган Ҳисор ҳукмдори самарқандлик Султон Маҳмуднинг иккинчи ўғлининг тарбиячиси шиа бўлганди.

Хусайн Бойқаронинг ўзи ҳам шиа мазҳабига хайрихоҳ бўлганлиги тарихчилар келтирган манбалардан ҳам билиниб турибди. Жумладан, Хусайн Бойқаро тахтга ўтириш маросимида шиаларнинг ўн икки нафар имомларини тилга олиб хутба ўқитмоқчи эди, бироқ турли шахсларнинг, шу жумладан Алишер Навоийнинг панд-насиҳатларидан сўнг шиа мазҳабига очиқ-ошкора эътиқод қилишдан қайтганди.

Бошқа тарафдан, Моварауннаҳрда ҳам Хуросондаги каби эътиқод масаласи оғир аҳволда эди. Шиа мазҳабига ўта мойиллиги билан ажралиб турадиган ва омма орасида жуда машҳур бўлган “Қубровия” жамоатининг фаолият олиб бориши ва кўплаб “муридларнинг” унга аъзо бўлишга интилиши бошқа диндор жамоатларнинг уларга ҳужум қилишига сабаб бўлаётганди. “Қубровия” жамоатининг маркази Бухордаги Соктари қишлоғида, Зарафшоннинг Ғиждувон туманида жойлашган бўлса-да, унинг таъсири у вақтларда Тошкент шаҳри, Ангрен водийси каби олис туманларда ҳам анча кучли эди. Ушбу жамоатнинг айрим шайхлари шиа мазҳаби билан суғорилган ўзига хос суфийликни тарғиб қилувчи чуқур фалсафий асарларнинг муаллифлари эди.

Хуллас, “Ғалабалар отаси”га [Шайбонийхонга] насиб этган темурийларнинг улкан салтанатида ҳар ерда шиа мазҳаби унсурлари кўзга ташланиб турарди, бу эса “Нақшбандия” ва “Қодирия” каби эътиқодли сунний мазҳабига мансуб руҳонийларнинг ва сунний мазҳабидаги кўп сонли қавмларнинг кучли норозилигига сабаб бўлаётганди.

Шайбонийхоннинг ғалабалари унга Моварауннаҳр ва Хуросон устидан ҳокимиятни тақдим этган бир паллада жаҳон тарихи саҳнасида Эрон тарафдан, Хуросон ғарбидан Шайбонийхон каби ўз ҳокимиятини кенгайтиришни мақсад қилган янги сипоҳ пайдо бўлди. Бу Озарбайжоннинг барча туркий қавмлари томонидан эъзозланадиган Арбедил шаҳрининг сўфий оиласи вакили, Эрон шоҳи Исмоил Сафавий эди. Унинг бобоси Узун Хасаннинг Хусайн Бойқарога бўлган муносабати доим дўстона бўлган, сафавийлар тарихичисининг гувоҳлик беришича, темурийларнинг сўнгги вакили Исмоилни ўз ўғлидек кўрарди ва унга оталардек ихлос қўйганди.

Бобосининг вафотидан сўнг юзага келган тартибсизликларни бостиришда (тахминан 1478 йилда) ўз отаси шайх Ҳайдарнинг издошлари ва Озарбайжоннинг барча туркий қавмлари томонидан қўллаб-қувватланган Исмоил кўп сонли бўлмаса-да, бироқ жасур ва ўта жипслашган қўшин тузишга муваффақ бўлди. Улар қизил рангли бош кийимлари туфайли душманлар уларни “қизилбошлар” деб атардилар.

Ушбу қўшин ёрдамида Исмоил 1502 йилда Шервон, Озарбайжон ва Ироқнинг Эронга тегишли қисмини бўйсундирди ҳамда “шоҳ” унвонини қабул қилди. Унинг ерлари 1504 йилда Шарқда темурийлар салтанатигача чўзилганди, Ғарбда эса Диёрбакир ва Боғдод туманларига туташ эди. У ўз аждодлари каби шиа мазҳабини ҳимоя қилиб чиқди ҳамда ушбу тариқатнинг Муҳаммаднинг тўртинчи вориси бўлмиш Алига ва унинг шўрли авлодига бўлган диний туйғуларини умуммилий сиғиниш даражасигача олиб чиқди. Бироқ шиа мазҳабининг шоҳ Исмоил томонидан ҳукмрон динга айлантирилиши ҳарбий йўл билан, шоҳ ихтиёридаги ҳудудда яшовчи суннийларни қаттиқ таъқиб қилиш орқали амалга оширилди. Боз устига ўтакетган мутаассибликнинг намоён бўлиши марҳумларни ҳам аяб ўтирмади. Масалан, суннийлар оламида ҳурмат билан қадрланадиган шерозлик машҳур қози, Қуръон шарҳловчиси Базавийнинг (XIII аср) суяклари гўридан кавлаб олиниб, ёқиб ташланди, кули эса ҳар қаёққа сочиб юборилди.

Муқаррар ўлим топишни истамаган кўплаб суннийлар Шарққа, Шайбонийхон ҳокимияти ўрнатилган темурийлар мамлакатига қочди. Улар орасида исфахонлик Файзулла Рузбехон, Шамсуддин Муҳаммад Кўхистоний каби олимлар ҳам бор эди. Сунний мазҳабига эътиқод қилувчи форс муҳожири Файзулла Рузбехон ўзбеклар раҳномасининг яқин кишисига айланди. Муҳаммад Кўхистоний эса Бухорода узоқ вақт муфти лавозимини эгаллади. Шайбонийхон “чин эътиқодли подшоҳ” сифатида пайғамбарнинг “барча мусулмонлар биродардир” (куллул-муслимина ихватун) деган ҳадисига амал қилиб, уларнинг барчасини форс ва туркка ажратмай қабул қилди. Бу муҳожирлар Эрондан нохуш хабарлар олиб келгандилар. У ердаги жанговар шиа мазҳаби агар тўхтатиб қолинмаса ва ҳарбий жиҳатдан муваффақият қозонгудек бўлса, Моварауннаҳрга ҳам ёйилиши мумкин эди, чунки Моварауннаҳрда бунинг учун аллақачон пойдевор шаклланганди. Ва Шайбонийхон ўз салтанатининг сунний мазҳабига эътиқод қилувчи кенг доирасига таянган ҳолда ўзининг Хуросон ғарбидаги сиёсий манфаатларига таҳдид солаётган шиа мазҳабига ва умуман бидъатга қарши курашга отланди.

Шайбонийхон шоҳ Исмоилга қарши курашга “катта ғазовот” сифатида қаради.
Бу орада 1508 йилнинг охирида қозоқлар Дашти Қипчоқдан Моварауннаҳрнинг қўшни туманларига бостириб кириб, кўпчиликни қул қилиб олиб кетганидан хавотирга тушган Шайбонийхон Бухорода шу муносабат билан Абулхайрхон авлодининг аслзода шаҳзодалари иштирокида кенгаш ўтказди ва қозоқларга қарши муқаддас уруш эълон қилишга қарор қилди. У Моварауннаҳр ва Хуросоннинг диний олимларига мусулмонларни қул қилиб сотишга жазм қилган қозоқларни ғайридин деб эълон қилиб, уларга қарши ғазовот қилиш ҳақида фатво тузишни топширди ҳамда фатвода қозоқлар бут-санамларга сиғинувчи бутпарастлар деб қўшиб қўйишга буйруқ берди. Фатво ёзилди ва Бухорода қозоқларга қарши муқаддас уруш эълон қилинди.

Шу тариқа 914 йилнинг 54-шаввалида [1509 йилнинг 28 январида] Шайбоний қозоқларга қарши юриш қилди. Ушбу юришда қозоқларни тор-мор қилгач, Шайбоний ҳозирги Туркистон шаҳри атрофида кўп сонли чорва моллардан, аёл ва эркак асирлардан ҳамда қозоқларнинг 10 мингдан зиёд уй-араваларидан иборат ўлжани қўлга киритиб, ортга қайтди. Бу юриш Шайбонийхонга эргашмай даштда қолган ўзбек-қозоқлар ва Шайбонийхон билан келган кўчманчи ўзбеклар ўртасидаги, яъни Қозоқ дашти ҳамда Моварауннаҳрнинг ўтроқ воҳаси ўртасидаги муносабатларни узил-кесил белгилаб берди. Энди Шайбонийхон Моварауннаҳрнинг жонкуяр ҳукмдори ва ҳимоячисига айланганди.

Тезда қарор топган бундай маиший ва ахлоқий тафовут шу даражада кучли эдики, барча ўтроқлашган ўзбекларга улар қайси уруғдан келиб чиққанидан қатъи назар умумий турдош “сарт” номи берилди. Бу ном кейинчалик бутун маҳаллий ўтроқ халққа татбиқ этила бошланди. Шайбонийхон замондоши бўлмиш Рузбехон говоҳи бўлган кўчманчиларнинг ўтроқ халққа нисбатан бундай илтифотсиз муносабати XIX асрда ҳам, ҳатто XX асрнинг бошида ҳам яққол кўзга ташланарди.

Энди Шайбонийхон ва унинг ўзбеклар деб аталган қабиладошлари ҳамда Дашти Қипчоқнинг бепоён яланглигида қолган кўчманчи қозоқлар ўртасида шундай жарлик юзага келгандики, уни на вақт, на сиёсий воқеалар тўлдира олмасди ёки теккислай олмасди. Бир вақтлар кўчманчи ўзбеклар темурийлар давлати учун қандай бало бўлган бўлса, энди қозоқлар Шайбонийхон давлати ва унинг ворислари учун ҳам шундай хавф ва офатни ўзида мужассам этарди.

Ғайридинликка, айниқса шиа мазҳабига қарши курашда Шайбонийхон ёлғиз эмасди. Турк султони Боязид II (1481-1512) унинг иттифоқчиси эди. Иттифоқчилик муносабатлари расмий тарзда ўрнатилмаган бўлса-да, усмонли турклар ва ўзбеклар шиа мазҳаби расмий динга айланган Эронга қарши ҳамфикр эдилар.

Ҳижрий 916 йилнинг ражаб ойи ўртасида [1510 йил октябрь ойининг иккинчи ярмида] шоҳ Исмоил “Султон бэляги” деб номланган жойда барча амир ва аскарлар бошлиқлари иштирокида дабдабали зиёфат ўтказди. Унда шарқ томонга юриш уюштириш ҳамда Шайбонийхон билан уруш қилиш ҳақидаги масала ҳал этилди.

Тез орада Эрон шоҳи асосий кучлар билан Ўрта Осиё ҳудудига етиб келди ва Марв шаҳрини қамал қилди. Шайбонийхон шаҳар дарвозаларини маҳкам беркитишни буюрди. Қамал қилувчилар қалъага бостириб кирар, ҳимоячилар эса панадан чиқиб қўққисдан ҳужум қилиб, душманни чекинишга мажбур қиларди. Шу лаҳзада шоҳ Исмоил ҳийла-найранг ишга солди. У кутилмаганда қамални тўхтатди ва шаҳардан узоқлашди.

Шайбонийхон шоҳнинг сохта чекинишига учиб, Марв шаҳрини тарк этди ва 500 кишидан иборат аскар билан “чекинаётган” қизилбошларни қувишга тушди. Қизилбошларнинг Мурғоб кўпригида қолдирилган Амирбек Мусули бошлиқ қўшини ҳам жанг қилмай тезда чекинди ва шу тариқа ўзбекларнинг кўприкдан ўтишига йўл қўйиб берди. Марв шаҳридан 24 км олисда қолдирилган кўприк бузиб ташланганини ва шоҳ Исмоилнинг 17 минглик қўшини Шайбонийхонни қуршаб олганини билгач, Шайбонийхон ҳарбий найранг қурбонига айланганини тушуниб етди.

Шоҳ қўшини қуршовда қолган ўзбеклар устига ўқ ёғдирди. Қирғинбарот даҳшатли жанг бўлди. Душманларнинг эътироф этишича, ўзбеклар ҳалок бўлиши муқаррарлигига қарамай, қаҳрамонона ҳимояландилар. Шайбонийхон ҳаёт-мамот жангни узайтириш мақсадида ташлаб кетилган бир ҳовлига жойлашиб олди. Бу вақтда ўзбекларнинг ярми ерда жонсиз ётарди. Тез орада душман ҳовлини ҳам ўраб олди ва унинг ичидаги барча ўзбекларни қириб ташлади. Шайбонийхоннинг кўп жойидан яраланган жасади айнан вайрон бўлган харобалар остидан топилди.

Шайбоний қаҳрамон сифатида вафот этганида 61 ёшда эди.

Шоҳ Исмоилнинг Шайбонийхон устидан қозонилган ғалабаси ҳақидаги хабарлар Эроннинг барча вилоятларига овозо қилинди. Бундай фатхномалар Эрон шаҳарларидаги масжидларда, катта оломон олдида, тантанали муҳитда ўқиб эшиттирилди.

Ҳалок бўлган Шайбонийхоннинг бошидаги тана сидириб олинди, ичига похол тиқилиб турк султони Боязид Иккинчига юборилди. Унинг тилла суртилган бош суягидан эса шоҳ Исмоил қадаҳ ўрнида фойдаланди. Шайбоний жасадининг ўнг қўли ҳам кесиб олиниб, унинг иккинчи иттифоқдоши – Эроннинг Мозандарон ҳукмдори Рустам Оғага қуйидаги кинояли мактуб билан юборилди: “Сен доим Шайбонийнинг қўлидан маҳкам тутишни хоҳлашингни айтардинг, унинг ҳаётлигида бунга эриша олмаганинг сабабли шоҳ Исмоил сенга орзуинг ушалсин дея ўз ҳомийингнинг қўлини жўнатмоқда”. Бундай маълумотлар форс тарихчиларининг манбаларида келтирилган. Ўрта осиёликларнинг сўзларига кўра эса Шайбонийхоннинг майиди у вафот этган 1510 йилда Самарқандда ўзи қурдирган мадрасага қўйилган ва Вамберининг 1873 йилда гувоҳлик беришича Шайбонийхоннинг қабри шаҳид инсоннинг қабри сифатида XIX асрда ҳамманинг ҳурмат-эъзозида бўлган. “Тарихи Сеида Ракима”даги хронограммада Шайбоний ўлими яна ҳам кучлироқ гавдалантирилган ва у жума куни шаҳид кетгани айтилган.

Бибихоним масжиди ва Регистон ўртасида Шайбонийхон қабр тоши жойлашган. Қабр тоши узунлиги 9 аршин, кенглиги 8 аршин, бўйи 3 аршин тўрт қиррали улкан мармарни ўзида мужассам этади. Д.И.Эварницкийнинг 1893 йилда ёзиб қолдирган маълумотларига кўра, ушбу қабр тоши бир вақтлар Бибихоним кўчасида жойлашган эди. Бироқ шаҳарнинг 1872-1877 йилги режасига кўра мазкур ёдгорлик Шайбонийхон ва унинг қариндошлари хоки билан бирга Шайбонийхон мадрасасининг ҳовлисига кўчирилган.

Ушбу қабр устига қўйилган асосий тош, Самарқанд руслар томонидан босиб олингач, шаҳарнинг Оқ дарвоза ҳарбий иншооти харобалари орасидан топилган ва Петербургдаги Эрмитажга олиб кетилган.

Ушбу тошга қуйидаги сўзлар битилганди:

“Олам ҳукмдори Шайбоний Муҳаммадхон. Унинг ҳусни ва мулойимлигига фалак ҳам ҳавас қиларди. Тақдир ўзининг шафқатсизлиги ва адолатсизлигидан пушаймон бўлмоқда. Олам вайроналикка юз тутушига сабаб бўлган адолатсиз фалакнинг бундай мунофиқлигидан юрак ҳам инграмоқда. Агар ким вафот этди деб сўрсалар, жавоб бер: “Бу, минг афсус-ки, Муҳаммад Шайбонийдир”.

***

Моварауннаҳрдаги манбаларга кўра Шайбонийхоннинг ҳалокатидан кейинги воқеалар қуйидагича кўриниш олган.

Шайбоний шоҳ Исмоилни қувиш учун Марвни тарк этишидан аввал барча ўзбек султонларидан унга ёрдамчи кучлар жўнатилишини талаб қилган. Табиийки, масофа узунлиги боис Шайбонийнинг амри барча султонларга бир вақтда етиб бормаган. Туркистон шаҳрида [жанубий Қозоғистонда] қўним топган султонлар унинг амрини энг охирги бўлиб эшитганлар. Тошкентда ўтирган Шайбонийхоннинг амакиси Суюнчихон (Суюнчихўжахон) ҳам унинг мактубини кеч олганлардан бири эди. У катта қўшин билан Сирдарёни кечиб ўтиб, Марвга отланди. Унинг акаси Кучумхон эса қозоқ хони Қосимхон ҳужумидан хавфсираб, Туркистонда ушланиб қолди. Суюнчихон Самарқандга етиб келганида уни ларзага солган хабарни эшитди. Шайбонийхон ёрдамчи ўзбек қўшинларини кутиб ўтирмай эҳтиётсизлик қилиб Марвни тарк этганди ва даҳшатли тарзда ҳалок бўлганди. Самарқанддаги аъёнлар, афтидан, Марв фожеаси ҳақида олдинроқ хабар топган, улар Суюнчихоннинг келаётганини эшитиб, уни кутиб олишга шошилдилар. Темур қурган жоме масжидида жума куни хутба ўқилди ва Суюнчихўжахон исми ёзилган танга зарб қилинди. “Соҳибқирон” қурдирган Бибихонум жоме масжидида жума намози олдидан ўзбек султонлари ва ҳукмдорлари Суюнчихонни хон қилиб кўтаришга аҳд қилдилар (маълумки, Суюнчихон Мирзо Улуғбекнинг невараси ҳам эди). Урф-одатга кўра, халққа пул сочилди. Ҳалок бўлган Шайбонийхон шарафига мотом эълон қилиниб, аза тутилди.

Шундан бироз вақт ўтиб Шайбонийхоннинг ўғли Темур султон шоҳ Исмоил билан тинч музокаралар олиб боришга киришди (у вақт Моварауннаҳр хавф остида қолганди, шоҳ қўшинлари бостириб кирса, биринчи бўлиб Темур султон эгалик қилаётган ерлар зарар кўрарди). Бироқ тинч сулҳ тузилиши учун ўзбекларнинг олий раҳнамоси – Суюнчихоннинг рухсати лозим эди. Қизилбошларнинг элчилари совға-салом билан Самарқандга келганида хон Темур султон шоҳ билан сулҳ тузганини билгач, ғазаб билан унга қуйидагича таъна қилди: “Бизнинг сардоримиз ва қондошимизни ўлдирган ва бунинг устига эътиқодимиз душмани бўлган инсон билан ярашиш бизга муносиб ишми?!”. Натижада барча элчилар ҳақоратланиб Самарқанддан чиқариб юборилди, Темур султонга эса кескин оҳангда у жиддий сабабарсиз, масалан қизилбошлар унинг бўйнига тиғ тортмаса, улар билан сира сулҳ тузмаслик буюрилди.

Сафавийлар сулоласи илк вакилининг [Эрон шоҳи Исмоилнинг] ўзбеклар устидан қозонилган ғалабаси юксак маданиятли темурийлар давлатининг кўчманчи ўзбеклар томонидан забт этилганини қабул қилолмаган барчани руҳлантириб юборди. Самарқандни қўлдан бой бергач, Қобул вилояти атрофида мустаҳкам ўрнашиб олган султон Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўзбекларга қарши биринчи бўлиб бош кўтарди. Эрон шоҳи Исмоил Ҳиротни эгаллагач, Бобур ўзига мерос бўлиб қолган ўлкани – Моварауннаҳрни ўзбеклардан қайтариб олиш учун қиладиган саъй-ҳаракатларига Эрон шоҳи қарши эмаслигини билиш ниятида шоҳга мактуб йўллади. Эрон шоҳи эса эътирози йўқлигини ва Бобур бунга тўлиқ ҳақли эканлигини билдирди.

Бобурнинг ҳарбий нуқтаи назардан ўта заифлиги ва у тутган нотўғри сиёсий йўл – шиа мазҳабига эътиқод қилувчи Эрон шоҳига ўзининг тобелигини изҳор этиш ва Моварауннаҳрда шиа мазҳаби ўрнатилишини ваъда қилиш, пировардида шоҳ Исмоилга қарам бўлиш – Бобурнинг Моварауннаҳрни ўзбеклардан озод қилишга қаратилган барча саъй-ҳаракатларини барбод қилди.

Султон Бобурнинг Моварауннаҳрни ўзбеклар ҳукмронлигидан халос қилиш мақсадидаги бундай ҳаракатларининг асл сабабини биз Бобур мемуарларидан топишимиз мумкин эди, бироқ, афсуски, бу ҳақда унда ҳеч қандай маълумот йўқ, чунки ҳижрий 915-924 йиллардаги воқеалар ҳақида у ҳеч қандай хотира қолдирмаган.

Шу орада Бобур мирзо қиш фаслининг сўнгги ойида чиғатойлар, мўғуллар ва шоҳ Исмоил юборган қўшиндан иборат катта куч билан Амударёнинг Қундуз шаҳрига яқин этагини кечиб ўтди ҳамда Ҳисор томон ҳаракатланди.

Ўзбек хонлари ва султонлари Самарқандда тўпланиб, Моварауннаҳрда ўзбеклар ҳокимияти учун ўта ноқулай вазият юзага келганлиги муносабати билан энди кўрилажак чоралар ҳақида кенгаш ўтказди. Ушбу кенгашда бошқа қарорлар билан бирга ўзбекларга хоинлик қилиб, Бобур тарафига ўтиб кетган мўғулларга раҳм-шафқат қилмасликка келишиб олинди.

Ўзбеклар қароргоҳидаги кимса берган хабарга кўра, Бобурнинг ўзбекларга қарши чоғланганини ва унинг Амударёни кечиб ўтганини билган маҳаллий халқ бу хабарни катта шодиёна билан кутиб олди, чунки “Моварауннаҳр аҳолиси темурийларни севиб ардоқларди”. Ўзбек улуслари орасида яшаган мўғуллар ва чиғатойлар оммавий қўзғолон кўтарди. Саноқсиз авом Бобурга қўшилди.

Юзага келган вазиятда ўзбеклар барча кучларини сафарбар қилиб, қуйидагича ҳаракат қилишга келишиб олдилар: Ҳисор ҳукмдорлари – Суюнчихоннинг ўғиллари Ҳамза ва Меҳди султонлар, Шайбонийхоннинг ўғли Темур султон ва бошқа султонлар (амирлар ва ўзбек шаҳзодалари “султонлар” деб аталарди) бирга ҳаракат қилиб, “чиғатойларга” зарба беришлари керак эди. Убайдуллахон эса XVI асрда яшаган тарихчининг таъбирича, “ўз обрў-эътибори туфайли султонларни тайинлаш ва озод этиш ваколатига эга” эди ва Қарши қалъасига жойлашиб олиб, Эрон шоҳи юборган ёрдамчи қўшинлар ҳаракатланишига ҳалақит бериши лозим эди, Жонибекхон ва Кучкунжихон (Кучумхон) эса Бобурнинг иттифоқдошлари бўлмиш мўғуллар ихтиёрида қолган Фарғона бутунлай бой берилмаслиги учун Андижонга юриш қилишлари зарур эди. Суюнчихон Самарқандда қолиб жонбозлик қилиши, зарурат бўлганда бошқаларга зарур ҳарбий куч юбориши керак эди. Хуллас, барча ўзбеклар қўлга киритилган Моварауннаҳрни ҳимоя қилиш ва сақлаб қолиш мақсадида ҳаракатга келди, даҳшатли хавф олдида бирлашди, барча куч-ғайрат кўрсатишга интилди.

Бироқ султон Бобур қўшинидан чекинган аскарларни кўргач, ўзбеклар дадилликни қўлдан бой бердилар. Ўзбек асркарлари мағлубиятга учраганда шом вақти эди. Ҳамза султон, Мутталиб султон (Меҳди султон) ва Мамак султон асир олиниб, қатл этилди. Эрталабки тонггача бутун тун давомида ўзбеклар таъқиб қилинди.

Темурийларнинг ушбу ғалабаси катта имкониятлар эшигини очиб берарди, негаки маҳаллий аҳоли ёвуз кўчманчилар устидан қозонилган бу ғалабадан хабар топгач, ўзбеклар билан кураш олиб бораётган Бобурга янада кўпроқ ғайрат билан ёрдам бера бошлади.

Шоҳ Исмоилдан Мирза Ҳайдарнинг таъбири билан айтганда “бутун олам қавмлари вакилларидан иборат” янги ёрдамчи қўшин етиб келди ва “шу тариқа Бобур аскарларининг умумий сони 60 минг кишига етди”.

Убайдулла [Шайбонийхоннинг жияни] Бухоро томон ҳаракатланишни хатарли деб ҳисоблаб, дашт бўйлаб Туркистон шаҳрига [жанубий Қозоғистонга] жўнаб кетди. Убайдулла султон амалда Ўзбек давлатининг ҳокими бўлгани боис, Самарқандни эгаллаб турган Суюнчихон, Темур султон ва бошқа ўзбек султонлари ҳам Самарқандни тарк этдилар ва Убайдуллага эргашдилар.

Бобур томонидан Фарғонага юборилган Султон Саидхон Андижонга мустаҳкам ўрнашиб олишга улгурмасдан туриб Андижон шаҳрига ўзбеклар юриш қилгани ҳақида хабар олди. Бироқ ўзбекларнинг Фарғонага юриш қилган раҳномалари – Кучкунжихон ва Жонибек султон кутилмаганда Ҳамза султон, Меҳди султон ҳамда бошқа ўзбек султонларининг мағлубияти ва ҳалокатидан хабар топгач ҳамда Бобур ўз иттифоқдошлари эронлик қизилбошлар билан Моварауннаҳр ичкариси томон ғолибона ҳаракат қилаётганини эшитгач, афтидан, қолган кучлардан ажралиб қолишдан хавфсираб ва Султон Саидхоннинг Андижонда мустаҳкам ўрнашиб олгани туфайли дарҳол Фарғонани тарк этдилар ва зудлик билан Туркистон [жанубий Қозоғистон] томон йўл олдилар.

СУЛТОН БОБУР – МОВАРАУННАХР ПОДШОҲИ

Шу тариқа темурийлар учун ўзбекларни ўз ўлкасидан қувиб чиқариш учун қулай фурсат юзага келганди. Бутун Моварауннаҳр кўчманчилардан озод бўлганди. XVII аср тарихчисининг таъбири билан айтганда “Моварауннаҳрнинг бутун вилоятларида энди Бобур мирзонинг, Фарғонада эса унинг мўғул иттифоқдошлари – Султон Саидхон “мулозимларининг” ҳокимияти мустаҳкам ўрнатилганди”. Султон Бобур ҳеч бир ғовсиз Моварауннаҳрнинг иккинчи пойтахти – Бухорони эгаллагач, шоҳ Исмоилнинг ёрдамчи қўшинига атаб бир қанча зиёфатлар уюштирди. Чамаси ўзбекларнинг мағлубияти, халқнинг уларга қарши исён кўтариши ва охир-оқибат ўзбекларнинг Туркистонга қочиши ёш Бобурнинг бошини айлантириб қўйган кўринади. У эришилган ютуқлардан мағрурланганча ғам-ташвишсиз ортиқча томоша ва исрофгарчиликка берилди. Шу даврда яшаган ўзбек тарихчисининг хабар беришича, “Бобур мирзо, гарчи Моварауннаҳрнинг катта қисмини эгаллаб олган бўлса-да, бепарволиги ва енгилтаклиги туфайли ўзи ва аскарлари билан бирга вақтини кайф-сафо билан ўтказди. Шароб ичишни гуноҳ деб билмай, Бобур мирзо тинимсиз қуйидаги сўзларни такрорларди: “мен бу ерларни забт этдим, мен буни уддаладим!”. Нафақат ўзи, беклари ҳамда сарой зобитлари, балки унинг барча оддий аскарлари ўйин-кулги ва бекорчиликка берилдилар, ичкиликбозлик қилдилар, ҳаёсиз одатларни шиор қилиб олдилар”.

Нима бўлганда ҳам Бобур Бухорони эгаллади. Сўнгра Самарқанд томон ҳаракатланди, чунки омад унга кулиб боқаётганди. Султон Бобурга ҳамроҳ бўлган гувоҳларнинг сўзларига кўра, “Моварауннаҳр шаҳарлари аҳолисининг каттаю-кичиги, олиму-зодагонлари, паст табақали кишилари, кенг халқ оммаси олампаноҳнинг (мамлакатга) салобатли ташрифидан хурсанд ва бахтли эди”. Бобур Самарқанд атрофига етганида бутун аҳоли, улуғ кишилар, олимлар, ҳунармандлар ва барча оддий одамлар “чаққонлик билан уни кутиб олдилар” ҳамда унинг ташрифини катта завқ билан қарши олдилар.

Шаҳарнинг ўзида ҳам золим кўчманчилар устидан зафар қучган ғолибни ана шундай илтифот билан қарши олишга шайландилар. Қадимги шаҳарнинг Бобур пойи тушадиган барча улкан бозорлари, барча дўконлари ва кўчалари ҳамда йўллари ипак мато ва зарварақлар билан безатилди, портретлар ва турли расмлар осилди.

1511 йил октябрь ойи бошида Бобур гувоҳларнинг сўзларига қараганда “шаҳарга мисли кўрилмаган улуғворлик ва ҳашамат билан ҳамда дабдабали либосларда кириб келди. Фаришта ва малаклар уни қуйидагича (арабча) нидо билан қарши олдилар: “Ташрифингиз тинч-тотув ва бехатар бўлсин!”. Халқ эса қуйидаги (арабча) иборалар билан уни қутлади: “Оллоҳга шукур, парвардигори олам”.

Бироқ яқин жума куни пойтахтнинг жоме масжидида Бобур 12 нафар шиа имоми ҳамда шоҳ Исмоилнинг унвон ва васфларини тилга олган ҳолда подшоҳ деб эълон қилиниб хутба ўқилгач, самарқандликларнинг кўнгли ғоят совиб кетди. “Бунинг оқибатида, – деб ёзади Мирза Ҳайдар – шу лаҳзагача Бобурни ўз шоҳи сифатида кўришни зўр ихлос билан истаган Моварауннаҳр аҳли, гарчи подшоҳга ва туркманларга (қизилбошларга) сиртдан иззат-икром кўрсатган бўлса-да, энди ундан юз ўгирган эди”. Ҳеч ким шу қадар орзу қилинган подшоҳ шиа мазҳабини қабул қилади ва шоҳ Исмоилнинг малайи бўлади деб ўйламаганди. Бунинг натижасида Моворауннаҳрда ҳам нопок шиа таълимоти Бобурни ўз ҳамтовоғига айлантирган тождор шоҳ томонидан ҳукмрон дин деб эълон қилиниши ва Эронда бўлганидек эътиқодли суннийлар таъқиб остига олиниши ҳеч гап эмасди. Моварауннаҳр аҳли суннийларнинг Эрондаги таъқиби ҳақида шиаларнинг ўтакетган мутаассиблигидан бу ерда паноҳ топган кўп сонли суннийлардан билиб олганди. Бошқа тарафдан, эришган муваффақиятидан бепарво ва паришонхотир бўлиб қолган Бобур ҳам халқда катта завқ уйғотмаган кўринади.

Боз устига Самарқандда яширинча ўзбеклар ҳукмронлик қилган вақтни қўмсаётган ва нопок шиаларга қўшилган Бобур ўрнига ўзбеклар қайтишини хоҳлаётган кимсалар ҳам бор эди. Шайбонийхоннинг ҳамсуҳбати бўлган ва у томонидан уюштирилган барча илмий йиғилишларда қатнашган, шафия тариқатига мансуб форс олими, ҳозирда Самарқандда қолган исфахонлик Рузбехон ана шундай кимсалардан бири эди. У бу кунларни шундай ёдга олади:

“Ҳижрий 916 йил [милодий 1510 йилда] Шайбонийхоннинг ҳалокатидан сўнг ўзбек султонлари Моварауннаҳрни тарк этиб, қишлов учун Туркистонга кетдилар. У ерда улар ғамгин ҳолатда эдилар. Умаршайхнинг ўғли, “чиғатойлардан бўлмиш” подшоҳ Бобур муртад қизилбошлар ёрдамида чиғатойлар, мўғуллар, туркманлар ва бадахшонликлар ҳамда ҳиндистонликлардан иборат 70 минг отлиқ аскар билан Самарқанд ва Бухорони эгаллади. Чин эътиқод соҳибларининг юлдузи сўнди, муртадлар таълимоти таратаётган шуъла эса кенг қулоч ёзди. Давлат ва мусулмон жамоалари имонида фаҳш ва хурофот, шак келтириш ҳамда ўз маслагидан қайтиш ҳоллари намоён бўлди. Ҳеч қачон Жайхуннинг нариги тарафида тарқалмаган бундай муртадлик энди [Моварауннаҳрда] энг авжига минди. Бидъатчи қизилбошлар шу чоққача Яратганнинг марҳамати ва муруввати бўлган Моварауннаҳр жоме масжидларининг минбарларини эгалладилар, адоват ва лаънат уруғини сочдилар. Эътиқодли суннийлар намоз ўқийдиган бошқа оддий масжидларни [Оллоҳга] ибодат қиладиган жой ўрнига шаккоклик, қабиҳлик ва разолат маконига айлантирдилар. Ва агар, – худо кўрсатмасин! – ушбу вилоятларда уларнинг васвасаси кенг таралса ва омонат бўлиб турган ҳукмронлиги мустаҳкамланса, у ҳолда [чин] эътиқод аломатларидан асар ҳам қолмаслиги, бирорта ҳам мусулмон мамлакат қолмаслиги аниқдир”.

“Мен шу онда, – деб сўзини давом эттирди исфахонлик Рузбехон, – раббим паноҳида бўлган Самарқандда қайғу ва ғам-ғуссага ботган ҳолда бидъатчилар ҳамда адашганларнинг асири бўлиб турибман. Бирор ёққа кетиш, дўстим ва [ҳамдард] суҳбатдош билан мулоқот қилиш имконияти йўқ. Мен ҳаётимнинг ғамгин тунларини ёритувчи машъала бўлгувчи ўзбек султонлари пойига умид билан тинимсиз боқиб ўтирибман. Ҳар куни қалбимдаги бир қуш жон-жаҳд билан олисдагиларни [ўзбекларни] кўриш истагида арпа даласи узра учади. Шояд бирор-бир кабутар ўзбеклар юртидан менга мактуб олиб келар ёки ўзбеклар келишини қаттиқ истаб қуриётган чўлга Туркистон тарафдан шафқат томчисини сочар”.

ЎЗБЕКЛАРНИНГ МОВАРАУННАҲРДА ПАЙДО БЎЛИШИ

Темурийларнинг собиқ кенг салтанатида ўзларини яқиндагина хўжайиндек тутаётган ўзбек хонлари ва султонлари мағлубият аламини татиб кўриб ва Моварауннаҳрни қўлдан бой бериб, ўз қўшинлари билан Дашти Қипчоқнинг Туркистон шаҳрига туташ даштларга жўнаб кетгач энди қандай кайфиятда эдилар? Уларнинг бундан кейинги режа ва мақсадлари қандай эди? Ва улар бутунлай бой берилган Моварауннаҳрни қандай қилиб қайтадан эгаллаб олдилар? Бу ҳақда яна ўша Рузбехон анча бафуржа маълумот беради.

Унинг сўзларига кўра, Моварауннаҳрни тарк этган ўзбеклар ўша йилги қишни Туркистон даштларида ўтказдилар ва уларнинг раҳнамолари қаттиқ ранжиган кайфиятда эди. Улар ўзларининг олий қўмондони бўлмиш Шайбонийхоннинг даҳшатли қисматини ва у забт этган темурийларнинг барча бой вилоятлари Бобур ҳамда унинг иттифоқдошлари – қизилбошлар томонидан эгалланганини сира ҳам қабул қила олмасдилар. Барча қайғу ва ғамга ботганди, улар орасида саросима ва қатъиятсизлик ҳукм сурарди. Дашти Қипчоққа қараб бутунлай кетишни ҳам ёки барча кучларни сафарбар қилиб, Моварауннаҳрни қайтариб олишни ҳам билмасдилар. Барча ўзбек султонлари Туркистон даштидаги бир қанча истеҳкомларга ўрнашиб олиб, ўз қўшини ва уруғ-аймоқлари билан даштга туташган қалъаларда яшарди. Улардан бири Шайбонийхоннинг жияни Убайдулла султон эди. У, афтидан, Сирдарёнинг чап қирғоғида жойлашган Аркук истеҳкомига жойлашганди. Убайдулла султон қатъий равишда темурийга [Бобурга] ва унинг иттифоқдошларига қарши юриш қилишга қарор қилса, Шайбонийлар оиласининг катта ва кичик аъзолари унга ҳамдард бўлиши, унга зарур ёрдам кўрсатиши шубҳа остида эди. Очиғини айтганда у қариндошлари ва уруғ-аймоқларидан ҳеч ким Моварауннаҳрга юриш қилишни истамаслигини биларди, негаки улар султон Бобурнинг кўп сонли қўшинидан хавфсирарди, ҳаммада Бобурнинг иттифоқдоши шоҳ Исмоил I катта таассурот қолдирганди, унинг “зафарлар раҳномаси”, “ғалабалар отаси” бўлмиш Шайбонийхон устидан ҳайратда қоларли ғалабаси ҳали ҳамманинг хотирасида эди.

Диний туйғуларга берилган Убайдулла Сирдарёдан кечиб ўтиб, XI асрда яшаган ўрта осиёлик машҳур суфий Хожа Аҳмад Яссавий мозори томон йўл олди. У ерга етиб бориб, унинг қабрига таъзим қилди. Шундан сўнг у ўзининг энг ҳурматли ва ёши улуғ қариндошлари ҳамда яқинлари билан кенгаш ўтказди. Бироқ у душманга қарши уруш қилиш нияти ҳақида ўз яқинлари билан ўртоқлашганида ушбу кенгашда қатнашган ўзбек хонлари ва султонларидан ҳеч ким “гарчи уларда қурол-яроғ бўлса-да”, у билан сафарга чиқиш истагини билдирмади. У ердаги барча Убайдулла султоннинг таклифига қўшилиш у ёқда турсин, унинг сўзларини қаттиқ таажжуб билан қарши олдилар, уни пичинг ва таъна-маломатларга кўмиб юбордилар. Бунда туркий халқларнинг каттага итоат қилиш анъанаси яққол намоён бўлди. Убайдулла султоннинг барча қон-қариндошлари унга қуйидаги сўзларни айтдилар:

“Ўзбек уруғларининг раҳнамолари ва сардорлари бўлмиш ёши улуғ ва нуфузга эга қариндошларинг ҳаётлик чоғида сен таклиф қилаётган буюк иш фақат кўпни кўрган мўйсафид ҳамда буюк инсонларга муносибдир. Сенга ўхшаш ёш бола ва гўдакларга эса рўёбга чиқмайдиган бундай ташаббусни таклиф қилиш ҳамда бу билан кибрланиш калтафаҳмликдир. Сен аввало катталар нимани буюрса, шуни қилишинг ва сендан сўралмагунига қадар ўз фикрингни билдирмаслигинг керак. Биз қизилбошлар билан урушиш ҳақида сендан ҳам кўпроқ бош қотирмоқдамиз ва бунга қарор қилсак, сени ҳам таклиф этамиз. Вақти келганда душманга қарши биргаликда ҳаракат қилиш ҳақида маслаҳатлашамиз”.

“Убайдуллахон, – Рузбехоннинг сўзларига қараганда, – у жазм қилган урушда ўз амаки ва акалари ёрдамига умид қилмай, худди шунингдек ҳеч бир бошқа махлуқотга сажда қилмай, Оллоҳнинг марҳаматига мурожаат қилди”. 918 йилнинг 20 муҳаррамида [1512 йил 7 апрелда] у Яссавий шаҳрига қайтди ва шайх Хожа Аҳмад мақбарасида эҳтиросли дуо ўқиди, бошлаган ишида ёрдам сўради, кўп сонли душманга қарши урушда зафар қучмоқликни тилади. Убайдулла Оллоҳ унга душман устидан ғалаба инъом этгудек бўлса, “у бутун ҳаёти давомида илоҳий қонун [шариат] амрини ҳеч ҳам бузмаслиги ҳамда барча иш ва ҳаракатларини шаръий қонунга мувофиқ бажо келтириши ҳақида” тантанавор ваъда берди. “У парвардигорни ҳамда пайғамбарлар, авлиёлар ва суфийлар руҳини гувоҳликка чақирди”.

Вамбери таъкидлаганидек, “Убайдулла Шайбоний ишини қайтадан бошлаши лозим эди. Боз устига бу ўзбеклар орасида жипслик туйғуси йўқолган бир вақтга тўғри келди”.

Убайдулла таваккал қилиб Сирдарёни кечиб ўтди, Бухорога юриш қилишга ният қилди. У ўзига ҳамроҳ бўлган амирлар ва аслзода ўзбекларга қарата деди:

“Бизни ҳақорат қилишлари ва менсимасликлари заифлигимиздан ва бошқаларнинг бизга ҳурматсизлигидан далолатдир. Иснодда яшагандан ўлим афзал! Тақдирнинг бевафолиги туфайли бутун бошли давлат барча бойликлари билан ўзбек юрти бўлмай қолди. Биз учун ҳаёт шундай давом этаверса, ўзимиз ҳам омон қолишимиз даргумондир. Жонимизни ва танамизни ҳали куч ва ирода тарк этмаган экан, бизнинг давлатимиз ҳамда мулкимизни эгаллаб олган динимиз душманларига мардонавор ҳужум қилайлик, токи бизнинг мисли кўрилмаган довюраклигимиз ва ботирлигимиз халқ хотирасида афсона бўлиб жой олсин. Бўлғуси жангда мен билан бирга жанг қилмоқчи бўлган ҳар ким ўлимга шай бўлиши лозим ҳамда ўз уйи ва оиласи билан хайрлашиб, душманга қарши ҳаёт-мамот жангга отланиши, боши ҳақида эмас, балки оёқлари ҳақида ўйлаши керак, токи уларнинг оёқлари фақат олға қадам ташласин. Кимки бунга амал қилишни истамаса, уйида қолсин!”.

Бунинг натижасида Убайдулла ўзига ҳамда отаси Маҳмуд султонга хизмат қилган суяги қотган жангчи ва қўмондонлардан иборат жами беш минглик отлиқ аскар тўплашга муваффақ бўлди. Уларнинг барчаси қатъиятли ва довюрак инсонлар эди. Барча танасида жон бор экан душман билан жанг қилишдан тўхтамасликка ва бор куч-қудратини душманни қириб ташлашга қаратишга, бошини хон етаклаган йўлга қўйишга аҳд қилди. Ушбу қўшин билан 1512 йил апрель-май ойларида Убайдулла султон Тўрткуй йўли бўйлаб юришга чиқди. Бир неча кундан сўнг у Ғиждувонга етди. У ерда XI асрда яшаган бухоролик машҳур суфий шайх Абдулҳолиқ мақбарасига ҳурмат қилиб бош эгди ва ундан бўлғуси жангда мадад сўради. Шу ердан Убайдулла Бухоро шаҳри томон отланди.

Бобур томонидан Бухорога тайинланган ҳоким шаҳар деворлари ортига ўрнашиб олди. Бир зумда ўзбеклар келаётганлиги ҳақидаги хабар Самарқандга ҳам етиб борди. Айғоқчилар ўзбеклар жуда кам сонлилиги ва Бухорога шунчаки талон-торож қилгани келганлиги ҳамда уларни осонгина қўлга тушириш мумкинлиги ҳақида хабар қилгач, султон Бобур дарҳол барча ўз аскарларини тўплашга буйруқ берди. Қисқа вақт ичида турк-қизилбошлар, чиғатойлар, мўғуллар ҳамда бадахшонликлардан ташкил топган 80 минг чавандоз Бобур туғи остида бирлашди. Бобур бир нечтагина ўзбекларни осонгина тор-мор қилишга ишончи комил бўлганча Самарқандни тарк этди. Бобур ўзбеклар уларга қарши катта қўшин келаётганлигидан хабар топгач, дарҳол чекинишига амин эди.

Бобур келаётганидан хабар топгач, Убайдулла Бухоро қамалини тўхтатди ва Хайрабод туманига отланди. Бухоронинг Бобур тайинлаган ҳокими ўзбекларнинг шаҳар атрофини тарк этаётганини кўриб, улар шунчаки қочиб кетаяпти деб тахмин қилди. У Бобурга шундай мазмунда мактуб жўнатди, унга тезроқ етиб келишни тавсия қилди, акс ҳолда ўзбеклар Хоразм дашти (яъни Қизилқум) орқали ўзларининг Дашти Қипчоғига равона бўлиши ва шу тариқа муқаррар қирғиндан омон қолиши мумкинлигини айтди. Бу хабар султон Бобурни тезлашишга ундади ва Кўли Малик (Шоҳлар кўли) қирғоғида у Убайдулла султон қўшинини қувиб етди. Бу вақтга келиб Бобурнинг ихтиёрида 50 минглик тиш-тирноғигача қуролланган қўшин бор эди, Убайдулла эса 3 мингдан кўп бўлмаган отлиқ аскарга эга эди. Шу аскарлар билан Убайдулла душманини довюраклик билан қарши олди. Бобур қўшини ўзбек аскарларининг жуда озлигини кўргач, ўзбекларни ҳар тарафдан ўраб олиб, уларни қуршовдан чиқармасликка ҳаракат қилди. Шу лаҳзада ўзбеклар ёппасига қириб ташланишига барчанинг ишончи комил эди. Ўзбеклар эса душман уларни қуршовга олмоқчилигини сезиб, дарҳол учга бўлиндилар. Шиддатли жанг чоғида “чиғатойлар” қўшини сафида парокандалик кузатилди, сафлар тартибсиз ҳаракатлана бошлади. Бундан Убайдулла қўшининг иккинчи қисми фойдаланиб, Бобур қанотига ташланди ҳамда ўзбекча ҳарбий усулда чиғатойларнинг орқа тарафидан бостириб кириб, шиддатли жанг қилди ва кўпчиликни қириб ташлади. Охир-оқибат барчаси султон Бобур учун фожеали якун топди, унинг қўшини батамом мағлубиятга учради ва Рузбехоннинг таъбири билан айтганда “шамол домига тушган тикилмаган дафтар варақлари сингари” тартибсиз равишда чекина бошлади. Бобурнинг ўзи Бухорога қочди ва кечки пайт пойтахтга етиб келиб, тунни аркда ўтказди, эрта тонгда эса тезюрар кучли туяга миниб тезда Самарқандга йўл олди. У ерда Бобур бир кундан ортиқ қолмади, ўз оила аъзоларини олиб, Ҳисорга қараб жўнаб кетди. Чиғатойлар ва уларнинг иттифоқдошлари устидан қозонилган ғалабадан кейин Убайдулла Бухорони олди, “мусулмонликни тиклади ва шиалик қолдиғини йўқ қилди”.

Фавқулодда мисли кўрилмаган ҳодиса, яъни 50 минглик Бобур қўшинининг 3 минглик ўзбек аскарлари томонидан тор-мор этилиши Бобур қароргоҳидаги тарихчининг худди шундай таърифи билан ҳам тасдиқланади. Бобурнинг амакиваччаси Мирза Ҳайдар ўз мемуарларида подшоҳ Бобур билан Моварауннаҳрда бошидан ўтказган ҳаётини ёдга олаётиб, қуйидагиларни қайд этади: “Убайдуллахон ихтиёрида 3 минг киши, подшоҳимда эса 40 минг киши бор эди. Қаттиқ жанг бўлди, унда шоҳ буткул мағлубиятга учради. Бу воқеа 918 йилнинг сафар ойида [1512 йилнинг апрел-май ойларида] бўлди. Бобур мирзо Самарқандда олти ой шоҳлик қилди. Мағлубиятдан кейин у шаҳарга қайтиб, тахту-тожни ушлаб тура олмади ва Ҳисорга жўнаб кетди”.

Қандай сабабларга кўра жуда оз сонли ўзбек аскарлари ўзларидан 10-15 марта кўп бўлган ёв қўшинини тамомила тор-мор қилганини айтиш мушкул, боз устига ҳеч бир томон ихтиёрида ўқотар қурол бўлмаган, жанг тиғли қурол билан отлар иштирокида олиб борилган. Бобур катта қўшинга лаёқатсизлик билан қўмондонлик қилгани бунга сабаб бўлдимикан? Ёхуд Зарафшон қирғоғида Шайбонийхондан мағлубиятга учрагандан сўнг Бобурнинг хотирасида муҳрланиб қолган ўзбекларнинг “тулғама” каби бирор-бир ўзига хос жанг усули бунда роль ўйнадими? Ёки Бобур қўшини турли услубда жанг қиладиган бошқа-бошқа халқлардан ташкил топгани ҳамда ички ҳамжиҳатлик ва жипслик йўқлиги туфайли ҳарбий жиҳатдан мутлақо яроқсиз эдими? Бобурнинг бундай мислсиз мағлубияти сабаблари ҳақида ўша давр манбалари ҳеч бир маълумот қолдирмаган. Эҳтимол бу мағлубиятда Бобурнинг тақдирига иттифоқчи бўлиб битган яна ўша аҳдидан қайтувчи, бетайин ва жанг қилишга бардошсиз мўғуллар асосий роль ўйнагандир ва аксинча Бобурнинг уруғдошлари бўлмиш турк-чиғатойлар унинг қўшини таркибида сон жиҳатидан озчиликни ташкил қилгандир. Боз устига сунний мазҳабига мансуб бўлган мўғуллар, чиғатойлар ва бадахшонликлар жанг вақтида Бобурнинг манфур турк-қизилбош иттифоқдошларини қандай қилиб қўллаб-қувватлагани бизга қоронғу. Балки улар ўз ёнларида шоҳ Исмоилнинг қизилбошларидан кўра ўзбекларни кўришни маъқул кўргандирлар.

Мирза Ҳайдарнинг ёдномаларида ва унга асосланган XVI асрда ўзбеклар даврида яшаган Маҳмуд ибн Вали асарида ўзбекларнинг Моварауннаҳр томон ҳаракатланиши бироз бошқача тасвирланган. 917 йилнинг ражаб ойида [1511 йилнинг сентябрь-октябрь ойларида] султон Бобур Самарқанд тахтига ўтиргач, унинг бидъатчи қизилбошлар билан иттифоқ тузиши ва яқин истиқболда шоҳ Исмоилга бўйсунмоқчи бўлгани боис халқнинг умиди пучга чиққан. Гўё пойтахтнинг барча аъёнлари ва оддий халқ қизилбошлардан кўра, ўзбеклар ҳокимияти остида яшаган маъқул деб ҳисобларди. Шу сабабли Туркистондаги ўзбек хонларига Самарқандни келгиндилардан озод қилиш учун тезда етиб келишлари сўралиб мактуб юборилди. Халқ ўзбеклар байроғи шаҳар атрофида кўринган заҳоти чиғатойлар ва уларнинг иттифоқдошларига қарши исён кўтаришни ҳамда уларни шаҳардан қувиб чиқаришни, сўнгра пойтахтни ўзбек хонларининг вакилига топширишни ваъда қилди.

1511-12 йилнинг қиш фасли тугаб, майса униб чиқаётган, қуёш эса қиздира бошлаган кезда ўзбеклар Туркистондан Моварауннаҳр томон отландилар ва Бобурнинг амир Аҳмад Қосим “кухбур” (тоғ кесувчи) исмли ноиби томонидан бошқарилаётган кучли ҳимояланган Тошкент шаҳрига етиб келдилар. Бу ердан ўзбек хонлари чиғатойлар ва уларнинг иттифоқчилари – қизилбошлар қўшинининг аҳволи ҳамда режалари тўғрисида маълумот олиб келиш учун Убайдулла султонни уч минглик сара аскар билан Бухорого жўнатдилар. Ўзлари эса Тошкентни қуршаб олишга ва Тошкент вилоятини “чиғатойлардан” тозалашга қарор қилдилар. Бобур Тошкентга ўзбеклар келаётанини эшитиб, амир Аҳмад Қосимга ўзининг бир қанча амирлари билан бирга қўшимча куч юборди, ўзи эса 40 минглик қўшин билан Бухорога қараб келаётган Убайдулла султонга қарши отланди. Юқорида таърифланган маълубиятидан сўнг султон Бобур мирзо Самарқанддаги мавқеини сақлаб қола олмади ва олти ойгина Моварауннаҳр подшоҳи бўлганидан сўнг шаҳарни тарк этди.

***

Бобурнинг ўзбеклардан мағлубиятга учрагани ҳақидаги хабар эронлик катта нуфузга эга амалдор Нажми Сонийни хавотирга солиб қўйди. У давлат ишида ва ҳарбий масалаларда катта тажриба ва билимга эга инсон сифатида донг таратганди, шоҳ Исмоилнинг тўлиқ ишончини қозонганди. Шоҳ унга ўз номидан муҳим давлат ишларини ҳал қилиш ваколатини берганди.

Нажми Соний қўшин билан Амударёнинг бу қирғоғига қўнганини эшитган ўзбек султонлари шу ондаёқ барча дон ғарамларини ўз қалъаларида тўплашга ва уларни мустаҳкамлашга шошилдилар. Афтидан, ўзбек хонлари ва султонларининг ҳеч бири Моварауннаҳрни тарк этиб Туркистонга кетиш ҳақида ўйламасди. Бобур қўшинининг қақшатқич мағлубиятга учраши барчани руҳлантириб юборганди ва қизилбошларни енгилмайдиган куч деб тасаввур қилиш сусайганди.

Ўзининг Эрондаги энг юқори мансабидан ва бойлигидан кибрланган амир Нажми Моварауннаҳрни забт этиб, ўзбекларни у ердан қувиб чиқаришига ишончи комил эди. Қизилбошлар ва чиғатойлар кучлари Қарши шаҳри томон йўл олди. Убайдулла султоннинг она тарафдан тоғаси бўлмиш Шайҳим мирза Қарши шаҳри ҳукмдори эди ва у иттифоқчиларга кескин қаршилик кўрсатди. Шаҳар босиб олинди (1512 й.), Шайҳим мирза ва унинг итоатида бўлган шахслар қатл этилди ва амир Нажми Қарши шаҳрининг барча аҳолисини ёшу-қарисини аямай битта қўймай қириб ташлашга буйруқ берди. Гарчи қизилбошларнинг Ғиёсиддин Муҳаммад каби айрим амирлари амир Нажмидан бегуноҳларнинг қонидан ўтишни сўраган бўлса-да, амир уларга қулоқ солмади ва Қарши шаҳрининг мудофаачилари ва оддий аҳолисини, қарийб 15 минг кишини қатл эттирди. Ҳалок бўлганлар орасида сарой шоири ва Шайбонийхон тарихчиси Биноий ҳам бор эди. Айтишларича, душманлардан қутилишга ҳаракат қилаётиб, Биноий ҳалок бўлгунига қадар уйнинг томига чиқиб олган ва душманга қуйидаги сўзларни айтиб ғишт отган:

Мадад мехохам аз султон-и ‘арши,
Ҳамин санг аст пушт-и бом-и Қарши,

яъни

Сўрайман мадад Арши аъло султонидан,
(ҳозирча эса) Қаршининг шу ғишти тўсиқдир душмандан”.

Хасан Румлу Қаршининг Нажми Соний томонидан олиниши ҳақида қуйидаги воқеани айтиб берди. Қаршилик саййидлар шаҳар аҳолиси оммавий қирғин қилинаётган вақт ўз оилалари билан шаҳарнинг жоме масжидига бекиниб олиб, амир Муҳаммад Юсуфга мактуб йўллайдилар. Мактубда улар Алининг авлоди саййидлар эканлиги, қизилбошлар эса Алини юракдан севишини билиши ва шу боис уларга раҳм-шафқат кўрсатилишига умид боғлаётганлигини маълум қиладилар. Амир Муҳаммад Нажми Соний ҳузурига бориб, қаршилик саййидларнинг илтимосини унга етказади ва ўзи ҳам уларни омон қолдиришни сўрайди. Бироқ “у ярамас шундай деди: “бизнинг ғозийлар бирор-бир ўлкани босиб олганларида у ердаги каттаю-кичикни ким саййид, ким саййидмаслигига қараб ўтирмай ўлдирадилар”. Ва қизилбош ҳарбийлар бу “бузуқ жоҳилнинг” сўзларини эшитгач, Қаршининг жоме масжидига бостириб кирдилар ва барча саййидларни оила аъзолари билан бирга шафқатсиз қириб ташладилар.

Герман Вамберининг хабар беришича, Нажми Сонийнинг бундай қилмиши Бобурнинг олижаноб юрагини ғазаб билан тўлдириб юборди (гарчи Қарши қўмондони Убайдуллахоннинг тоғаваччаси бўлса-да, Бобурнинг виждонли қалби эронликлар ашаддий душманининг яқин қариндоши билан қилган ишини қабул қила олмади). Бобур Моварауннаҳрни қайтариб олиш умидидан воз кечиб, эронликлар билан тузилган битимни бузди ҳамда сафавийларнинг такаббур қўмондонига Бухорога ёлғиз ўзи бориши мумкинлигини айтди.

***

Воқеаларнинг кейинги ривожини баён қилишдан аввал Бобур Самарқандни тарк этиб Ҳисорга кетганидан кейин ўзбеклар билан бўлган воқеаларга қайтсак. Ўзбекларга хайрихоҳ бўлган манбаларга кўра, Бобурнинг Кўл Маликдаги мағлубияти ҳақидаги хабар Бухоро ҳудудига овоза бўлгач, пойтахт аъёнлари шоша-пиша ғолиб Убайдулла султонни совғалар ва ҳар хил ҳадялар билан кутиб олдилар ҳамда уни ажойиб ғалаба билан табрикладилар. Меҳрибон кайфиятда бўлиб турган Убайдулла бухороликларнинг ўзбекларга нисбатан кўп марта намоён бўлган носамимийлиги ва хиёнаткорлигини уларга рўкач қилмади ҳамда шаҳар аҳолисидан ўч олишга ва уни жазолашга интилмади, балки “барчага адолат ва эзгулик даргоҳидан паноҳ берди”.

Султон Бобур Самарқандни тарк этиб, Ҳисорга жўнаб кетганини эшитгач, Убайдулла султон кўнгли кўтарилганча Бухородан тезда Самарқанга отланди.

Султон Иброҳим Убайдуллага шаҳар аҳолисининг илтимосномасини тақдим этди ва энг гўзал ибораларни қўллаб, самарқандликларнинг аввалги ҳаракатлари учун уларнинг ҳам бир қошиқ қонидан ўтишини сўради. Убайдулла шундай бўлса-да Самарқанд аҳлини иккиюзламаликда айблаб таъна қилди. Убайдулла шаҳарга яқинлашгач эса пойтахтнинг барча аслзода ҳамда раҳбарлари уни бой ва катта совғалар билан қарши олдилар, Моварауннаҳрнинг подшоҳи сифатида унинг номи билан хутба ўқишга ва танга зарб қилишга рухсат беришини сўрай кетдилар. Убайдуллахон Чингизхоннинг Яса қонунига, яъни ҳокимият жиловини ўз уруғининг ёши улуғ аъзосига бериш одатига хилоф равишда хон унвонини қабул қилишга мажбур бўлди. Бироқ тез орада Суюнчихоннинг акаси кекса Кучкунчихон (Кучумхон) Моварауннаҳрнинг ва шу тариқа бутун ўзбекларнинг хони этиб эълон қилинди. Бироқ юксак хон унвонидан ташқари аслини олганда ҳақиқий ҳокимият унинг қўлида эмасди, чунки барча энг муҳим давлат ишлари учун Убайдуллахоннинг рухсати керак эди (Убайдулла ҳам Бобурни Кўл Маликда тор-мор қилганидан сўнг хон деб номланаверди). Унинг рухсати билан ўзбек феодал султонларига ер-мулклар бўлиб берилди. Афтидан, шу лаҳзада уларда ўз душманларига қарши умумий режа пайдо бўлди.

Нажми Сонийнинг кучлари Бухоро томон ҳаракатланаётганини эшитгач, Кучкунчихон Темур султон ва ўз ўғли Абу Саид султонни қўшин билан Убайдуллахонга жўнатди. Амир Нажми Соний ўзбек султонларининг бир қисми Бухорода, бошқа қисми эса Ғиждувонда мустаҳкам ўрнашиб олганини эшитиб, Балх ҳукмдори Байрамбек “караманлу” раҳбарлиги остида Ғиждувонга 10 минглик қўшин юборди, ўзи эса бошқа кучлари билан бирга Бухорога отланди. Ўзбеклар душманнинг орқа тарафидан бостириб кириб, ёвга шу қадар шиддат билан зарба бердилар-ки, душман бир жойга муқим ўрнашиб ола билмади ҳамда тартибсиз ҳолга келган ва ҳар хил томонга силжиб кетган сафларини мақбул ҳолатга келтира олмади, “охир-оқибат турк-қизилбошлар қақшатқич мағлубиятга учради”. Айниқса Қарши қатли омидан омон қолган қаршиликлар қизилбошлардан қаттиқ уч олдилар. Бу қасос ўзбеклар ва тожикларни бирлаштирди деб ўйлаш мумкин.

Амир Нажми Соний ва унинг барча зобитлари ҳалок бўлди. Амир Нажми асирга олиниб, Убайдуллахон ҳузурига олиб борилди. Хон уни ўлдиришни буюрди. Ўзбекларнинг таъқибига учраган кўплаб қизилбош ғозийлари Амударёга ғарқ бўлди. Ўз амакиваччаси Бобурга ҳамроҳ бўлган Мирза Ҳайдар эътиқодли сунний сифатида уларнинг умумий ташаббуси барбод бўлган бўлса-да, қуйидагича манмуздор хитоб қилди: “амир Нажми ва барча туркман амирлари [ўзбеклар туфайли] жаҳаннам ўтига ва дўзахга равона бўлди”. Ўзбеклар Нажми Сонийдек катта амалдор қароргоҳида сақланган олтин ва қумуш буюмлар, қимматбаҳо тошлар, матолар, кўйлаклар ҳамда бошқа буюмлардан иборат беҳисоб ўлжани қўлга киритди.

Шуниси қизиқки, бу воқеа ҳақида кейинги асрларда ёзиб қолдирган форс тарихчилари бу мағлубиятни алам билан тилга олганлар ва енгилмас деб ном қозонган шоҳ Исмоилнинг шуҳратига путур етказган Нажми Сонийни айблашга уринганлар.

XVI асрнинг биринчи чорагида яшаган Зайнуддин Васифий ўзининг “Бада‘и ул-Вака‘и” ёдномасида ҳам қизилбошларнинг Ғиждувондаги мағлубияти ҳақида сўзлаб берган. Унинг сўзларига кўра, 1512 йил май ойининг иккинчи ярмида амир Нажми Соний 80 минглик қизилбошлар билан Амударёни кечиб ўтди.

У Самарқандни босиб олиб, шаҳарни таг-туги билан йўқ қилиб юборишини, шаҳар ўрнини шудгор қилиб, у ерга полиз эканлари экдиришини ҳамда униб чиққан тарвуз ва қовунларни Эрон шоҳига ҳадя этишини, шундан сўнг эса Хитойга юриш қилишини мақтаниб юргани ҳақидаги хабар Самарқандга етиб келди. Самарқанд аҳли бундан даҳшатга тушди ва шаҳарда ваҳима бошланди.

Қизилбошлар Самарқандни қамал қилганларида Убайдуллахон ва Жонибек султон Карманада эдилар. Кучкинжихон ва Темур султон эса бошқа ўзбек шаҳзодалари билан бирга Миянкалда жойлашгандилар.

Шу вақт Туркистондан Сайрамда яшовчи халқда катта обрў-эътибор қозонган саййид, Мир Араб тахаллусига эга амир Абдулла Бухорога етиб келди. Убайдуллахоннинг эсанкираб қолганини ва изтироб чекаётганини кўриб, Мир Араб унга таскин беришга ҳаракат қилди, лекин Убайдулла шундай деди: “ҳожам, душман қўшини 80 мингдан ортиқ, бизнинг кучларимиздан анча катта”. Бироқ Мир Араб гап қўшин сонида эмас, балки Яратганнинг мададида ва ҳарбий жасоратдадир деб жавоб берди.

Ушбу суҳбат чоғида Қарши шаҳри қизилбошлар томонидан босиб олингани ва шаҳар аҳолиси ёппасига қириб ташлангани ҳақида хабар етиб келди. Буни эшитган Убайдулла бундай ваҳшийликдан нафратланиб йиғлаб юборди. Мир Араб унга далда бериб, унга от миниб, душманга қарши қўшинни етаклаб боришни маслаҳат берди. Ўзи эса Жонибек султонни Убайдуллахонга қўшилишга ундаш учун унинг ҳузурига отланди, бироқ унинг қўшинини пароканда ҳолатда ҳар қаёққа тарқаб кетаётган ҳолда учратди. Мир Араб Жонибекка қуйидагича танбеҳ берди: “Ботир ва мард бўла туриб қочишдан бошқа нарсани ўйламаётганингдан уялмайсанми? Ёши ўғлингга тенг келадиган Убайдхон [Убайдуллахон] Оллоҳ марҳаматига умид боғлаб буткул бошқача иш тутмоқда. Муҳаммад эътиқоди ва унинг аҳли учун жонини бериш қандай мардликдир!”. Ва шундай сўзлар билан Жонибекни қизилбошлар билан курашда иштирок этишга ундади.

1512 йилнинг 20 август куни қизилбошлар Ғиждувонни ҳар тарафдан ўраб олиб, уни қамал қила бошладилар. Ғиждувон драмасининг гувоҳи бўлган амир Юсуфнинг ўғли амир Муҳаммад ушбу воқеанинг хотимаси ҳақида Васифийга сўзлаб берди. Амир Муҳаммад Султон Хусайн мирзо ва Шайбонийхон даврида Хуросоннинг машҳур нақибларидан ва олимларидан бири эди. Шоҳ Исмоил замонида у шиа мазҳабини қабул қилиб, унинг ҳузурида катта унвонга эга бўлди. Темур султон кейин уни Хуросондан Самарқандга жўнатганида у Васифийга қуйидагиларни сўзлаб берди.

У вақтда шахмат ва нарда ўйнайдиган Дўсти ва Бэрначэ исмли икки нафар моҳир ўйинчи бор эди. Амир Нажми Соний уларни қўйиб юбормасди, чунки улар шахмат ўйнаётиб ақлли гаплар, ашулалар айтарди ва Нажми Сонийни ҳар хил кулгули қилиқлар билан овутарди. Ҳал қилувчи кунда улар Нажми Сонийнинг олдида ўйнаб, қўшиқ айтиб ўтирарди. Бир вақт улар Васифийнинг, яъни бизнинг мемуаристнинг шеърларини хиргойи қилиб қолдилар. Амир Нажми амир Муҳаммадга мурожаат қилиб сўради: “Васифий ким? Бу кимса Хуросонда авлиёлар мақбарасини зиёрат қилувчилар ҳақида ажойиб баёнот ёзган киши эмасми? Мен уни узоқ вақт Хуросондан изладим, бироқ топа олмагандим. Бундай чиройли шеърлар ва ажойиб баёнотлар ёзса, демак у жуда истеъдодли инсон”. Амир Муҳаммад ҳам Васифийни ва унинг истеъдодини кўкка кўтариб мақтай кетди. Ва Васифий ҳозир Самарқандда, ўзбеклар ҳузурида эканлигини Нажми Соний билгач, дарҳол амир Муҳаммадга Васифий ортидан одам юборишни ва уни ҳузурига келтиришни буюрди, чунки Нажми Соний Самарқандни босиб олгандан кейин амалга оширмоқчи бўлган оммавий қирғинда Васифийдек юксак қобилиятли инсон ҳалок бўлишига йўл қўймаслик лозим эди.

Шу топда кутилмаганда ҳар томондан шовқин-сурон, ҳайқириқ ва ҳарбий карнайларнинг овози эшитилди. Бу ўзбекларнинг ҳужуми эди. Амир Нажми шундай буйруқ берди: “менга Убайдни тириклайин келтиринг ва мен уни шоҳга жўнатаман, қолган ўзбеклар билан эса хоҳлаган ишингизни қилинг!”. Бироқ у келтирилган отга миниши билан ўзбеклар бостириб кирдилар ва уни отдан туширдилар, бошини танасидан жудо қилиб, найзага санчиб юқори кўтардилар.

Эронлик тарихчи Хасан Румлу эса Нажми Сонийнинг ҳатто Амударёда пайдо бўлиши сабабини ҳам бутунлай бошқача баён қилиб берганди (у Нажми Сонийни кўпинча илтифотсизлик билан шунчаки Нажмбек деб атаган).

Нажми Соний Ғиждувонни қамал қилди. Темур султон ва Абу Саид султон қалъадан қизилбош ғозийлар билан жанг қилиш учун лашкар юборди. Қизилбошлар мардонавор жанг қилиб, шиддатли тўқнашувдан кейин ўзбекларни чекинишга мажбур қилди. Қизилбошлар ва қалъадан чиққан ўзбеклар ўртасидаги бундай қизғин жанглар Нажми Соний қароргоҳида озиқ-овқат тугаб қолгунига қадар давом этди. Ҳолбуки қиш яқинлашиб келаётганди. Бобур қишда Ғиждувон қамалидан воз кечишни ва Қаршига чекинишни, у ерда қишни ўтказишни маслаҳат берди. Бунга қадар Балх вилоятидан нон ва бошқа ғамлаб қўйилган нарсалар олиб келтирилар эди. Бобур “Қиш тугаб, ўзбекларда озиқ-овқат етишмай қолганда биз янги ва катта кучлар билан улар эгаллаб турган туман ва шаҳарларга юриш қиламиз” деди. Бироқ Нажми Соний бу режани қабул қилмади ва эртагаёқ ўзбеклар билан ҳал қилувчи жангга киришажаклигини айтди.

917 йил рамазон ойининг якшанба куни [1511 йил 24 ноябрь куни] эрта тонгда Ғиждувонни ўраб турган дарахтлар ортидан ўзбеклар отряди кўзга ташланди. Гап шундаки, Бухорода Нажми Сонийнинг Ғиждувон деворлари остидаги ишлари юришмаётганидан хабар топгач, Убайдулла ва Жонибек қизилбошлар билан жанг қилишга қарор қилдилар ҳамда отлиқ ва пиёда аскарлардан иборат қўшин тўплаб, катта қадамлар билан Ғиждувонга юриш қилдилар. У ерда уларга Темур султон ва Абу Саид султон қўшинлари келиб қўшилди. Улар барчаси бирлашиб, амир Нажми Сонийнинг ўзбеклар билан катта жанг қилиш ниятидан руҳланиб ва ташаббусни ўз қўлларига олиб, қизилбошларга қарши отландилар. Бунга қадар қизилбошларнинг бош қўмондони ўз амирлари билан жанжаллашиб қолади (тарихчининг сўзлари билан айтганда “улар амир Нажми Сонийга душманлик кайфиятида бўлганликлари учун”) ва ушбу амирлар “шу заҳотиёқ” ўз қисмлари билан Нажми Соний қўшинидан ажраладилар ва Хуросонга кетиб қоладилар. Шу тариқа Нажми Соний ва Байрамбек ўзбекларни кам сонли кучлар билан қарши олишга мажбур бўлади. Бўлиб ўтган жангда қизилбошлар тор-мор этилади. Амир Нажми Соний асир олиниб, Убайдуллахон ҳузурига олиб келтирилади ва қатл этилади.

Қизилбошлар ва султон Бобурнинг Ғиждувон остидаги мағлубияти тафсилотларининг бир-бирига ўхшамайдиган талқинлари шундан иборат. Бу ҳикоялар турли даврларда ва турли мамлакатларда ёзилган, бироқ қизилбошларнинг, афтидан, яхши қуролланган ва ботир жангчилари тор-мор этилгани шак-шубҳасиздир.

***

Султон Бобур Ҳисорга чекинди ва бу ерда ўзининг виждонсиз ҳамда тутуруқсиз иттифоқдошлари бўлмиш мўғуллардан хўрланиш ва таҳкирланиш аламини татиб кўришига тўғри келди. Мўғуллар ҳамда Бобур ўртасида низо келиб чиқди, бу низо оқибатида мўғул амирлари тунларнинг бирида Бобурга ҳужум қилди. Шоҳ ярим-яланғоч ҳолда ҳалокатдан зўрға қутилиб, катта қийинчилик билан Ҳисорга етиб борди ва қалъа деворлари ортига бекинди. Бобурнинг чиғатойлардан иборат ўз кучлари, афтидан, жуда оз бўлган ва мўғулларга қарши зарба бера олмаган ва шу сабабли Бобур ўзининг содиқ амирларига Ҳисор шаҳрини қўриқлашни топшириб, Амударёга, Қундузга йўл олган. Энди Ҳисор қалъасидан ташқари бутун Ҳисор мўғуллар қўлига ўтди. Оқибатда Ҳисорнинг 40 минглик аҳолисидан атига 2 минг киши тирик қолди, қолган барча мўғулларнинг қиличидан ёхуд очликдан нобуд бўлди. Ушбу бахтсиз кишиларнинг аёллари ва болалари мўғулларнинг ўлжасига айланди ва ҳаётини даҳшатли азоб-уқубатда ўтказди.

Юқорида тилга олинганидек, 1512 йилнинг баҳорида Туркистон даштларидан Моварауннаҳрга отланган ўзбеклар Тошкентга етиб келдилар. Қалъага эса Бобурнинг Тошкентдаги ноиби Аҳмад Қосим муқим ўрнашиб олганди. Шундан сўнг Аҳмад Қосим Андижонга чекиниб, у ерда бироз вақт мўғул Султон Саидхон ҳимояси остида вақт ўтказди, сўнгра Қаратегин орқали Ҳисорга етиб келди ва Бобур қароргоҳидаги зобитларга қўшилди.

Ҳисорда мўғуллар аҳолини деярли қириб юбориб, тирик қолганларнинг бор-йўғини талаб бўлгач, охир-оқибат ўзлари ҳам озиқ-овқатсиз қолдилар, уларни куч-қувват тарк этди, парокандалик кайфияти ҳукм сура бошлади. Буни билган Убайдуллахон қиш фаслининг охирида уларга қарши Ҳисорга юриш бошлади. Мўғуллар ўз аҳволининг мушкуллигини англаган ҳолда нима қилишни билмай қолдилар. Шунча кўнгилсизликдан кейин Бобурнинг ҳузурига бориш имконсиз эди. Мўғуллар раҳнамоси Султон Саидхоннинг олдига, Андижонга боришга эса у билан муносабатлар яхши эмаслиги ҳамда Фарғонага олиб борадиган йўл ва довонни қор босганлиги тўсиқ бўлаётган эди. Шу сабабли мўғуллар Сурхоб-Вахш тоғларида мустаҳкам ўрнашиб олишга қарор қилдилар. Убайдуллахон мўғуллар қўним топган жойга етиб келиб, нима қилиш ҳақида ўйлаётган вақтда кутилмаганда ҳаво очилди ва қуёш нур сочиб қиздира бошлади ҳамда кечгача тоғлардаги барча қорни эритиб юборди. Шу тариқа тоғ дараларига йўл очилди. Ўзбеклар ишни чўзиб ўтирмадилар, мўғулларга ҳамла қилиб, уларни тўзғитиб юбордилар. Уларнинг катта қисми ўзбеклар қиличидан ҳалок бўлди, қолган қисми асир олинди. Ўрта аср тарихчисининг сўзларига кўра, мўғулларнинг Ҳисор аҳолисига қилган барча зулми учун Убайдуллахон томонидан ўч олинди. Ўлимдан ва асирга тушишдан қутилиб қолган мўғуллар Андижондаги Султон Саидхон олдига қочдилар. Ҳисорни ўзига бўйсундиргач, Убайдуллахон уни бошқаришни Бобур билан жангда ҳалок бўлган Ҳамза султон ва Меҳди султонларнинг ўғилларига топширди ва ўзи Бухорога қайтди.

Тошкентни эгаллаб олган Суюнчихон чиғатойлар ва қизилбошларга қарши курашнинг умумий режасига мувофиқ катта қўшин билан Фарғона водийсига – Андижонда ўрнашиб олган мўғулларга қарши отланди. Мўғуллар йўлбошчиси Султон Саидхон бундан хабар топгач, ўз ихтиёрида бўлган кучларни сафарбар қилиб ўзбекларга қарши юриш қилди. Пскентда икки рақиб тўқнашди. Қаттиқ жангда Султон Саидхон мардлик кўрсатди, бироқ унинг қўшини тор-мор этилди, ўзи эса Андижонга чекинди. Бу вақтда ўзбеклар чиғатойларга қизилбошлардан ёрдам келаётганлигидан хабар топдилар. Бундан ташқари, шимолдан қозоқлар хавф солаётганди. Натижада Суюнчихон Фарғонадаги мўғулларга қарши ҳарбий юришларини тўхтатди ва шимолдан келган хавфлироқ ёвнинг зарбасини қайтариш чораларини кўрди.

Баҳор ойи бошида Сайрам ҳукмдори Каттабек ўз мулозимини қозоқ хони Қосимга юбориб, ундан Сайрамни ўзбеклардан озод қилишни сўради. У турли усулларни ишга солиб Қосимхонни ўзбекларга қарши юриш қилишга кўндирди. Қосимхон катта қўшин билан Суюнчихон эгаллаб турган Тошкентга юриш қилди. Суюнчихон шаҳарга маҳкам ўрнашиб олди. Бироқ Қосимхон Тошкентни қамал қилмай, атрофдаги туманларни талон-тарож қилиш билан чекланиб, даштга қайтиб кетди ва Сайрам атрофига ўрнашди, чорваси учун атрофдаги яйловдан фойдаланди. Ўзбеклар бу ерни тарк этиб бўлганди.

Суюнчихон ўз ер-мулки Қосимхон томонидан талон-тарож қилинганидан кейин тинчланиб олиб, Андижонга қайтадан юриш бошлади. Ўзбекларнинг Фарғонага қараб келаётганлиги ҳақидаги хабар Саидхонга етиб боргач, барча амирлар кенгаш ўтказиб, юзага келган вазиятни ҳар тарафлама муҳокама қилдилар. Саййид-Мухаммад мирзанинг хабар беришича, мўғуллар “ўзбеклар кўплиги туфайли мағлубиятга учрашимиз муқаррар” деган хулосага келди. Бир овоздан қабул қилинган қарор натижасида 1514 йилнинг апрель-май ойларида Суюнчихон Фарғона вилояти чегараларига етиб бормай туриб, Мирза Саидхон ўз мўғуллари билан Андижондан чиқиб Қашғарга жўнаб кетди. Мирза Ҳайдар ўз ёдномаларида мўғуллар қандай мулоҳаза билан Фарғонани тарк этишга қарор қилганини таърифлаб берган. Унинг талқинидаги бу ҳодиса мўғулларнинг ўзига хос психологияга эга бўлганлигини яна бир бор тасдиқлайди. Энди Суюнчихонга Андижонни эгаллаш учун ҳеч нарса ҳалақит бермасди. У шаҳар бошқарувини икки нафар ўғлига топшириб, ўзи Тошкентга қайтиб келди. Шу тариқа Фарғона, Тошкент ва Туркистон қалъалари ва ер-мулки билан Шайбоний оиласидан чиққан ўзбек хонлари ва султонлари ихтиёрига ўтди.

***

Бироқ шу ерда ҳикояни тўхтатиб турамиз. Бобур иттифоқдошлари – эронлик туркларнинг мағлубиятидан сўнг Моварауннаҳрнинг бошқа жойларида воқеалар қандай ривожланганини кузатамиз. Бобур ва унинг иттифоқдошларининг Ғиждувондаги мағлубиятидан сўнг Жонибек султон тор-мор этилган қизилбошларнинг қолдиқларини таъқиб қилиб, Хуросонга бостириб кирди. Убайдуллахон ҳам унинг ортидан Хуросонга отланди. Душман қалъалари ва қўрғонларини забт этиб, Ҳиротга келиб уни қамал қилдилар. Бироқ тез орада Жонибек ва Убайдуллахон ўртасида катта келишмовчилик келиб чиқди. Натиждада аччиқланган Жонибек ўз қўшини билан Балхга қайтиб кетди, Убайдулла эса Ҳирот қамалини тўхтатиб, Марвга отланди. Унга у ерда Шайбонийхоннинг ўғли Темур султон келиб қўшилди ва Убайдуллани Моварауннаҳрга қайтмай, бирга Машҳад шаҳрига юриш қилишга кўндирди. Машҳад ўзбеклар томонидан қамал қилинди ва забт этилди. Темур султон дарҳол Ҳиротга йўл олди ва у ерга етиб бориб, ўзини хон деб хутба ўқишга ва танга зарб қилишга мажбур қилди. Бироқ у атиги қирқ кун хонлик қилди, чунки шоҳ Исмоилнинг ўз турклари билан бирга келаётганлиги ҳақида Ҳиротда тарқалган хабар Темур султонни қаттиқ хавотирга солди. Убайдуллахон ўзбеклар Хуросонда қийин аҳволда қолганини эшитиб Машҳадни тарк этишга шошилди. У шаҳар ва шаҳар атрофидаги туманлардаги кўплаб аҳолини (уларни қулга айлантириш ёки бошқа ўлкаларга бориб сотиш учун) ўзи билан бирга асир қилиб олиб кетди ва Бухорога қайтиб келди.

БОБУРНИНГ ЎРТА ОСИЁНИ ТАРК ЭТИШИ

Ўзбекларнинг мўғуллар устидан қозонган ғалабаси ҳақидаги хабар султон Бобурга етиб боргач, Бобур Моварауннаҳрни қайтариб олиш фикридан узил-кесил воз кечди ва Қобулга йўл олди. Энди султон Бобур учун бошқа мамлакатни бўйсундиришга уриниш вақти келганди. Бироқ у ўзининг бундай режаси ҳақида узоқ вақт ўйлади. Афтидан, ўзбеклар билан курашда мулоҳазасиз қабул қилинган қарорлардан ва шошқалоқ хатти-ҳаракатлардан олинган аччиқ сабоқлар унга фойда бўлган.

Бобурнинг ўзи бу ҳақда “Бобурнома”да шундай деб ёзади:

“Ўзбеклар аввал Темур авлодига тобе бўлган барча ерларни эгаллаб олди. У ерда қолган турклар ва чиғатойлар кимдир ўз фойдасини кўзлаб, кимдир эса ноиложликдан ўзбекларга қўшилди. Мен [бир ўзим] Қобулда қолдим. Ёв анча кучли, биз эса жуда заифмиз. Сулҳ тузишга умид йўқ, қаршилик кўрсатишга эса имкон йўқ. Бундай кучли ва қудратли рақибдан олисда ўзимиз учун макон топмоғимиз даркор. Ҳали вақт ва имконият бор экан бундай қудратли ва даҳшатли ёвдан узоққа кетмоқ зарур. Ёки Бадахшонга ёхуд Ҳиндистонга отланиш керак. Ушбу мамлакатларнинг қайси бирига боришни ҳал қилиш лозим. Бироқ мен ва айрим менга яқин беклар Ҳиндистонга кетишни маъқул топдилар”.

Деярли 18 йил давомида Қобулда жим ҳаёт кечириш Ҳиндистонни забт этишдек буюк режага тайёргарлик кўриш учун сарфланди. 1526 йилда қадимги Панипата текислигида бу режани рўёбга чиқариш учун пойдевор қўйилди. Бу ерда қизғин жангда чиғатойлар Деҳли султони Иҳроҳим II Лодийни (1517–1526) қақшатқич мағлубиятга учратдилар. Ҳиндистонда “Буюк мўғуллар” империяси даври бошланди. Бу империя ўзбеклар эгаллаган Ўрта Осиёда доим “Чиғатойлар салтанати” дея тилга олинган.

***

Ўзбекларга чиғатойлар, мўғуллар, қозоқлар ва эронлик қизилбошлар ҳеч бир хавф солмай қўйгандан кейин кекса Суюнчихон Шайбонихон авлодининг энг каттаси сифатида анчадан бери ўй-хаёлини эгаллаган фикрни амалга оширишга, яъни бидъатчи шиалар билан уруш қилишга қарор қилди.

1524 йилнинг баҳорида у катта қўшин билан Хуросонга юриш қилишга қарор берди. Бухорога келгач, барча ўзбек шаҳзодалари ва амирлари Убайдуллахон бошчилигида анча зобитлар билан бирга уни қарши олдилар. Шайбонийхоннинг ўлими учун шиалардан ўч олиш мазкур юришнинг бош сабаби бўлгани боис уларнинг барчаси Суюнчихонга унинг бу ниятини амалга оширишда ҳар томонлама ёрдам беришга шайлигини билдирдилар ҳамда зудлик билан ушбу юришга ҳозирлик кўришга киришдилар. Чихил-Духтарон чегарасига етгач, у ерга қароргоҳ қурдилар. Балхдан қизилбошлар ҳақида ахборот тўплаш учун жўнатилган ўзбек жосуслари шоҳ Исмоилнинг вафотидан сўнг тахтни эгаллаган унинг ўғли шаҳзода Тахмасп ўзбеклар босқинидан хавотирга тушиб, улар билан Ҳиротда очиқ жанг қилмоқчи эканлигини етказдилар. Шу туфайли Суюнчихон Ҳиротга юриш қилишга шошилди, бироқ айрим ўзбек султонлари бебошлик қилдилар ва Хуросон пойтахтига бирга эмас, балки алоҳида-алоҳида бўлиб бордилар ҳамда Боғи Муроддаги хон қароргоҳидан нарироқда жойлашдилар. Эртаси куни ўзбеклар ва уларга қарши чиққан Тахмасп қўшини ўртасида шиддатли жанг бўлди. Ғалаба ўзбеклар томонига оғаётган эди, бироқ бояги ўзбек султонлари хонга ёрдам кўрсатиш ўрнига кутилмаганда хон қароргоҳининг ортидан қўзғалдилар ва барчаси Амударёга, Моварауннаҳрга қараб отландилар. Суюнчихон мағлубиятга учради ва Хуросонни тарк этишга мажбур бўлди.

Суюнчихон 1526 йилнинг баҳорида вафот этгач, ўзбек лашкарбошилари ва оқсоқолларининг кенгаши Абулхайрхоннинг невараси, шаҳзода Жонибек султонни тахт вориси этиб сайлади. Жонибек султон ақл-заковатли ва қобилиятли шахс эди, мўғуллар ва шоҳ Исмоил I турклари билан муваффақиятли ҳамда мардона жанг қилганди. Унинг ихтиёрига Кармана ва Фарғона берилди. Жонибек султон барча ўзбекларнинг олий хони сифатида 9 йил ҳукм сурди, вақтининг кўп қисмини Қуръон мутолаа қилиш, суфий шайхларининг қиссаларини тинглаш, диншунос олим ва тасаввуфчилар билан мулоқот қилиш билан ўтказди.

Ёши улуғлиги туфайли ўзбек давлатининг катта раҳнамосига айланган Улуғбекнинг невараси бўлмиш Кучкинчихон мулойим табиати туфайли яқиндагина юзага келган ва маҳаллий ўтроқ ҳамда кўчманчи аҳолининг ўзбеклар билан бирлашиши оғир кечаётган Ўзбеклар давлатининг хони бўлишга ярамас эди, бунинг устига ўзбеклар ва турк сафавийлар ўртасидаги уруш ҳали тўхтамаган эди. Кучкунчихон ёки халқ тили билан айтганда Кучумхон ювош ва саховатли инсон эди, кўпроқ эътиқод ва тақво билан машғул эди.

1530 йилда Кункинчихон вафот этгач ва унинг ўғли Абу Саидхон қисқа вақт ҳукмронлик қилгач (1530-1533 йй.) ўзбек қавмлари раҳбарлари ҳамда Шайбон уйининг оқсоқоллари Убайдуллахонни барча ўзбекларнинг олий хони деб эълон қилдилар. Энди темурийлар ва уларнинг қудратли иттифоқдошлари – қизилбошлар ҳамда мўғуллар билан кечган кескин курашлардан сўнг, маҳаллий ўтроқ ва кўчманчи аҳолини хонавайрон қилган Моварауннаҳр ҳудудидаги урушлардан кейин Ўзбеклар давлатида муайян даражада барқарорлик ҳукм сура бошлади, бу эса шу ерлик қадимги туркий қавмларнинг ўзбек уруғлари билан бирлашишига, маҳаллий эронийларнинг турклашишига замин яратди. Мамлакатни бошқараётган турли қўшин ва маъмурият раҳбарлари сифатида ҳукмрон ўзбек қатламининг шаҳарларга кўчиб ўтиши ҳамда Моварауннаҳр вилоятларининг айрим ўзбек қавмларининг “юртига” айланиши бу жараёнга кўмаклашди.

Аслини олганда туркийлар ўртасида Ўрта Осиё тарихидаги энг сўнгги, ҳажми бўйича улкан ва ҳудудларнинг кенглиги бўйича мисли кўрилмаган кўп йиллик уруш энди якунланганди. Хитой чегараларидан тортиб Қора денгизгача, Ҳиндистондан Сирдарёгача ҳудудни ўз ичига олган мазкур шиддатли жангда шимолдаги ўзбеклардан бошлаб жануби-ғарбдаги озар туркларигача бўлган туркий халқларнинг деярли барча энг асосий вакиллари иштирок этди.

Шуниси қизиқки, биз баён қилиб берган туркийлар ўртасидаги ушбу шиддатли ўзаро кураш жараёнида ҳукмрон юқори қатламнинг ўз келиб чиқишини Чингизхон шахсига боғлаш йўли билан умумтуркий-мўғул бирдамликнинг ҳис этилиши ва уруғ-аймоқлар ўртасидаги ришталарнинг умумтуркий негизи ўзаро нафрат ҳамда уруш кайфиятидан устун турарди. Ушбу урушнинг бош қаҳрамонлари бир-бирлари билан қариндошлик ришталари билан боғланган эди.

Жумладан, барча ўзбекларнинг олий хони Абулхайрхоннинг ўғиллари Суюнчихон ва Кучкунчихон темурий Улуғбекнинг неваралари эди, негаки, уларнинг онаси Робия-бегим ушбу олим подшоҳнинг [Улуғбекнинг] қизи эди.

Султон Бобурнинг онаси Қутлуғ Нигорхонум Мўғулистоннинг машҳур хони Юнусхоннинг иккинчи қизи эди. Юнусхон эса Чингизхоннинг ўғли Чиғатойнинг наслидан эди. Шундай қилиб, Бобур Султон Аҳмадхоннинг [Алачахоннинг] жияни ва Қашғарда хонлик қилган Султон Саидхоннинг тоғаваччаси ҳам эди.

Тошкентда ҳукмронлик қилган ва даставвал Шайбонийхоннинг содиқ иттифоқдоши бўлган мўғул хони Султон Маҳмудхон султон Бобурнинг тоғаси бўлган, чунки у Бобурнинг юқорида тилга олинган онаси Қутлуғ Нигорхонумнинг акаси эди.

Қутлуғ Нигорхонумнинг синглиси эса Шайбонийхонга турмушга чиққанди. Шайбонийхон шу тариқа Жўчи [Олтин Ўрда] ва Чиғатой [Моварауннаҳр, Қашғар] улусларини бирлаштирганди. Сўнгра Шайбонийхон султон Бобурнинг синглиси Хонзодабегимга ҳам уйланганди. Ушбу никоҳдан туғилган Ҳуррамшоҳ кейинчалик Балхнинг ўзбек ҳукмдори бўлган ва султон Бобурнинг туғишган жияни бўлган.

Султон Бобурнинг иккинчи холаси Рукия Султонбегим (Қоракўз) юқорида тилга олинган Ҳамза султоннинг ўғли – Ҳисор ҳукмдори Абдуллатифга турмушга чиққанди. Рукия Султонбегим сўнгра юқорида тилга олинган Жонибек султон билан турмуш қурганди. Шу каби кўплаб бошқа никоҳ ва шу орқали қариндошлик ришталари ўрнатилганди, бу ришталар бир-бири билан аёвсиз курашган ўзбек, темурий-чиғатой ва мўғул раҳнамоларини боғлаб ташлаганди.

Мазкур никоҳлардан катта насл қолгани турган гап. Уларнинг томирида барча ушбу учта халқнинг қони оққан.

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here